Кўзларида меҳри бор опам…
Қадрдоним, Васила опа! Мана, 35 йилдирки, сиз билан деярли ҳар кун кўришамиз. “Иши бирнинг боши – бир” деганлари шу бўлса керак. Ҳар гал сиз билан кўришганимда кўзларингиз меҳру муҳаббат билан тўлиб-тошганини кўраман. Унда самимий ва тоза инсоний туйғулар балқиб туради. Кўзларингиз эзгуликдан сўзлайди.
Мен дунёда ҳислар жўш уриб турган сизникидек сеҳрли кўзларни кам учратганим бор гап. Баъзан ўйлайман, эҳтимол опаларча меҳрибонлик билан боқиб турган нигоҳларга “асир” тушдимми ё чинакам оналарча мурувватдан сизга туғишган сингилдек муҳаббат қўйдимми? Ҳақиқатда бир эркатой сингилдек сизга талпинаман. Ҳа, бу дунёда одамнинг меҳрга талпинадиган дамлари бўлади, яхшилигу эзгуликларга интиладиган пайтлари бўлади. Ўшандай вақтларда доимо қалбга малҳам бўласиз!
Опажон, олижаноб хислатларингиз ҳақида сизга кўп ва хўп айтишгандир, лекин сиз бу гапларга эътибор қилмайсиз. Шунинг учун ҳам сизга мактуб қоралаяпман. Ичимдаги бор самимий ниятларим, сиз ҳақингиздаги беғубор фикрларимни қоғозга туширмоқчиман.
Сиз қирқ йилдан зиёд болаларнинг севимли “Гулхан” журналида хатлар ва оммавий алоқалар бўлими раҳбари сифатида ишладингиз. Бир инсон ҳаётининг қирқ йили! Хаёлимда чамалайману, сизга бўлган ҳурматим янада ортади. Сиз ўз юмушингиздан ортиб, болалар учун эртак, ҳикоя ва маталлар ёздингиз. Илк асарларингизни ўзи бола вақтида ҳайратга тўлиб ўқиган киши, бугун уларни ўз неварасига ўқиб бераётган бўлса, не ажаб.
Халқимизнинг “дарахт бир жойда кўкаради”, деган ажойиб нақли бор. Бунга бутун фаолиятингиз аниқ мисол. Узоқ йиллар болалар дунёсида ижодий парвоз этдингиз. Васила опа болалар учун кўплаб маталлар, эртаклар, кичик мақолалар ёзиш билан бирга жаҳон адабий мероси хазиналарини ўзбек тилига таржима қилишдек машаққатли ишни қойилмақом тарзда уддаладингиз. Жумладан, Леонардо да-Винчининг кичкинтойлар учун ёзилган эртак ва ҳикояларини бир китобга жамлаганингиз жажжи авлод учун эскирмас ва унитилмас совға бўлди. Меҳнатларингиз зое кетмади.
Сизга мамлакатимиз ўқувчи-ёшларининг таълим-тарбияси борасидаги меҳнатларингиз учун “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди.
Юртимизда соғлом ва баркамол авлодни камол топтириш борасидаги хизматларингиз ҳам муносиб баҳоланиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирландингиз.
Опажон, эслайсизми? 1982 йилда “Гулхан” журналига техник муҳаррир сифатида ишга келган давримданоқ, камтарона лутфингиз мени ром қилган. Бизга алоҳида меҳр берардингиз. Юриш-туришимиз, кийинишимиз билан ҳам қизиқардингиз. Айтмоқчиманки, сиз ҳеч кимга, ҳеч нарсага бефарқ қарамайсиз. Агарда бирор кишининг усти юпунроқ ёки уни сал уринганроқ кийимда кўрсангиз, дарҳол ҳеч кимга айтмасдан, янги кийим олиб беришга ошиқардингиз. Ўша дамларда қувончдан кўзларингиз яшнаб кетарди, кўнглингиз таскин топарди. Бу эзгу одатингиздан ҳалиям ёш шогиирдларингиз баҳраманд бўлаётганини кўриб, қувнаймиз.
Опажон биламан, сизга ҳамма бирдек. У инсон ҳамкасбингизми, яқинда танишганмисиз ё эски қадрдонингизми, фарқи йўқ. Ҳеч қачон одам ажратмагансиз. Бу яхши, бу ёмон деб танлаб ўтирмайсиз. Ўзимнинг опажоним, сизга ҳамма бирдек, ҳамма яхши, олижаноб киши бўлиб туюлаверади. Чунки, кўнглингизда заррача ғубор йўқ, топ-тоза! Бировнинг камчиликларини ҳам сезиб турсангизда, юзига айтмайсиз. Бу хислатларингиз андишали, ўзбекона оилада тарбия топганингиздан бўлса керак. Биз сизнинг зиёли оилангизга, қариндош-уруғларингизга, ака-опаларингизга ҳамиша ҳавас билан қараб келамиз. Эркин ака, Чаман опа, Моила опа, Илғор ака, Илёс, Илҳом, Ислом каби укаларингиз, эҳ-е, жиянлару, жигаргўшалар… Ҳаммаси бирдек сизни эъзозлайди. Шундай оқибатли жигарларнинг борига минг шукрлар бўлсин.
Васила опа сиздан кўп эшитганман. “Ота-онамнинг сахийликлари, бағрикенгликларининг чек-чегараси бўлмаган. Отам раҳматли, доимо бир гапни қайта-қайта такрорларди: “ўнг қўлинг берганни, чап қўлинг билмасин. Сенга ёмонлик қилганга, албатта яхшилик қилгин. Тош отганга, ош отгин”.
Ҳа, сиз ҳам худди шундай яхшилик уруғларини сепиб, ота-онангиз руҳларини шод этиб, чарчамайсиз… Чунки чинор унган илдиздан чинор ўсиб чиқади…
Шу кунларда ғайратингиз ичингизга сиғмаяпти. Ўзингизни одамларга керак эканингизни янада теранроқ ҳис этаётгандексиз. Айни вақтда “Соғлом авлод” газетасида ёшларга ўрнак бўлиб, таҳририятнинг онахони сифатида фаолият юритиб келмоқдасиз. Шогирдлар ардоғидасиз. Улар сизни “эна” дея ҳурмат билан тилга олганида кўнглим орзиқиб кетади. Яна ўша самимий ва меҳрибон чеҳрангиз кўз ўнгимда намоён бўлади.
Қолаверса, сизда яна бир муҳим хислат бор. Ҳафта давомида бизга ҳамнафас, ҳамроҳ бўла туриб, дам олиш кунлари қўнғироқ қилиб, кўнгил сўрашни ҳеч канда қилмайсиз. Кўп бор уринаман, бу сафар мен қўнғироқ қиламан, дея дилимга тугаман. Бироқ, ҳар доимгидек кеч қолавераман. Телефон жирингласа юрагим ҳапқиради. Ич-ичимдан севиниб кетаман. Худди кимдир қулоқларим остида Васила опангиз қўнғироқ қиляпти, шошинг, гўшакни кўтаринг, деяётгандек бўлади.
Васила опажон, Жасурбекдек меҳрибон, кўнгли тоза йигитни тарбиялаб вояга етказганингиз – сизнинг бахтингиз. Ширинахондек гўзал ва мафтункор келинингиз, ҳамда шириндан-шакар набираларингиз қуршовида умргузаронлик қилиш саодати узоқ давом этсин!
Севимли опажоним! Қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин! Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Кишиларга яхшилик қилишдан асло чарчаманг, меҳрингиз булоғидан ҳали яна кўплаб инсонлар баҳраманд бўлиб, ундан тўйиб-тўйиб сипқоришига ишонамиз. Сизга чексиз ҳурмат билан синглингиз:
Манзура УБАЙДУЛЛАЕВА