Одамлар дардига малҳам бўлиш бахти
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, оилавий поликлиникалар фаолиятини ривожлантириш, мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш ишлари янги босқичга кўтарилди.
Бу жараёнда тажрибали мутахассисларнинг малака ва билимига таяниш мақсадга мувофиқ. Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 37-марказий кўп тармоқли поликлиника бош врачи ўринбосари Шоҳида Жалилова ана шундай бой касбий тажрибага эга шифокорлардан. 65 ёшни қаршилаган бўлишига қарамасдан бу фидойи инсон ҳамон эл дардига камарбаста. Унинг тиниб-тинчимаслиги, ўз устида тинимсиз изланиши соҳанинг ёш кадрларига ўрнак бўлмоқда. Опа 40 йил ушбу соҳада самарали фаолият олиб бориб, ўтган йиллар мобайнида кўплаб шогирдлар етиштирди.
Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)нинг даволаш факультетини тамомлаган қаҳрамонимиз фаолиятини 1976 йилда Шайхонтоҳур туманидаги 9-тери-таносил диспансерида бошлади. Сўнг ўша пайтдаги Ўрта Осиё темир йўллари марказий поликлиникасида амалий-услубий ишлар бўйича бош шифокор ўринбосари лавозимида меҳнат қилди. 1995–2015 йилларда Тошкент шаҳар тери-таносил касалликлари диспансерининг бош шифокори сифатида эл саломатлиги камарбаста бўлди.
Эзгу ниятлар ила оқ ҳалат кийган, шифокорлик касбини шараф деб билган опа ҳамон беморлардан меҳрини, билимини аягани йўқ. Бугун ҳамкасблари орасида опанинг номи ҳурмат билан тилга олинишининг боиси ҳам шунда.
– Ҳаётнинг ўзи катта мактаб, – дейди Шоҳида Жалилова. – Узоқ йиллик фаолиятим давомида кўплаб инсонлар билан мулоқотда бўлдим. Билдимки, инсонлар бир-бирига устоз, бир-бирига шогирд экан. Одамлардан ёрдамга муҳтож инсонларга умид бера олишдек саодат завқини ўргандим. Бу эса мени доимо танлаган касбимга садоқат билан ёндошишга ундади. Айниқса, беморлар умидли нигоҳи билан қараб турганида зиммамдаги масъулиятни янада теранроқ англайман. Эҳтимол, шундандир танлаган касбимдан барака топдим. Тинч ва фаровон оиланинг бекаси сифатида кам бўлмадим.
Шоҳида опа ўзининг эътиқоди, касбига собитлиги туфайли элнинг дуосини олди. У қандай шароитда бўлмасин, доимо беморларни очиқ чеҳра билан қарши олади. Уларга ўзининг кўп йиллик қадрдонидек меҳр беради, даволайди. Ўзининг қимматли маслаҳатларини аямайди.
Ойгул РАЗЗОҚОВА,
журналист