Сотуви тақиқланган ўйинчоқлар ҳамон бозор расталарида

Яқинда фарзандимга ўйинчоқ сотиб олиш мақсадида пойтахтимиздаги “Ўрикзор” бозорига бордим. Бир-биридан бежирим қўғирчоқлар, кўзни қувнатувчи ўйинчоқлар киши ҳавасини келтиради.

Лекин уларни сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Аҳамиятли жиҳати, бир хил кўринишга эга қўғирчоқларнинг нархи икки хил. Сотувчилардан бунинг сабабини сўрасам, “Мана бу қимматроқ қўғирчоқ Хитойда, арзонроғи эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”, дея жавоб берди.

Интернетдаги аниқ манбаларнинг хабарига кўра, АҚШнинг сифат бўйича назорат ташкилотлари шу пайтга қадар Хитойда ишлаб чиқарилган ўйинчоқлар билан боғлиқ 29 та ишни кўриб чиққан. Улардан бири ўтган йилнинг июлида Хитойнинг жанубида тайёрланган ўйинчоқлар партиясининг ранги ҳаддан зиёд орттирилганлиги боис, қайтариб юборилиши билан боғлиқ эди.

2009 йилнинг августида Америка Қўшма Штатларининг таниқли “Fisher Price” компанияси таркибида яроқсиз материаллар бўлган, номаълум бўёқ билан бўялган 1 миллиондан ортиқ ўйинчоқни ортига қайтариб юборган. Қарангки, бу каби сифатсиз ўйинчоқлар энди бизнинг юртимизга ҳам кириб келмоқда. Нархининг баландлигини айтмайсизми?!

Шундай ўй-хаёллар билан харидда давом этарканман расталарда полимердан ясалган типратиканларни кўриб, ажабландим. Боиси, бу ўйинчоқлар яқинда “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда амалга оширилган текширувда болалар соғлиғи учун хавфли деб топилган эди. Наҳот, бу ўйинчоқлар ҳали ҳам сотувда бўлса? Ёки тартиб бошқа, амал бошқами?

Шахсий кузатувим давомида маълум бўлдики, саратон касаллигини келтириб чиқарувчи ўйинчоқларнинг барчаси бозор расталарида сотилмоқда. Бу маҳсулотларни нафақат “Ўрикзор”, балки пойтахтдаги бошқа бозорларда ҳам учратиш мумкин. Сотувчилардан бунинг сабабини сўраганимизда “Бу бошқа ўйинчоқлар” деб ўзларини четга тортишди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ўрганилган болалар шиқилдоғи, чийилдоқ копток, қўғирчоқлар, ёниб турувчи полимердан ясалган типратикан каби ўйинчоқлар сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи мувофиқлик сертификати ҳамда санитар-эпидемиологик хулосаларсиз сотилаётгани аниқланган. Ушбу маҳсулотлар белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган. Шундай экан, соғлиқ учун хавфли ўйинчоқлар нега расталарни тарк этмаяпти?

 

– Бунга сабаб четдан айланма йўллар орқали юртимизга киритилган маҳсулотлар ноқонуний равишда, тегишли назоратсиз бозор расталарига чиқаётганидадир, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси бош мутахассиси Дилфуза Абдуллаева. – Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ўйинчоқлар албатта, сифат текширувидан ўтказилади. Номувофиқ маҳсулотлар бўлса, дарҳол ишлаб чиқарувчини огоҳлантирамиз ва улар номувофиқликни бартараф этишгандан кейингина маҳсулотларига ижобий хулоса берамиз. Четдан кириб келаётган маҳсулотларни эса буюртмачи томонидан буюртма берилгандагина текшира оламиз. Мана шу ҳолат туфайли кўплаб сифатсиз маҳсулотлар сотувга чиқариляпти. Бу ўйинчоқларни олиб кирган, ишлаб чиқарган ёки уни сотаётганларга нисбатан ҳуқуқий чора кўриш ваколатига эга эмасмиз. Уларни бозор расталаридан олиб ташлаш бўйича ҳуқуқимиз йўқ. Биз масъул ташкилотларга бундай сифатсиз маҳсулотлар ҳақида эслатма берамиз.

 

Яна ўқинг:  Ўтмиш сурати: элга маърифат улашган мутафаккир

Мутахассиснинг сўзларидан хулоса қилиш мумкинки, “бонг” уриб огоҳлантирилаётган сифатсиз ўйинчоқнинг болалар соғлиғига етказиши мумкин бўлган хавфини менсимаслик хунук оқибатларга олиб келади. Бола учун овунчоқ харид қилишда уларнинг кимёвий таркибига эътибор бериш лозим. Масалан, ўйинчоқдан ўткир кимёвий ҳид таралмаслиги керак. Бу эса ишлаб чиқаришда сифатсиз пластмасса ва резиналардан фойдаланилганини англатади. Юмшоқ ўйинчоқлар эса асосан кимёвий-синтетик толалардан тайёрланади. Бу толаларни болалар қийналмасдан ажратиб олади. Ҳатто, таъмини ҳам тотиб кўришади. Оқибатда заҳарли моддалар жигар, меъда-ичак, буйрак йўлларига тушади ва ҳали тўла ривожланмаган бола организмига аста-секин салбий таъсир эта бошлайди. Жумладан, турли тошмалар, шишлар каби аллергик хуружлар кузатилади. Бу турдаги маҳсулотлар, энг аввало, бола руҳиятига ва кўриш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатади. Яроқсиз ўйинчоқлар билан ўйнаш оқибатида болада кўнгил айниши, кўз остининг кўкариши, ланжлик ва бехаловатлик кузатилиши мумкин.

 

Хулоса ўрнида мутахассисларнинг қуйидаги эслатмасини тақдим этамиз.

Ўйинчоқлар харид қилишда, аввало, ушбу маълумотлар билан танишиш зарур:

  • мувофиқлик ва гигиеник сертификатлари;
  • ўйинчоқларда ўзбек тилидаги маркировка-этикетканинг бўлиши;
  • қайси давлатга тегишлилиги;
  • корхона номи;
  • қандай материалдан тайёрланганлиги;
  • неча ёшдагилар учун мўлжалланганлиги;
  • йўриқнома бўйича фойдаланиш тартиб-қоидалари;
  • нархи.
  • Шунингдек, махсус электрон савдо-тижорат сайтларидаги “Интернет магазин”дан ўйинчоқ танлашда эҳтиёткорлик талаб этилади.
  • Ўйинчоқларни танлашда нималарга эътибор қаратиш керак?
  • боланинг ёши ва қизиқишини ҳисобга олиш;
  • матолиларининг тикилишига эътибор бериш;
  • ювганда қулай, ранги ўчмайдиган ёки кетмайдиган бўёқ билан қопланганларини танлаш;
  • ўйинчоқлардаги расмларнинг аниқлиги;
  • пластмасса ўйинчоқлар юмшоқ ва нохуш ҳидга эга бўлмаслиги;
  • юмшоқ ўйинчоқларнинг ички қисми ювиш учун қулай синтефондан бўлиши лозим.
  • Болалар ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли ўйинчоқлар:
  • ўткир ҳидга эга;
  • ранглари ҳаддан ташқари ёрқин ва тўқ тусда бўлган;
  • кимёвий-синтетик толалардан тайёрланган;
  • сифатсиз бириктириб тикилган юмшоқ ўйинчоқлар.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: