Ҳаёти фильмларида акс этган режиссёр

Уруш йиллари. Тақдир тақозоси билан ёш Шуҳратнинг оиласи Қўқондан Қашқадарёнинг Муборак туманига кўчиб келади. Буни қарангки, болакай 11 ёшида отасидан етим қолади. Шу кундан бошлаб, у тирикчилик важида подачилик қилади, бозорда арава тортади.

Кунларнинг бирида совхозга фронтдан бир эшелон ярадорлар келади. Шуҳрат уларга сут, қатиқ таший бошлайди. Бир куни ҳамшира аёл уни тўхтатиб, ярадорларнинг кўнглини кўтариш мақсадида пьеса қўйилаётганини, эркаклар йўқлиги сабаб Шуҳратдан ярадор аскар образини ўйнаб беришни илтимос қилади. Бир неча кунлик тайёргарликдан сўнг пьеса томошабинларга намойиш этилади. Шуҳрат ўз ролига шунчалик берилиб кетадики, ярадор аскарлардан бири алам устида унинг бошига қўлтиқ таёғи билан туширади. Чунки ҳали соғайиб, уйга қайтиш умидида юрган аскар унинг ижросидан қаттиқ изтиробга тушган эди…

Ушбу воқеа буюк режиссёр Шуҳрат Аббосов ҳаётидан бир парча бўлиб, бу кейинчалик унинг машҳур “Катта урушдаги кичик одам” фильмида ўз ифодасини топган. Қолаверса, режиссёр ушбу хотирани санъат йўлини танлашига туртки бўлган воқеа сифатида ҳам ёдга олади.

Москвада ўқиб юрган кезлари Шуҳрат Аббосов америкалик ёзувчи Уильям Сарояннинг асари асосида “Филиппинлик ва маст” номли фильмни суратга олади. Кўп ўтмай, Москвага ташриф буюрган ёзувчи ушбу фильмни томоша қилади ва “Известия” газетаси орқали ўша вақтда Тошкентда ишлаб юрган Шуҳрат Аббосовга очиқ хат йўллайди. Хатнинг мазмуни эса қуйидагича эди:

“Ҳурматли жаноб Аббосов, сиз бугун ушбу қисқа фильмингиз билан менинг Голливуддаги дўстларимнинг сўқир кўзларини очиб бердингиз. Уильям Сароянь асарлари киноматографияга мос эканлигини исботладингиз”.

Мана шу жумлалардан Шуҳрат Аббосов ижодининг илк йилларидаёқ, омма эътиборига тушганини англаш мумкин.

Шунингдек, таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ҳам “Туркистон халқларининг маданий тарихида муҳим ўрин тутган кино санъати XX асрнинг иккинчи ярмидагина тўла шаклланиб улгурди. Лекин шунга қарамай, бизда жаҳон киноси даражасидаги классиклар пайдо бўлди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Аббосовни тилга олиш мумкин”, – дея режиссёрнинг ижодини эътироф этган.

– Отам раҳматли ўз касбини жону дилидан севарди, – дейди унинг ўғли, режиссёр Нозим Аббосов. – Бир гапни доим шогирдларига уқтириб келган: “режиссёрликка ўқитиб бўлмайди. Қачонки инсоннинг ўзи уққан бўлса, шунда ундан режиссёр чиқиши мумкин. Режиссёр ижодни, ижод жараёнини севиши керак. Барча қийинчиликлардан қўрқмасдан, ўша жараёнга кириб келиши керак. Виждонини, бутун вужудини мана шу жараёнга бағишлаши лозим. Яна кино санъатига моддий манфаатни аралаштириб бўлмайди. Бундай ҳолда у ишлаган фильм кўнгилдагидек чиқмайди”. Бу ўгитларни ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида ҳеч қачон унутмайман.

Яна ўқинг:  Ақлли соат

Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби Шуҳрат Аббосов суратга олган фильмларнинг кўпчилиги ўзбек кино санъатининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олди, миллий кино санъатимизни жаҳонга танитди. Унинг фильмлари, кино қаҳрамонлари, уларнинг гап-сўзлари онгу шууримизга шу даражада сингиб кетганки, инсон қайси ёшда бўлишидан қатъий назар бир кўришдаёқ, эшитгандаёқ хотирасида муҳрланади.

Биз бугун Шуҳрат Аббосовнинг ҳаёт йўлига, ижодига бироз бўлсада тўхталиб ўтдик, холос.

Режиссёрнинг охирати обод бўлсин!

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: