Осиё полвонлари Пуна шаҳрида гиламга чиқади
Жорий йилнинг 22-25 март кунлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида Осиё-Океания кураш конфедерациясининг (КСАО) тақвимидан жой олган нуфузли мусобақа – кураш бўйича Х Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Мусобақалар эркаклар ўртасида 7, аёллар ўртасида 8 вазн тоифасида ўтказилади. Шунингдек, чемпионат доирасида Осиё-Океания кураш конфедерациясининг ижроия қўмитаси мажлиси ва конгресси ташкил этилади. Конгресс кун тартибига конфедерация вице-президентлари ва қўмита раҳбарлари ҳисоботларини тинглаш, янги федерацияларни аъзоликка қабул қилиш, курашни янада ривожлантириш бўйича таклифларни муҳокама қилиш ва бошқа масалалар киритилган. 2017 йил якунига турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган бир гуруҳ спорт вакилларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Кураш бўйича Осиё чемпионатларига шу пайтгача Тошкент, Шаҳрисабз (Ўзбекистон), Деҳли, Керала (Ҳиндистон), Теҳрон, Машҳад (Эрон), Қобул (Афғонистон), Улан-Батор (Мўғулистон), Байрут (Ливан) шаҳарлари мезбонлик қилган.
Осиё Олимпия кенгашининг 2017 йил 20 сентябрдаги Бош Ассамблеясида спортнинг кураш тури жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Индонезияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилган.
Т. ОРТИҚОВА