Спортчиларимизнинг Инчеондаги муваффақияти

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича ўтган IV Осиё ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон спорт делегацияси Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Осиё Олимпия кенгаши шафъелигида ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада қирқ беш мамлакатдан 2400 нафар спортчи 12 спорт тури бўйича баҳс олиб борди. Ўзбекистонлик спортчилар кураш, компьютер ўйинлари, кикбоксинг ва муайтай бўйича ўтказилган баҳсларда 3 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза, жами ўн медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида кучли ўнталикдан жой олди.

Истиқлол йилларида Ўзбекистон дунёга спорти жадал ривожланаётган мамлакат сифатида танилди. ­Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг илк йилларидан баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бераётир.

Ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича IV Осиё ўйинлари дастуридан расман жой олган ўзбек кураши бўйича беллашувлар ўтказилгани қалбимизни фахру ифтихорга тўлдирди. Кураш баҳсларида Ўзбекистон, ­Жанубий Корея, Япония, Хитой Тайпейи, Таиланд, Вьетнам, Яман, Сурия, Ироқ, Эрон, Ливан, Мўғулистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистондан 50 нафар полвон жами саккиз вазн тоифасида ғолиблик учун беллашди.

– Олижаноб хислатларни ўзида мужассам этган ва инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган ўзбек кураши жаҳон халқларида катта қизиқиш уйғотаётгани ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича IV Осиё ўйинларида яна бир марта ўз тасдиғини топди, – дейди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Мурод Дўсимбетов. – Ўзбек кураши беллашувлари қитъамиз вакилларига унутилмас лаҳзалар, ёрқин таассуротлар ҳадя этди. Бир неча кун давомида Осиё ўйинлари майдонларида кураш қоидаларига киритилган ўзбекча атамалар баралла янграгани, хорижлик полвонларнинг миллий курашимиз усулларини моҳирона қўллаб бел олишгани кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан халқаро спорт тури мақомини олган ўзбек кураши умуминсоний қадрият сифатида Олимпия ўйинлари сафидан муносиб ўрин олишга ҳақли эканлигининг тасдиғидир.

Кураш бўйича ўтказилган кескин ва муросасиз беллашувларда спортчиларимиз иккита олтин, битта кумуш ва битта бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида Санжар ­Тўхташев Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди. Унинг шарафига давлатимиз байроғи кўтарилиб, мад­ҳиямиз янгради. 57 килограммгача бўлган хотин-қизлар ўртасидаги баҳсда иқтидорли спортчимиз Гулёр Отажонова қитъада тенгсиз эканини исботлади. Полвонларимиздан Суҳроб ­Худойбердиев кумуш ва Ғиёсжон Бобоев бронза медаль билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  Сўлим оромгоҳда ором олдик

– Ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича IV Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритганимдан фахрланаман, – деди Санжар Тўхташев. – Халқаро майдонларда эришаётган ютуқларимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва иқтидорини намоён этишига қаратилаётган улкан эътибор муҳим омил бўлмоқда. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғини янада баланд кўтариш бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Нуфузли мусобақанинг компьютер ўйинлари баҳсларида вакилларимиз юксак маҳорат кўрсатиб, ақлу заковатда, иқтидор ва салоҳиятда юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган авлод вояга етаётганини исботлади. Ушбу спорт тури бўйича Павел Саприкин шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Сардор ­Абдуллаев кумуш медални қўлга киритди.

Кикбоксинг ва муайтай беллашувларида ҳам спортчиларимиз совриндорлар қаторидан жой олди. Кикбоксинг бўйича Азамат Абдураимов ва Аҳмад Алимбеков ўз вазн тоифасида финалгача бўлган баҳсларда рақибларини мағлубиятга учратиб, кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, хотин-қизлар ўртасида Шаҳноза Хўжаниёзова бронза медалга сазовор бўлди.

Муайтай бўйича 75 килограммгача оғирликдаги спортчилар баҳсида иқтидорли спортчимиз Саидаҳмад Орипов бронза медалга эга бўлди.

Байрам АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: