Эзгулик макон танламайди

Дунёда халқлар кўп. Уларнинг тили, ирқи ва дини ўзгача. Бир миллатнинг қадрияти бошқа бириникидан фарқ қилади. Аммо, одамийлик, оқибат каби эзгу тушунчалар барча одамларни бирлаштириб туради.

Инсонлар қалбидаги меҳр, ҳамдардлик фазилатларини англаш учун унинг тили ёки динини билиш шарт эмас. Бажараётган амалларида, нурли кўзларида акс этади. Биз билан замондош Маҳбуб Афзал ҳам ўзгаларга эзгулик улашишни ўзининг олий мақсади деб билади.

1992 йил Ҳиндистоннинг Биҳар шаҳрида туғилган Маҳбуб Афзал Деҳли Миллий университетида ўзбек тили мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Шундан сўнг у саломатлик марказларида таржимон бўлиб ишлаган. Юртимиздан борган беморлар, сайёҳлар билан дўстона алоқалар ўрнатган. Маҳбубнинг меҳмондўстлиги, одамохунлиги ўзбекистонлик меҳмонларда илиқ таассурот қолдиради. Унинг таърифини эшитган саёҳатчилар Ҳиндистонга борганида, албатта Маҳбубга қўнғироқ қилишади.

 

– Баъзан ўзбек биродарларим қўнғироқ қилиб, муаммоларини айтишади. Даволаниш учун келган беморлар ўзлари жойлашган меҳмонхонага икки баравар ҳақ тўлаганини, даво учун айтилган маблағдан кўпроқ пул сарфлагани ҳақида ёзғиради. Уларга қўлимдан келгунча ёрдам бераман, – дейди Маҳбуб Афзал.

 

Ана шундай кунларнинг бирида у ўзбекистонлик Нурилла Мирзоев билан танишади.

 

Дўстларим билан даволаниш учун Ҳиндистонга борганман, – дейди Нурилла ака. – Меҳмонхонага жойлашдик. Тушликка яқин меҳмонхонада Маҳбуб билан танишиб қолдим. У ўзбек тилида бемалол суҳбатлашарди. Маҳбубнинг ҳамроҳлигида жуда кўп ишларимизни битирдик. У бизга қўлидан келган барча яхшиликни қилди. Ҳамроҳимиз нафақат самимийлиги, балки виждони пок, ҳалол инсонлиги билан ҳурматимизни қозонди. Биз каби меҳмонлар фирибгарларга учрагани ҳақидаги воқеаларни айтиб берарди. Маҳбуб ўзга юртдан келган дўстларига ёрдам беришни, уларнинг алданмасликларини истарди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, хасталанган инсон даво истаб, бор-будини олиб, узоқ масофадан келса-ю, бир ноинсоф бемордан фойдаланиб, унинг ортидан чўнтак тўлдиришни ўйласа, бемор кимга арз қилсин?! Хуллас, иккимиз яхши ниятда эзгу ишга қўл урдик.

 

“Мақсад аниқ бўлса, манзил бир қадам” деганларидек, икки дўстнинг кўнглидаги эзгу истаклари тез орада амалга ошди. Пойтахтимизда иш бошлаган тиббиёт ваколатхонаси Ҳиндистондаги барча шифохоналар билан ҳамкорлик ўрнатган. Марказ агентлик ёки шунга ўхшаш хусусий ташкилот эмас, балки Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илк тиббий ваколатхона ҳисобланади. Бу ерда ҳинд мутахассислари беморларни кўрикдан ўтказади ёки уларнинг ташхис хулосаларини Ҳиндистонга жўнатади. Жарроҳлик амалиёти зарур бўлган беморлар ушбу мамлакатдаги шифохоналарга тўғридан-тўғри юборилади. Самолётдан тушган беморларни Маҳбуб Афзал кутиб олади ва шифохонага жойлаштиради. Даволанишдан бошлаб, уйга қайтгунига қадар у беморнинг ёнида бўлади.

Яна ўқинг:  Эл корига яраш – бош мақсад

Яна бир қулайлик: беморлар даволанишга боришда ҳеч қандай тўловни амалга оширмайди. Фақат Ҳиндистонда даволаниш учунгина маблағ тўлайди, холос. Қолган барча хизматлар бепул. Беморга зарур бўлган ҳужжатлар ва турур жой хизматлари ваколатхона ҳисобидан.

Ҳиндистонда даволаниб қайтган юртдошларимиз билан суҳбатлашиганимизда, уларнинг чексиз миннатдорлик изҳорларини эшитдик.

 

Хорижда даволаниш кўп маблағ талаб этади, деб ўйлардим, – дейди Санобар Раҳимова. – Бир танишимнинг тавсияси билан тиббиёт ваколатхонасига мурожаат қилдим. Улар менинг ташхис натижаларимни Ҳиндистондаги шифокорларга юборди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, мени даволаниш учун юборди. Жигар хасталиги билан оғриганлигим учун Ҳиндистондаги малакали шифокорлар донорлик йўли билан жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Энг муҳими, ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.

 

Саломатлик – энг катта бойлик. Хулоса ўрнида аллома ал-Хоразмийнинг қуйидаги сўзларини айтиб ўтмоқчиман. У одамларни қуйидаги теоремада ҳисоблайди:

Инсоннинг қалби пок бўлса, унинг баҳоси 1. Агар ташқи кўриниши гўзал бўлса, 10 баҳо. Кийимлари қимматбаҳо бўлса, 100. Уйлари ҳашамдор бўлса, 1000 баҳо берилади. Аммо бошидаги 1 рақами бўлмаса, қолган барча ноллар ҳеч қандай қийматга эга эмас.

Орамизда Маҳбуб Афзал ва Нурилла Мирзоев сингари ўзгалар дардига дармон бўлаётган, оилаларга қувонч улашаётган оқибатли инсонларнинг борлиги учун ҳам ҳаётимиз файзлидир.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: