ОИВ нечта йўл билан юқади?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида ОИВ инфекцияси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди:

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шу жумладан, ОИВ инфекциясининг профилактикаси, диагностикаси ва даволаш масалаларида ҳам ижобий натижаларга эришилди.

Мамлакатда 2007 йилдан бошлаб шу кунгача ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган 2 та стратегик дастур ва 2014–2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига курашиш соҳасидаги Давлат дастури қабул қилинган бўлиб, ушбу дастурларда Республикамизда ОИВ инфекциясини тарқалишини олдини олишга қаратилган барча тадбирлар ўз аксини топган.

Профилактика, касалликни аниқлаш ва беморларни даволаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашувига олиб келди. Касаллик юқиши хавфи юқори бўлган гуруҳлар ўртасида ОИВ инфекциясининг тарқалганлик кўрсаткичи 2016 йилда 2013 йилга нисбатан 19,7 фоиздан 7,2 фоизгача камайишига эришилди ва ОИВ инфекциясини аҳоли ўртасида кенг тарқалишига йўл қўйилмади.

ОИВ инфекциясини олдини олиш тадбирлари бўйича аҳолининг хабардорлик даражаси 63,0 фоиздан 85,0гача ортди.

Замонавий ҳалқаро илғор тажрибалар асосида ОИВ инфекциясининг профилактикаси, диагностикаси ва даволаш бўйича 14 та миллий баённома ишлаб чиқилди ва тиббиёт амалиётига жорий қилинди.

Никоҳланувчилар, хомиладор, донорларни ОИВ га текшириш кўрсаткичи 100 фоиз бўлиши таъминланди. Касалликни онадан болага юқишини олдини олиш тадбирларининг самарали ўтказилиши натижасида, Республикада ОИВ инфекцияли оналардан соғлом болаларнинг туғилиши кўрсаткичи 99,8 фоизни ташкил этди.

ОИТСга қарши курашиш марказлари ва туманлараро ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораториялари умумий қиймати 5 млрд сўм бўлган жами 23 турдаги замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлантирилди. Жумладан, 15 та ОИТСга қарши курашиш марказлари юқори технологияли ПЦР ва цитофлюориметр аппаратлари, гематологик, биохимик анализаторлар билан таъминланган бўлса, туманлараро ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораторияларига 54 та замонавий ИФА лаборатория комплекси ўрнатилди.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази таркибида 60 шифоўрнига эга бўлган барча замонавий талабларга жавоб берадиган клиника ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда.

Тиббий муолажаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Глобал жамғарма ва бошқа донор ташкилотларнинг 8,0 млн. АҚШ долл. миқдоридаги маблағлари жалб қилиниб, тиббиёт муассасалари учун бир марталик тиббий буюмлар, жиҳозлар олинди ҳамда ОИВ инфекцияси ва у билан ёндош кечувчи касалликларга ташхис қўйиш имконини берувчи замонавий асбоб-ускунар харид қилиниб, ўрнатилди.

ОИВ инфекцияли беморларни даволаш мақсадида ретровсга қарши дори препаратларини харид қилиш учун 2013–2017 йилларда Глобал жамғарма томонидан 11,1 млн. АҚШ доллари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 3,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги 256 сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ОИВ билан касалланган 18 ёшгача бўлган болаларга ҳар ойда давлат нафақаси берилиши таъминланмоқда.

Яна ўқинг:  Қўлингиз терлайдими?

ОИВ инфекцияси ҳақида мутахассис фикри

ОИВ инфекцияси узоқ давом этувчи сурункали вирусли юқумли инфекциялар қаторига кирадиган антропоноз (фақат одам касалланадиган) касалликдир. Касалликнинг яширин даври 3-6 ойдан 10 йил ва ундан ҳам кўпроқ давом этиши мумкин. ОИВ-инфекцияси лабораторияларда қон таҳлилини шу инфекцияга текшириш асосида аниқланади. Лаборатория текширувисиз, ҳеч қачон беморнинг ташқи қиёфасига ва клиник белгиларига қараб, “Сизда ОИВ-инфекцияси бор”, деб айтиб бўлмайди. ОИВ инфекцияси юққандан кейин 3 ой ичида касалликни лаборатория усулида аниқлаш мумкин.

Ҳозирги вақтда ОИВ 3 та йўл билан юқиши тасдиқланган:

  1. Жинсий йўл-бетартиб жинсий алоқа ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилмаган ҳолатларда, енгил табиатли шахслар билан мулоқот қилиш орқали;
  2. Парентерал йўл-гиёҳвандлар умумий фойдаланган ва зарарсизлантирилмаган шприц орқали, вирус билан зарарланган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, стерил бўлмаган – шприц, игна, катетер, жаррохлик, доялик, стоматологик, гинекологик ва бошка тиббий анжомлар оркали тиббий муолажалар, етарлича зарарсизлантирилмаган маиший асбоб – анжомлар орқали: татуировка (одам танасига игна санчиб расм чизиш), пирсинг (қулоқ, бурун ва тананинг бошқа жойларини тешиб тақинчоқ ўрнатиш) ва қон билан ифлосланган пичоқ ёки бошқа ўткир предметлар билан жарохат олиш орқали;
  3. Вертикал йўл – ҳомиладорлик даврида (жарохатланган йўлдош оркали), туғрук жараёнида (она қони орқали) ҳамда она сути орқали юқиши мумкин.

Маиший – мулоқот омили орқали касаллик қон қолдиқлари мавжуд бўлган шахсий гигиена буюмлари (тиш чўткаси, соқол олиш анжоми, тери қоплами бутунлигини бузиб бажариладиган муолажалар учун ишлатиладиган, санчилувчи ва ўткир кесадиган буюмлар орқали ҳам юқиши мумкин.

ОИВ инфекциясини қатъий даволаб бўлмаслиги сабабли, инфекция тарқалишига қарши курашда профилактика – яъни янги зарарланишларнинг олдини олиш асосий қурол бўлиб хизмат қилади. Шу сабабли хам Республикамизда мазкур касалликнинг олдини олиш борасида мунтазам тизимли ишлар олиб борилмоқда, ушбу соҳага оид барча муносабатларни замон талаблари асосида ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи босқичма-босқич такомиллаштириш орқали амалга оширилмоқда.

“Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги 1999 йил 19 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни такомиллаштирилиб, 2013 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

“Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида, ЖССТнинг ОИВ инфекцияли шахсларни даволаш масалаларига бағишланган 14 та клиник протоколлар маҳаллий шароитларга мослаштирилди. Натижада ОИТСга қарши кураш соҳасида тиббий хизматлар сифати яхшиланиб, ретровирусга қарши махсус терапия билан қамраб олинган беморлар сони ортди. Бу ўз навбатида ОИВ инфекцияли беморлар умрини узайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш имконини бермоқда.

Яна ўқинг:  АЛИФБЕНИ “ЗАБТ ЭТАЁТГАН” ХАСТАЛИК

ССВ томонидан 2015 йилнинг 25 мартида “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясини олдини олиш чора-тадбирлари ва тиббий ёрдамни ташкил этишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 123-сонли буйруғи қабул қилинди ва шунга муносиб равишда ОИВ инфекциясининг профилактикаси, диагностикаси, даволаш усуллари, касалликга чалинганларни парваришлаш ҳамда касаллик ўчоғида эпидемияга қарши тадбирлар самарадорлиги янада оширилди.

ОИВни онадан болага юқишини олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан, ОИВни онадан болага юқишини олдини олиш мақсадида 2015 йил 4 мартдаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “ОИВ инфекцияси бўйича миллий клиник протоколларни амалиётга тадбиқ этиш тўғрисида”ги 81-сонли буйруғининг – “ОИВ-инфекциясини онадан болага бевосита юқишини олдини олиш” тўғрисидаги 12-иловасига мувофиқ ҳомиладор аёллар барвақт хисобга олиниб, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойида (ҳомиладорликнинг 12 хафтасидан бошлаб) соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғимида бепул ОИВ-инфекциясига текширилади, инфекция аниқланган ҳолатларда улар диспансер кузатувига олинади ва антиретровирус профилактикаси билан қамраб олинади. Олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида ҳозирда Ўзбекистонда – 99,3% ҳолатларда ОИВ-инфекцияли оналардан соғлом фарзандлар туғилишига эришилди.

ОИВ инфекцияси ва қон орқали юқувчи бошқа инфекцияларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида 2015–2017 йилларда гемоконтакт инфекцияларнинг олдини олишни янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

2016–2017 йилларда ОИТСга қарши кураш тадбирларини қўшимча молиялаштириш учун ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш бўйича Глобал Жамғармага тақдим этилган 16,4 млн. АҚШ долл. қийматига эга лойиҳа маъқулланди.

ОИВ инфекцияси эпидемияси ривожланишига таъсир этадиган омилларни аниқлаш мақсадида 14 мингдан ортиқ ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган аҳоли гуруҳлари ўртасида махсус эпидемиологик тадқиқотдозорли эпидемиологик назорат ўтказилиб, улар ўртасида касалликнинг тарқалганлиги даражаси ўрганилди.

Республикамизда ОИВ инфекциясининг жинсий йўл билан юқиши бугунги кунда анча фаоллашган ва касаллик юқишининг 70-80% айнан шу юқиш йўлига тўғри келмоқда.

Миграция жараёнлари аҳоли орасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Кейинги йилларда, чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган республикамиз фуқаролари орасида ОИВ инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўплаб руйхатга олинмоқда ва умумий руйхатга олинганларнинг 4 дан 1 қисми меҳнат мигрантларига тўғри келмоқда.

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг 2013 йил 1 июндаги “Чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган республикамиз фуқарорларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарасини янада ошириш тўғрисида”ги 165-сонли баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Божхона ва Хотин қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди ва бошқа тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасидан хорижга кетаётган ва чет давлатлардан Ўзбекистонга қайтаётган фуқаролар орасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш ва касалликнинг тарқалишини олдини олиш бўйича Тартиб ишлаб чиқилди ва бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Оёқ томирлари кўкарса…

Республикамиздан узоқ муддатга (3 ойдан ортиқ) четга чиқаётиб, республикамизга қайтган шахслар албатта ихтиёрий равишда ОИВ инфекциясига текшириш билан қамраб олинмоқда.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида фаолият кўрсатаётган 60 ўринли клиникада ОИВ инфекцияли шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Агар одам ўзида ОИВ инфекция борлигига шубҳа қилса, Республика, Тошкент шаҳар ва вилоят ОИТСга қарши кураш марказларининг Аноним хоналарида махфий тарзда қон топшириб ОИВ инфекциясига текширтириш хуқуқига эга. Бунда текширилувчининг шахси, касби кори маҳфийлигича қолади. Аммо, бугунги кунда ОИВ инфекциясига қарши махсус профилактиканинг йўқлиги сабабли касалликка қарши эмлаш ишлари амалга оширилмайди. Касалликни юқтириб олганлиги маълум бўлган тақдирда эса, ОИВ инфекциясини юқтирган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бунинг учун ретровирусга қарши даволаш усули – антиретровирус терапия мавжуд. Антиретровирус препаратлар вирусни тўлиқ йўқ қилмасада, унинг бемор организмида кўпайиб кетишига йўл қўймайди, яъни дори таъсирида қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи ҳужайраларнинг (СД4) сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланади, ОИВ инфекцияли шахсни соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратилади. Бу дорилар фақат ОИТСга қарши курашиш марказлари врачлари томонидан буюрилади ва текин берилади, бунинг учун эса тиббий кўрсатма бўлиши даркор.

Одам организмига тушган вирус маълум даражада меъёрда ишлаб турган иммун тизимини емира бошлайди. Вирус билан организм ўртасидаги кураш узоқ давом этади, аммо, вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимни мутлақо издан чиқаради ва натижада вируснинг ғалабаси билан якунланади. Шу вақтдан ОИТС даври бошланган ҳисобланади. Бу давр учун хос бўлган аломатлар йўқ. Зероки бу даврда организмга тушган микроб, вирус, замбуруғ касаллик қўзғатиши мумкин. Шунинг учун бу давр тузалиши қийин бўлган турли туман касалликлар аломатлари билан номоён бўлади. Яъни: сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал; одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши; ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши; узоқ вақт ич кетиши (диарея); оғиз бўшлиғи ва турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари; хавфли ўсмаларнинг ривожланиши пайдо бўла бошлайди. Беморлар ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги ёндош касалликларнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмишлари мумкин.

minzdrav.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: