Қўнғироқ

(Ҳикоя)

– Алло, аяжон, бу мен, Азизаман, икки кундан бери қайнонамнинг “қовоғидан қор ёғади”, гапиргисиям келмайди. Cалом берсам зўрға алик олади, менга аччиқ қилиб каллайи саҳарлаб ҳовлини супуриб қўяди, ўзим супурардим, десам, супурадиган одам вақтли туради, дейди. Ёш болам борлигиниям ўйламайди. “Қилдан қийиқ ахтаргани ахтарган”, сиқилиб кетдим…

– Нима жин урибди жодугарни, арпасини хом ўрибсанми? Ўғлига айтмадингми? Унинг нияти яхши эмас, бардошингни синамоқчига ўхшайди. “Андишанинг отини қўрқоқ қўймасин”, ўзим борсам-ку, тит-питини чиқариб келаман-ку-я, қудачиликни ўйлаяпман-да! Бўш келма, ўзиниям, ўғлиниям жиловини бошидан ол…

* * *

– Алло, аяжон, бу ҳовлида яшаш бирам азобки, нақ дўзахнинг ўзи! Кеча эримнинг опаси келганди, онаси билан пичирлашиб ўтирди, мени кўрса жимиб қолади. Биламан, ғийбатимни қилишди. Аччиғимдан олдига дастурхон ҳам тўшамадим, чой ҳам дамламадим, заҳарни е, деб, уйга кириб телевизор кўриб ўтирдим.

– Боплабсан. Ҳурмат қилса, ҳурмат олади. Илондан илон туғилади, ўша онанинг қизи-да. Ҳушёр бўл, бир нарсаларни илдириб кетмасин, эрингнинг топгани соврилмасин…

* * *

– Алло, аяжон, эрим менга гап қўшмаяпти… Онаси чаққан кўринади… Хўмрайиб кириб, хўмрайиб чиқаяпти. Дардиниям айтмайди. Ичимдагини топ, дейди. Кеча опангиз саломимга алик олмади, десам ҳам индамайди. Унга хотин, бола-чақа керакмас, онам, опам дейди… Мен билан ишиям йўқ… Аяжон…

– Онасиники етмас эканми? Куёвтўраям ҳунар кўрсатаяптиларми? Қизингни бермасанг ўламан саттор, деб эшигим тагига ётиб олганлари эсларидан чиқибди-да. Бошингдан совчи ёғилиб ётганди, мен ахмоқ келиб-келиб шуларга бераманми? Индамай тур, ҳозир қайнонангга қўнғироқ қилиб, жойига ўтирғизиб қўяман…

* * *

– Алло, аяжон… Эрим мени сўкди… Онанг турмушимизга аралашмасин, сени бузаяпти, дейди. Онамни гапирманг, сизгаям, менгаям яхшилик тилайди, деганимни биламан, сўкиб юборди. Менам қараб ўтирмадим, ади, деса, бади, дедим. Гапини қаранг: тилим бошимга етармиш. Худди ўзи телефон олиб бергандай, телефонимни майдалаб ташлармиш. Ҳаммасига ўша жодугар онаси сабабчи. Ўғлини кўриши билан қўлига супурги олади, кир ювишга, газ тозалашга тушади. Бошқа пайт юмалаб ётади. Онасини ҳурмат қилсам, мени бошига кўтарармиш. Бошига кўтармай қўя қолсин, жодугар борми, бизни яшагани қўймайди. Ҳа, нимаймиш, онаси ҳам ота, ҳам она бўлиб уни катта қилганмиш. Боласи бўлгандан кейин катта қилади-да. Эримдан кўнглим қолди, аяжон… Сўккани алам қилаяпти…

Яна ўқинг:  Урушдан омон қайтган бобом

– Сўккан тиллари кесилсин. Ахир қайнонаям она. Онани сўкадиларми? Қаерда таълим олган экан у ипринди?! Куёв барибир ёв бўларкан-да. Ёв бўлмай қирилсин…

* * *

– Алло, аяжон!.. Эрим мени урди… Юзимга шунақа тарсаки туширдики, олов чиқиб кетай деди. Билмасдан онасини жодугар деб юборибман… (йиғлайди). Эрим жуда ўзгарган… Илгари бунақамасди… Кўзига онасидан бошқа кўринмаяпти… Аяжон!..

– Сени урган қўллари синсин! Кучи аёл кишига етибдими? Индамай ўтиравердингми? Онасини қовоқ солиб юрганини айтмадингми? Қизи билан ғийбатлашганини-чи? Сениям уриб кетган, бор гапни эрингга етказмай, қайрашларини кутиб ўтирасан. Баттар бўл! Жодугарнинг қўлидан ҳамма иш келади, “иссиқ-совуқ” қилган кўринади. Отангга айтай, бир бориб таъзирини бериб келсин…

* * *

– Алло, аяжон!.. Мени қувишаяпти… Ҳей ана… машинага сиз берган кўрпаларни ортишаяпти… Энди нима, нима бўлади, аяжон?.. Ҳаммасини ўргатганингиздай қилаётгандим… Бошқа юкларниям олиб чиқишаяпти… Ҳеч нарсани қолдиришмаяпти… Отангни тузук десам, уруғинг билан Худо урган экан, дейди эрим. Хоҳласам, боламни ташлаб кетармишман… Бола берадиган ахмоқ йўқ, дедим. Ана, юкларни ортиб бўлишди… Энди мени машинага чиқаришмоқчи… Кетмайман… Қўлимдан тортманг… Оғрияпти… Аяжон, булар гапимга қулоқ солишмаяпти… Судрашаяпти… Машинага чиқаришди… Боламни беринглар… Боламни олдим… Биз “Дамас”дамиз, боряпмиз, аяжон…

– Қаёққа келасан, келма! “Уй меники, ҳеч қаёққа кетмайман”, дегин. “Дамас”дан туш… Туш… Тушдингми?.. Алло… Алло, Азиза… Эшитаяпсанми?.. Уйда янгаларинг бор, сиғмайсан, қайт… Қайт… Шунча дов-дастгоҳни кимга ташлаб келасан?.. Қайт… Қайт… Алло… Алло… Узилиб қолди… Эшитилмаяпти… Алло… Азиза… Алло…

Лола ЎРОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: