Панда бамбук ейдими?

Панда – Хитойнинг Сичуань провинцияси ва Тибетда яшовчи антиқа ва ноёб жонивор ҳисобланади. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, панда Хитойнинг миллий рамзи ва фахри сифатида улуғланади.

Олимлар ушбу жониворни катта ва кичик панда турларига ажратишади. Катта панданинг бўйи 1,2 метрдан 1,8 метргача, вазни эса 17 килограммдан 160 килограммгача етади. Унинг оёқлари, қулоғи, кўзининг атрофи қора, гавдаси оқ рангда бўлади. Кичик (қизил) панда эса қизғиш қўнғир, тумшуғи, лунжи ва қулоқлари оқ ёки оқиш рангли, номига мос равишда бўйи 51-64 сантиметр, оғирлиги эса 3,7-6,2 килограмм атрофида бўлади.

Яқин вақтларгача табиатшунос олимлар пандани ҳайвонларнинг қайси оиласига киритиш борасида баҳс ва тадқиқотлар олиб боришган. Бу бежиз эмас, чунки ушбу антиқа жонивор ташқи кўринишидан ҳам сувсарга, ҳам айиққа ўхшаб кетади. Шу ўринда, беихтиёр ёдимизга болаларнинг севимли “Кунфу панда” мультсериали қаҳрамони Понинг “Мен кимман ўзи?” деган саволи ёдга тушади. Генетик тадқиқотлар ўтказилгандан кейин катта панда айиқсимонлар, кичик панда эса сувсарсимонлар оиласига мансуб, деган хулосага келинди.

Панда “Қизил китоб”га киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Бу жониворни овлаш ва ўлдириш Хитойда оғир жиноятлар тоифасига киритилган бўлиб, айбдорга хатто ўлим жазоси тайинланиши ҳам мумкин.

Қадим замонлардан бошлаб то ХХ асрнинг 70-йилларига қадар давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши муносабати билан ҳурмат рамзи сифатида Хитой томони ўз ҳамкорларига панда совға қилган. Бугунги кунда бундай совғалар берилмайди. Аммо ўз ҳудудидаги ҳайвонот боғида панда бўлишини истаган давлат уни 10 йилга ижарага олиши мумкин. Ижара пули ҳам оз эмас, йилига 1 миллион долларни ташкил этади. Яна бир шарти, агар ижарага олинган панда болаласа, унинг боласи ҳам Хитойнинг мулки ҳисобланади. Шу ўоинда айтиб ўтиш керакка, урғочи панданинг ҳомиладорлиги 95-160 кун давом этиб, 1-2 та бола туғади.

Панда йиртқич ҳайвон бўлиб, ҳамма нарсани еяверади. Жумладан, улар қушларни ва уларнинг тухумларини ҳам ейиши мумкин, аммо энг севимли озуқа барибир бамбук бўлиб қолаверади.

Терисининг ўзига хос рангидан ташқари панданинг ўзига хос жиҳатлари сирасига олд оёқлари панжасида олтита бармоқ мавжудлигини ҳамда 12 сантиметргача теадиган думи борлигини киритиш мумкин. Айнан ана шу бармоқлар унинг бамбукка осонгина тирмашиб чиқиши ва баргларини узиб ейишида ёрдам беради. Катта ёшли панда бир кунда 30 килограммгача бамбук ва унинг новдаларини ейди. Унинг қизилўнгач ва ошқозони қалин шиллиқ тўқима билан қопланган. Бу – бамбук пайрахалари тирнаб юбормаслиги учун табиатнинг ўзига хом ҳимояси. Ҳайвонот боғларида эса пандаларга бериш учун майдаланган бампук пояларини пресслаб махсус “печенье”лар тайёрланади. Озуқа пандалар учун зарур оқсил манбаси ҳисобланади. Мабодо бирор сабаб билан улар яшайдиган ҳудудда бамбуклар қуриб қолса, пандалар очдан ўлиши мумкин. 1975 ва 1983 йилларда ана шундай ҳолат кузатилган. Панда иссиққа бир қадар чидамсиз бўлади. Шу боис ёзда улар салқин жойларни излаб тоғларда 4000 метр баландликкача чиқиб кетишади.

Яна ўқинг:  Водородда юрувчи поезд

Хитой аҳолиси пандаларни жуда ҳам яхши кўради. Улар ушбу жонивор фақат ўзларининг мамлакатларида яшашидан фахрланишади, тирик пандаларни кўрсатиш учун фарзандларини тез-тез ҳайвонот боғларига олиб бориб туришади. Панда тасвиридан фирма разми сифатида, кийим-бош, пойафзал дизайнида, шунингдек машиналарни тюнинг қилишда кенг фойдаланилади.

Хитойликларда панда билан боғлиқ ҳазиллар ҳам йўқ эмас. Масалан, бирор касалга чалиниб, кўзларининг ости қорайиб қолган одамни кўришса, ҳазиллашиб “пандага ўхшаб қолибсанку” деб қўйишади.

 

Наргис ҚОСИМОВА тайёрлади.

ekolog.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: