Инсон хотирада барҳаёт яшайди

Алломаларимиз бу дунёни икки эшик ораси, дея таърифлашади. Одамзот бир эшикдан киради-ю иккинчисидан чиқиб кетади. Бу фоний оламга қачон келишини, қачон кетишини, икки эшик ўртасида қанча умргузоронлик қилишини билмайди.

Инсон босиб ўтган изларига назар ташлаб, ундан хулосалар чиқариб яшайди. Маълум довонга етганида эса қилган эзгу ва хайрли ишларини сарҳисоб қилади.

Яқинда курсдошим Холмурод Алланазаров “Курсдошлар курсдошлар ҳақида” деган китоб ёзсак, деган ташаббус билан ёнимга келди. Унинг таклифидан бошим осмонга етди. Қайси курсдошлар ҳақида кимлар ёзиши кераклигини ўзаро келишиб олдик. Шахсан ўзим боқий дунёга кетган ўн бир киши ҳақидаги ширин хотираларимни қоғозга туширишни қалбимга тугиб қўйдим. Уларнинг ҳар бири бу дунёда ўзига хос ва мос йўлни босиб ўтди.

Ана шундай курсдошларимиздан бири Шаҳриёр Латипов (охирати обод бўлсин) зиёли оилада камол топган, маданиятли инсон эди. Бир куни курсимиз етакчиси Намоз ака Саъдуллаев “Раъно ижарага уй излаётгандингиз, сизга бир жойни тавсия қиламан”, деб қолди. У пайтда акам оиласи билан Тошкентга кўчиб келган, илмий иш қилиш арафасида эди. Шаҳриёрнинг ота-онаси Сирдарёда туришар, университет орқасидаги “Профессорлар” шаҳарчасида мўъжазгина, сердарахт ҳовлиси бор эди. У ерда курсдошим укаси билан бирга яшарди.

Шаҳриёрнинг онаси билан учрашдик. Баланд бўйли, шарқ маликаларидек гўзал аёл бизни хушкайфият билан кутиб олди. “Ўғлимнинг ўқишларига ёрдамлашсангиз бўлди, ижара ҳаққи ҳам керак эмас” деди. Биз акамнинг оиласи билан бирга ўша уйга кўчиб ўтдик. Шартлашганимиздек, мен Шаҳриёрга дарсларни ўзлаштиришда ёрдам бера бошладим. У ёш боладек қалби тоза, бир гапириб ўн куладиган самимий, оқ кўнгил йигит эди. Мен уни Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асаридаги орзулари сероб болакай ва унинг бобоси Мўмин чолга ўхшатардим. Дарҳақиқат, у Мўмин чолдек қалбида кири йўқ мўмин-қобил йигит эди. Дарс тайёрлашни ёқтирмасада, қизғин суҳбатларни хуш кўрарди.

Рус адабиётидан имтиҳонга қаттиқ тайёргарлик кўраётган кунларимиз эди. Бир куни “Раъно шу мавзуни жуда яхши билади”, деб уйга кўпгина курсдошларни йиғиб келибди. Уларнинг барига рус адабиётидан ўқиган китобларимнинг мазмунини қисқача изоҳлаб бердим. Имтиҳон куни ҳаммамиз синовлардан муваффақиятли ўтдик.

Курсдошлар бу ҳовлида тез-тез жам бўлардик. Биздан қуйидаги курсда ўқийдиган ўшлик Салтанат, Ёрқул курсдошимизга турмушга чиққан ўшлик Раъно, биздан бир йил олдин ўқиган бухоролик Ваҳобга турмушга чиққан Муаззам меҳмонга келиб туришарди. Ҳовлида хушманзара, сердарахт боғча бор эди. У ерда тушган суратларимизни ҳозир ҳам томоша қилиб тураман. Шаҳриёрнинг онаси Фотима ая ҳам тез-тез келиб турар, биз билан узоқ суҳбатлашиб ўтирарди. Жуда суҳбатижон аёл эди, раҳматли онахон.

Шаҳриёр машҳур зарбдор тракторчи Тамара исмли қизни ёқтириб, у билан тақдирини боғлади. Ўзидан яхши из, яхши ном қолдирди. Фарзандлар кўрди. Кейинчалик унинг турмуш ўртоғи ўқитувчилик касбини танлади. Ўзи эса туғилиб ўсган туманининг маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этди…

Яна бир курсдошимиз Ғулом Акрамов эса журналистикани тугатиб, фольклоршунослик соҳасини танлади. Илмий изланишлар олиб борди. Газета-журналларда халқ оғзаки ижодига оид кўплаб мақолалар чоп этди.

Бир куни турмуш ўртоғим Намоз ака уйга келиб: “энди бир ҳафта суюқ овқат пишириб турасиз. Ғуломжон ёнимиздаги касалхонада ётган экан, йўқлаб борамиз”, деб қолди.

Беморни кўргани тез-тез бориб турдик. Ўшанда курсдошимиз халқ оғзаки ижодини хуш кўришини, бу соҳанинг етук билимдони эканлигини яна бир бор ҳис қилганман. Танлаган соҳасининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш орзусида эканлигини билдик. У ниятига етди. Филология йўналишида фан номзоди бўлди. Кўплаб илмий мақолалар ёзди. Қисқа умри давомида халқ оғзаки ижодига оид рисола ва китоблар чоп этишга улгурди. Илоҳим, Ғуломжоннинг охирати обод бўлсин!

Курсдошимиз андижонлик Иброҳим Сотиболдиев турмуш ўртоғи билан Тошкентда танишди. У қиз фармацевтика институтида ўқиб юрарди. Уларнинг тўйига бора олмаганман-у, лекин Намоз ака қатнашган эди. Иброҳим ўқишни тугатиб, ўз юртига ишга кетди. Дастлабки йилларда оиласи билан уйимизга келиб туришарди. Бу оила сайр-у саёҳатни хуш кўрарди. Гоҳида Ялта, гоҳида Москвага саёҳатга боришарди. У пайтларда мен ёш болаларим билан декрет таътилида уйда ўтирардим. Уларнинг саъй-ҳаракатларига, интилишларига ҳавасим келарди. Ўз фаолиятини вилоят газетасида оддий мухбирликдан бошлаган Иброҳим журналистика пиллапояларини аста-секин босиб ўтди. Кейинчалик бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, вилоят телерадиокомпаниясининг раиси лавозимларида хизмат қилди…

Ўрол Ўтаев билан “Ўзбекистон” телевидениесида бир вақтда иш бошлаганмиз. У “Бадиий кўрсатувлар” таҳририятида, мен эса “Тарғибот” таҳририятида фаолият юритардик. Ўрол тезкор ишлашни ёқтирадиган, бировга сўз берса, албатта, устидан чиқишга интиладиган журналист эди. У Матёқуб Қўшчонов раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борган, газета-журналларда илмий мақолалари тез-тез чиқиб турарди. Курсдошим телевидениеда оддий муҳаррирликдан, бўлим мудири, бош таҳририят раҳбари ва телевидениенинг директори лавозимигача бўлган поғоналарни муваффақиятли босиб ўтди…

Карим Бўронов бир умр “Ўзбекистон” нашриёт матбаа-ижодий уйида ишлаб, нафақага чиқди. Бу унинг сабр-тоқатли эканлиги, касбига меҳрини ифодалаб туради. Курсдошим мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов асарларига муҳаррирлик қиларди. Унинг илми ўткирлиги, билими юксак эканини шу мисолнинг ўзиёқ яққол англатиб туради. Унга ишхонасидан уй берилди, ҳукуматимизнинг қатор орден ва медалларига сазовор бўлди.

Бир куни қизимнинг уйига бораётсам, уни Себзор даҳасида учратиб қолдим. Невараси билан юрган экан.

– Шу ерда тураман, ишхонамиз менга уй берди, – деди қувонч билан. Афсуски, қарилик гаштини сура олмади, нафақага чиққач, оламдан ўтди…

Бахтиёр Неъматов биз билан беш йил ўқиди. У ногиронлик аравачасида ўтирса-да, дарс қолдирмасликка, ҳамма нарсага улгуришга интиларди. Университетни битказганидан кейин Наманган вилоят газетасида ишлади. Мен у билан бошқа учрашмадим. Бироқ, журналистика соҳасида муносиб хизмат қилаётганини курсдошларимдан эшитиб турардим.

Шунингдек, сирдарёлик курсдошимиз Мирзо Ўрозов, Ҳабибулло Шейузоқов, Бухоро вилоят газетасида мухбир бўлиб фаолият юритган Шарофат Ғайбуллаева, Қуйи Чирчиқ туман газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган Дилбар Усмонова ва Абдувосит Валиевларни ҳам ўтган барча курсдош дўстларимиз қатори Яратган ўз раҳматига олсин! Охиратлари обод бўлиб, ётган жойлари нурга тўлсин!

 

Яна ўқинг:  Тупроқдан зар топган олим

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: