Ватан равнақи – қутлуғ саодат

Йиллар йилларни қувиб ўтар экан, ортда қолган нурли излар кўзга тўтиё бўлиб қолаверади. Тарих солномасига зарҳал ҳарфлар билан битилаётган номи тилларда достон бўлган йилларимизнинг залворли қадамлари ўчмасдир. Қўлини кўзларига соябон қилганича ҳув олис кенгликларга боқаётган Сафар бобонинг юзига табассум энади.

Бу йил муборак 90 ёшни қаршилаётган бобо ҳали-ҳануз ҳассага бўй берган эмас. Сабабини сўрасангиз илк саҳарнинг майин елига юз тутганию, тунда эса ой ёнидаги юлдузларга боқиб пешонасидаги ҳалол тер эвазига ўтказган яна бир куни сарҳисобидан шодумонлигига шукроналар айтишию, шу куни бесамар кетмаганида эканлигини айтиб, сизни ҳам меҳнат майдонига етаклайди. Ҳа, ҳар бир ўтган кунингдан кўнглинг тўлишига не етсин. Киндик қони тўкилган ер, шу бир сиқим тупроқ эъзози жон қадар азиз эканлигини бобо набираларига бот-бот такрорлашдан ҳали-ҳануз чарчамайди.

Севикли набираси, баланд-баланд иморатлару иншоотлар чизмасини тайёрлайдиган архитектор Ғуломжон ҳадемай ишдан қайтади. Унинг ваъдасига кўра эртага дам олиш куни бобосини сўлим Тошкентнинг Бўзсув канали қошидаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбонига олиб бормоқчи. Тонг­нинг майин шаббодаси қанот қоққанида бобо-набира йўлга отланишди. Бўзсувнинг шарқироқ сувлари қирғоғига не бир сирларни сўзлаб мавжланади. Бўғзидаги хўрсинишни аста ютган бобо ўтганлар руҳига тиловат қилади. Бобосига қўшилиб Ғуломжон ҳам фотиҳа қўл очади. – Болам Ватан равнақи улуғ саодат, дея бу йўлда жон фидо этганлар умри боқийдир, буни асло унутма таъкидлайди бобо секин бош ирғаб. Сафар бобо Ғуломжонга юртдаги ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишларида камарбаста бўлаётган халқимизга улуғ аждодларимизнинг руҳи мададкорлиги хусусида узоқ гапирди. Ғуломжон эса бундан ғоят таъсирланиб қалбидаги чексиз ҳаяжонидан беихтиёр энтикиб қўяди.

– Мана бу Бўзсув канали устига қурилган ҳайбатли кўприкка қара болам, унинг мустаҳкамлиги халқимиз жипслигига ўхшайди, – таъкидлайди Сафар бобо мамнунлик билан йўлида давом этаркан.

– Тўғри айтдингиз бобожон шаҳримиздаги бундай улкан кўприклар, равон йўллар юртимизда амалга оширилаётган барча эзгу ишларнинг бир бўлаги сифатида бизни шу доруломон кунларга етказган аждодларимизни, диёримизни дунёга танитди, – дея сўзлайди Ғуломжон ҳам қалби ғурурга тўлиб.

– Эҳ-ҳе-е халқ бир бурдадан нон берса тўйдиради… дейди доно халқимиз, эл-улуснинг бирлиги юртнинг ободлиги, ҳамма гап бирликда. Шу ҳур, нурли истиқлол сабаб қадим қадриятларимизни дунёга кўз-кўз қилмоқдамиз, ўзлигимиз тикланди. Тошкент жамолига боқиб кўзинг қувнайди. Шаҳар қиёфаси бутунлай ўзгарди. Унинг кўркига кўрк, ҳуснига ҳусн қўшилди, – дейди бобо. Бобо ва набиранинг мароқли суҳбати узоқ давом этди. Дарҳақиқат, шу доруломон кунлар шукуҳи она Ўзбекистонимиз номи тилларда, элларда достон бўлди. Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ замонавий иморатлар ва иншоотлар қурилишига алоҳида эътибор берилди. Айниқса, кўплаб хал­қаро миқёсдаги йўллар ва кўприкларнинг жаҳон андозаларига мос ҳолда барпо этилгани бунёдкор халқимизнинг маҳоратидан далолат бериб турибди. Бу эзгу ишларнинг кўлами янада кенг, истиқболи эса залворли. Бугун Ўзбекистон автомобиль йўллари орқали юкларнинг қарийиб 85 фоизи, йўловчиларнинг 95 фоиздан ортиғи ташилмоқда.

Яна ўқинг:  BILIM BAHSDA SINALADI

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари тармоғининг умумий узунлиги 183 минг километрдан ортиқдир. Узунлиги 2755 километр бўлган Ўзбекистон миллий автомагистрали ҳам ушбу тармоққа киради.

2013 йил – “Обод турмуш” йилида автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш учун 1.2 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Айни вақтда йўл қурилишида «Катерпиллер», «Виртген», «Либхерр», «Хамм», «Фогеле», «Коматцу», «Като» каби хорижий компанияларнинг замонавий йўл қурилиш машиналари ҳамда ускуналари қўлланилмоқда. Улар ёрдамида асфальт-бетон ва цемент-бетон қопламали йўллар қурилмоқда. Асфальт-бетонли йўлларнинг яроқлилик муддати 6-18 йилни ташкил қилади ва шундан сўнг тўлиқ таъмирлаш ишларини бажариш зарурати туғилади. Цемент-бетонли йўлларнинг яроқлилик муддати эса 16-25 йилни ташкил этади. Йўл қопламасини ҳар олти йилда текшириш ва жорий таъмирлаш талаб этилади. Ўтган йиллар мобайнида қарийиб 4,5 минг километр халқаро ва республика аҳамиятига эга йўл фойдаланишга топширилди ва тўлиқ реконстукция қилинди. 176 кўприк, 20 йўл ўтказгич ва умумий узунлиги 4638 погонметр транспорт чорраҳаси қурилиб таъмирланди. Тошкент–Андижон–Ўш, Тошкент–Самар­қанд–Бухоро, Тошкент–Чимён–Чорвоқ автомобиль йўллари реконструкция қилиниб биринчи тоифага ўтказилди. Самарқанд-Қарши-Термиз ва Бухоро-Нукус-Қўнғирот-Бейнов йўлларида серқатновлик ҳисобга олиниб, улар иккинчи тоифа параметрлари бўйича реконструкция қилинди. Умумий узунлиги 67 километрлик Тошкент халқа автомобиль йўли ишга туширилди. Кўплаб йўл ўтказгичлар ва эстакадаларга эга 6-8 полосали қатнаш қисмини ўз ичига олган 32 километрлик Тошкент кичик халқа йўли ҳам барпо этилди. Мамлакатимизда кўплаб дарёлар узра замонавий кўприклар, йирик аҳоли пунктларини айланиб ўтиш йўллари қурилди. 2011-2015 йилларга мўлжалланган мақсадли дастур асосида халқаро нормалар ва замонавий талабларга кўра умумий узунли 2306 километрлик янги магистрал автомобиль йўллари қурилиши кўзда тутилган. Уларнинг 1410 километри тўрт полосали бўлиб, унинг 474 километри цемент-бетон, қолгани асфальт-бетон билан қопланиши режалаштирилган. Бундан таш­қари асфальт- бетон қопламали икки полосали йўл бунёд этиш ҳам кўзда тутилган. Мазкур магистрал автомобиль йўллари таркибида 1910 погонметр кўприклар ва йўл ўтказгичлар, ҳамда кўплаб транспорт чорраҳалари бунёд этилади.

Қадим-қадимдан илм-фан ва маданият бешиги бўлган Тошкентнинг тарихий жуғрофий харитаси ва қурилишларида хиёбон ва кўчаларида, анҳору ариқларида улар узра қурилган кўприкларда тарих мужассам. Тахтапул дарвозаси ва шу номдаги кўприк ва Кайковус анҳори мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Манбааларда қайд этилишича Тахтапул кўприги (яъни, Ёғоч­кўприк) атрофи карвонлар учун асосий тўхташ ва қўниш жойига айланган.

Яна ўқинг:  Alplar ko‘ksidagi g‘ururdir Vatan

Кейинчалик кўприклар махсус пиширилган ғиштдан дўнг-аркасимон қилиб қурилди. Энди бу кўприклар ўрнига ҳам йирик транспорт кўприклари қурилиши талаб этила бошлади. Мустақиллик туфайли бу иш амалга оширилиб темир бетон қурилмали кўприклар узра тўрт қаторли йўллардан кечаю кундуз автоуловлар бетўхтов қатнаб турибди. Тошкентнинг ободонлаштириш бош режаси асосида йўл-қурилиш хўжалигидаги иш суръати ва ҳажми беқиёс даражада ўсди. Ҳар бир кўприкнинг ўзига хос белгиларига, муҳандислик ва меъморий ечимига эга бўлишига эътибор қаратилди. Бу эса ўз навбатида шаҳарнинг бадиий қиёфаси шаклланишида муҳим аҳамият касб этди.

Тошкентдаги «Кўприкқурилиш» трести, «Ўзавтойўл», «Метро қурилиш», «Шаҳар йўл қурилиш» ҳамда 159-қурилиш трестларининг қўли гул қурувчилари ва йўлсозларининг самарали меҳнатлари туфайли қурилган кўприк ва йўллар сифати замон талабларига мос.

Тошкентнинг кўркига зеб бериб турган Кичик халқа йўли, Мискин, Уста Ширин кўчалари ва Аҳмад Дониш кўчаси кесишмасидаги, Гавҳар кўчаси ва Бунёдкор шоҳ кўчаси кесишмасидаги, Кичик халқа йўли ва Тараққиёт кўчаси кесишмасидаги, Кичик халқа йўли ва Паркент кўчаси кесишмасидаги кўприк-йўллар ҳар томонлама қулайлиги билан ажралиб туради. Ҳамза тумани Ички ишлар бўлими яқинида (Қорасув устидан), Кичик халқа йўлида (Бўзсув устидан) ўтган автомобиль йўл кўприклари замонавий ва кўркам кўринишга эга.

Кўприклар қурилишида мустаҳкамлиги юқори бўлган пўлат, енгил қотишмалар ва бетонлар, парчин михли бирикмалар ўрнида пайванд бирикмалар, туташ темир-бетон кўприк қуришда қисмларга ажратиладиган опалубкалар ва монтаж агрегатлари ишлатила бошланди.

Чирчиқ, Сирдарё, Амударёдан ўтказилган кўприклар, асосан темир-бетондан аркли ва рамали қилиб қурилган.

Ўзбек халқи қадим-қадимдан меъморий обидалар, кўркам иморату иншоотлар бунёд этишда ўзига хос мактаб яратган. Бунёдкор эл фарзандлари куч-ғайрат билан янги марралар сари интилади.

Набираси Ғуломжоннинг янги чизган лойиҳаси ҳақидаги фикрлари Сафар бобони асло бефарқ қолдирмайди. Чунки, унда болажон диёримиз фарзандларининг эртанги куни учун хизмат қиладиган равон йўллар ва кенг кўприкларнинг қурилиши мужассам. Эртанги кун эса бугундан бошланади.

Зеро, Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: «Ҳар қайси инсон Оллоҳ таоло ато этган ноёб қобилият ва истеъдодини аввало ўзи учун, оиласининг, миллати ва халқининг, давлатининг фаровонлиги, бахт-саодати, манфаати учун тўлиқ бахшида этса, бундай жамият шу қадар кучли тараққиётга эришадики, унинг суръат ва самарасини ҳатто тасаввур қилиш ҳам осон эмас».

Яна ўқинг:  Jajji nigohda ulkan tasavvur

Йўллар равон бўлса дил чороғон бўлади. Айни вақтда қадим Шошнинг кўркини намоён этиб турган маҳобатли кўприклар, автомобиль йўли кўприкларидан минглаб автоуловлар тўхтовсиз равишда қатнаб турибди. Яратилган бундай қулайликларнинг барчаси эл-юрт маъмурлиги учун хизмат қилади албатта.

Ҳа, ҳар бир ишга холис баҳони халқ беради. Халқ берган баҳо эса ҳақ баҳодир. Буюк ипак йўлининг чорраҳаларида жойлашган Тошкент бағридаги муҳташам кўприклар, кенг ва равон йўллар унинг эртаси янада улуғворлигидан далолат беради.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: