Спорт гимнастикаси: II ОЛИМПИЯ САРИ ҚАДАМ

Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасида Осиё чемпионати якунланди.

Халқаро гимнастика федерацияси кўмагида Осиё гимнастика иттифоқи, Ўзбекистон гимнастика федерацияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақада Осиё қитъасининг 22 давлатидан 266 нафар спортчи совринли ўринлар ва жорий йил 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўладиган II Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун баҳслашди.

Маълумки, биринчи Олимпия ўйинлари 2010 йилнинг 14-26 август кунлари Сингапурда ўтказилган эди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон делегацияси аъзолари 3 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлганди.

Тошкент шаҳрида ўсмирлар ва қизлар ўртасида спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатининг юқори савияда ташкил этилгани Халқаро гимнастика федерацияси, Осиё гимнастика иттифоқи вакиллари, хорижлик мутахассислар, мураббий ва спортчилар томонидан эътироф этилди.

Қитъа чемпионатида спортчилар жорий йил 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган II Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб борди. Мусобақада ўғил болалар ўнта, қизлар тўққизта олимпия йўлланмаси учун рақобатлашди.

Мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги жамоавий кўпкураш баҳсларида Темур Қодиров, Элёр Исломов, Азиз Саидумаров, Мирабзал Фозилов ва Ҳамид Содиқовдан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 236,5 балл жамғариб, бронза медали билан тақдирланди. Қизлар ўртасидаги жамоавий кўпкураш баҳсларида Турдихон Исломова, Ксения Ким, Вероника Орлова, Линара Сулаймонова, Элвира Юрьевадан таркиб топган терма жамоамиз 154,6 балл тўплаб, учинчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа спортчиларимиз II Олимпия ўйинларига иккита йўлланмани қўлга киритди ва чемпионатда ўз олдиларига қўйган вазифани шараф билан бажарди.

Осиё чемпионатининг алоҳида йўналишлари бўйича финал баҳсларида қатнашган иқтидорли гимнастикачимиз Турдихон Исломова 14,075 балл жамғариб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шунингдек, Турдихон Исломова таяниб сакраш баҳсида 14,325 балл билан кумуш, эркин машқ бажаришда 13,75 балл жамғариб, бронза медалини қўлга киритди.

Чемпионатнинг якунловчи куни ўсмирлар ўртасидаги баҳсда ҳамюртимиз Темур Қодиров учинчи ўринни эгаллади.

Спорт оламида катта воқеага айланган ушбу чемпионатда кўплаб янги номлар кашф этилди. Мутахассисларнинг фикрича, мусобақалар халқаро қоидаларга тўлиқ мос равишда, ҳалол ва адолатли кураш шароитида ўтди.

Яна ўқинг:  ЭРТАЛАБ МОДДАЛАР АЛМАШИНУВИ КУЧАЯДИ

Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: