Кўкламдаги дармонсизликда даво муолажалари

Баҳорнинг “илик узилди” даврида бор куч-қувватини сарфлаган танамиз ҳолдан тояди. Ана шу пайтда организм витаминларга эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж нафақат тананинг умумий ҳолатида, балки ташқи кўринишда ҳам акс этади.

Юзлар кўкиш тусга киради. Кўз атрофи қораяди, тери қуруқшайди. Сочлар синувчан бўлиб, тўкилади ва бўғинларда оғриқ пайдо бўлади.

Витаминлар шундай органик элементларки, одам уларсиз соғлом бўлолмайди. Дармондориларни танамизга турли йўллар билан қабул қиламиз. Улар кундалик таомларда албатта бўлиши керак. Афсуски, биз истеъмол қиладиган ҳамма маҳсулотларда ҳам етарли миқдорда витаминлар бўлади, деб айтолмаймиз. Оқибатда улар ўрнини турли сунъий дори воситалари билан тўлдиришга мажбур бўламиз.

Толиққан организмни тиклаш учун баҳорда қандай витаминларни истеъмол қилиш зарур? Бунинг учун танамизга А, С, Д, Е ҳамда В гуруҳи таркибидаги витаминлар керак. А витамини совуқдан зарарланган терини аслига қайтаришда ёрдам беради. У асосан сабзи, лавлаги, қовоқ, маккажўхори, ўрик, қичитқиўт ва помидорда учрайди. С витамини танамизни турли инфекциялардан ҳимоя қилиб, иммунитетни оширади. Бу элемент карам, шовул, цитрус, ҳўл ва резавор мевалар ҳамда наъматакда бор.

Д витамини қуёш нурлари туфайли вужудга келиб, ушбу дармондори организмда кальцийни ўзлаштиришга ёрдам беради. У тирноқлар, соч ва суяк тўқималарини тиклайди. Бу дармондори жигарда, қизил балиқда, сут маҳсулотларида, балиқ ёғи ва унинг увилдириғида кўп бўлади.

Е витамини ҳолсизланган танамизга куч-қувват беради, томир тизимини яхшилайди. У ўсимлик ёғи, тухум, ўсимлик барглари таркибида учрайди.

В гуруҳи витаминлари организм тўқималарини кислород билан таъминлайди, чарчоқни йўқотади. Асаб тизими фаолияти, тўқималарнинг оқсил моддасини ўзлаштиришини яхшилайди. Бу витамин турли ёрмаларда, хамиртуруш, гўшт, нон, дуккакли ўсимликлар, тухум ҳамда сархил сабзавотларда кўп миқдорда бўлади.

 

Баҳорги дармонсизликни (авитаминоз) бартараф этиш

Ҳайвон ёғларини иложи борича камроқ истеъмол қилиш керак. Таомномадаги гўшт маҳсулотларини зудлик билан кефир, йогурт, ёғли қатиқ, творог, сузма каби егуликлар ҳамда кўкатлар ва редиска билан алмаштириш лозим. Айнан шу маҳсулотлар баҳорда организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини қондира олади. Шунингдек, ўсимлик ёғлари ҳам айни муддао. Чунки танамиз бу пайтда шу ёғга эҳтиёж сезади. Баҳорий салатларга қўшилган зайтун ёғи кучингизга куч қўшади. Кўкатларни лимон шарбати қўшиб ейиш эса иммунитетни мустаҳкамлабгина қолмай, С витамини танқислигига барҳам беради. Яна заҳирада сақланган ўтган йилги резавор мевалар – қорағат, қулупнай, олча, малина ва ўрик ҳам сифатли дармондори ҳисобланади.

Ҳар куни бир ош қошиқ музлатилган резавор ейиш, ундан морс, шарбат тайёрлаш ёки уларни бўтқа, творогга қўшиб тановул қилиш ҳам мақсадга мувофиқ.

Яна организмдаги минерал ва микроэлементлар тақчиллигини йил бўйи бозорларимиздан аримайдиган олма, апельсин, банан билан ҳам тўлдирса бўлади. Аммо, иссиқхонада етиштирилган помидор, бодринглар ҳақида бундай дея олмаймиз. Негаки, улар таркибида соатлаб совуқ сувда ювса ҳам кетмайдиган пестицидлардан бўлак ҳеч қандай витамин топа олмайсиз. Авитаминоздан ҳимоя қилувчи шивит, кашнич, сельдерей, кўкпиёз, саримсоқпиёз, редиска, қичитқиўт, исмалоқ, шовул, беда, ялпиз, матор (“мадор”) каби кўкатларда ҳамда момақаймоқ баргларида нафақат витамин, балки микроэлементлар, яна ёшартирувчи ва антиоксидант самарасини берувчи хлорофилл ҳам бор. Аммо бу шифобахш гиёҳларни саноат ҳудудлари, кўча-кўйлардан анча йироқдаги тоза жойлардагина ўсганларини териш керак.

Яна ўқинг:  Олмали қарсилдоқлар

 

Васила ПЎЛАТОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: