Зарраси зурриёдга зарба

Гиёҳванд моддаларнинг зарари ва уларни истеъмол қилиш натижасида бу моддаларга жисмоний ҳамда руҳий тобе бўлиш гиёҳванд дейилади. Аммо хулқ-атворида ушбу салбий иллатга мойиллиги бор шахслардан ёшларни асраш учун ҳар биримиз қандай ишларни амалга ошираяпмиз? Нафақат ота-оналар, балки кенг жамоатчилик, мактаб ва маҳалла-кўй, қолаверса, ҳар бир зиёли ва онгли инсонлар келажак авлодни гиёҳвандлик балосидан огоҳ этишни ўзларининг бурчи ва масъулияти деб биладилар. Зеро, оила ва жамият ривожи, қолаверса, она Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига, равнақига фақатгина жисмонан ҳамда маънан баркамол авлодгина ўз ҳиссасини қўша олади. Шундай экан айрим наркотик моддалар ва уларнинг салбий хусусиятлари ҳамда гиёҳванд моддаларнинг шахс феъл-атворига таъсири хусусида оммага қисқача маълумот беришни лозим топдик.

Таркибида наркотик моддалар мавжуд бўлган ўсимлик – наша Осиё, Шимолий Африка, Америка, Покистон, Марокаш, Мексика каби мамлакатларда ёввойи тарзда бута ҳолида ўсади. Наша тамаки билан ёки ўзи алоҳида чекилади. Шунингдек, уни хомлигича ҳамда овқатга қўшиб ҳам истеъмол қилишади. Гиёҳвандлар ундан ичимлик ҳам тайёрлашади. Бу наркотикнинг таъсири турлича бўлиб, дастлаб гиёҳванд­ларнинг аъзои-баданини бўшаштириб, уларга хуш ёқади. Теварак-атрофдан турли товушлар янада жарангдорроқ эшитилади. Вақтинча ранг ажратиш ҳамда таъм билиш сезгиси кучаяди. Наша чекадиган гиёҳванд шахслар жуда сўзамол бўлиб қолишади. Бўлар бўлмасга хурсанд бўлиб кулаверади. Шунингдек, уларнинг ҳаракатларида фаоллик кузатилади. Улар тез-тез оч қолишади. Яна бесаранжом бўлиб қолишади. Уларнинг хотираси сусайиб, паришонхотирлик кузатилади. Томир уриши тезлашиб, уларнинг хатти-ҳаракатларида салбий ўзгаришлар сезилади. Гиёҳванд шахснинг кўз қорачиқлари кенгайиб кетади. Ўпкаси зарарланади.

– Героин кўкнори ўсимлигидан олинадиган опий моддаси. Эрамиздан 6000 йил аввалги қўлёзмаларда ҳам кўкноридан олинган опий моддаси халқ табобатида оғриқ қолдирувчи восита сифатида қўлланилгани хусусида ёзиб қолдирилган. Героин моддаси морфийга нисбатан хавфсизроқ ўринбосар сифатида ишлаб чиқилган. Афғонистон, Покистон, Бирма, Таиланд ва Эронда кўп миқдорда кўкнори етиштирилади. Героин инъекция ҳамда оғиз орқали қабул қилинади, шунингдек унинг кукуни гиёҳванд шахслар томонидан бурунга тортилади. Ушбу наркотик модда асаб тизими фаоллигини сусайтиради. Йўтал тутишига сабаб бўлади. Юрак уришини тезлаштиради. Қабзиятни келтириб чиқаради. Кўз қорачиқларининг торайиши, қўл ва оёқлардаги инъекция белгилари беморнинг героин қабул қилишини билдиради. Яна унинг дозасини тасодифан ошириб юбориш натижасида гиёҳванд шахс тўсатдан вафот этиши мумкин. Битта шприц игнасидан бир неча гиёҳванднинг фойдаланиши натижасида эса ОИВ ҳамда гепатитнинг В ва С турини юқтириб олиши мумкин. Беморларда қоннинг заҳарланиши кузатилади. Гиёҳвандларда абцесс (қон томирларининг йирингли яллиғланиши) ва иммунитет пасайиб кетиши сабабли узоқ вақт битмайдиган яралар кузатилади.

Яна ўқинг:  КАРАФС – (сельдерей)

Гиёҳванд модда одам тафаккурини занжирбанд этади. Онгни ўтмасловчи заҳарли ва зарарли гиёҳванд моддаларни мунтазам истеъмол қилиш шахсни жар ёқасига олиб боради. Бу моддаларни истеъмол қилишга мойиллик ва гиёҳванд шахс организмида наркотик истеъмол қилмаган пайти оғир жисмоний ва руҳий ўзгаришлар, тушкунлик кузатилиши шахсга гиёҳванд деб ташхис қўйишга асос бўлади. Ушбу ижтимоий иллатнинг ривожланишига шахснинг нотўғри тарбия топганлиги, унинг ота-она ва ўқитувчилар томонидан назоратсиз қолдирилганлиги, шунингдек, турли нобоп, саёқ шахслар билан ҳамтовоқ бўлганлиги сабаб бўлади. Ота-онанинг оилада ўзаро келишмовчилиги ҳамда шахснинг конституционал мойиллиги, психологик ҳолатлар (қизиқувчанлик, кайфу сафога интилиш, қийинчиликлардан қочиш, дангасалик), гиёҳванд моддани истеъмол қилишга мажбур этувчи баъзи ички касалликлар ҳам гиёҳвандлик ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.

Гиёҳвандлик уч босқичга бўлинади. Наркотик моддага руҳий мойилликнинг пайдо бўлиши, организмнинг ҳимоя жараёнларининг йўқолиши, гиёҳванд моддаларга чидамлиликнинг ошиши ва уларнинг физиологик таъсири сақланган ҳолда мунтазам қабул қилиниши кузатилади. Наркотик моддага жисмоний мойиллик пайдо бўлиши, гиёҳванд моддага енгиб бўлмас даражада қарам бўлиш, унга чидамлиликнинг юқори даражага етиши (гиёҳванд модда организмга заҳарли таъсир этгани боис дастлаб уни истеъмол этган шахсда кўнгил айниши, қусиш, бош айланиши каби организмнинг ҳимоя реакциялари кузатилади) шахснинг феъл-атворида салбий томонга ўзгариш яққол кўзга ташланади. Кейинчалик гиёҳванд моддага чидамлилик паса­йиб, бу модданинг таъсири гиёҳванд шахсни вақтинча тетиклантиради. Гиёҳванд шахс­лар наркотик моддаларсиз ҳаётини тасаввур эта олмайди.

Абстинент синдроми (хумор қилиш синдроми) оғирлашиб, чўзилиб бора бошлайди. Руҳий ва соматик (ички) аъзолар касалликларининг ортиб бориши, оғир ижтимоий оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Бош мияда эндорфин моддаси ишлаб чиқарилади. Бу модда руҳий зўриқиш(стресс)ларда, турли шикастланишларда пайдо бўладиган кучли оғриқлардан бош мия­ни ҳимоя қилади. Эндорфин моддаси инсоннинг иш қобилиятини кучайтиради. Кайфиятини кўтаради. Организмга ижобий куч-қувват ато этади. Наркотик модда истеъмол қилувчи шахсларда эндорфин моддаси чиқарилиши тўхтайди. Бу ҳолга сабаб ташқаридан оғриқсизлантирувчи гиёҳванд модда кирганлиги учун бош мия табиий оғриқсизлантирувчи, оромбахш моддани ишлаб чиқармайди. Организмга кираётган наркотик моддалар алмашинувида иштирок этиши сабабли организмнинг ҳар бир ҳужайрасига кириб боради. Ушбу жараён туфайли организм бора-бора гиёҳванд моддага мослашади. Натижада гиёҳванд шахс наркотик моддани қабул қилмаса аъзои-баданида кучли, чидаб бўлмас оғриқ пайдо бўлади. У титраб-қақшаб, букчайиб қолади. Гиёҳванд моддага шахс жисмоний қарам бўлса шу ҳолат кузатилади.

Гиёҳванд шахсларда инсонийлик фазилатларининг йўқолиши ва ақлий иш фаолиятининг пасайиши кузатилади. Керагидан ортиқ гиёҳванд моддани истеъмол қилиш оқибатида бош миядаги нафас олиш тизими фаолиятини бошқарадиган марказ тўхтаб, ўпка шишади. Агар бу ҳолатда беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмаса, у вафот этади. Шунингдек, гиёҳванд кишиларнинг иммунитети ҳам пасайиб кетади. Наркотик моддани томир орқали қабул қилиш натижасида тери абцесслари, флебит(венанинг яллиғланиши) вужудга келади. Беморларнинг жинсий фаолияти сусаяди. Ўткир психозлар(ўз жонига қасд қилиш) сабабли гиёҳванд шахснинг ҳаёти хазон бўлади.

Оиладаги ота-она ва айрим катталар ўртасидаги зиддиятлар ўсмир ёшидаги йигит-қизларни уйдан бездиради. Чунки, ўсмирлик жуда нозик давр. Бу даврда ўсмирлар руҳиятида барча нарсага қизиқиш ва ўзини англашга интилиш кучли бўлади. Ота-онанинг эътибори ва меҳридан мосуво бўлган, шунингдек, ўқув муассаларида ҳам назоратдан четдан қолган, ўсмирлар гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи шахслар даврасига билиб-билмай қўшилиб қолиш мумкин. Яна ота-онанинг ўлими ёки ажралиши ҳам ўсмирга салбий таъсир этади. Баъзан ёлғизланиб қолган ўспирин атрофидан ҳимоячи излайди. Оила аъзоларининг спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандликка ружу қўйиши, тенгдошларининг камситиши ёки атрофидагилар билан доимий келишмовчиликлар ҳам вояга етмаган шахснинг салбий иллатга ошно бўлишига замин яратади. Гиёҳвандлар шахслар билан доимо мулоқотда бўлиш натижасида наркотик модда истеъмол қилиш ҳамда ўз-ўзига паст баҳо бериш, аламзадалик каби салбий ҳиссиётлар ҳам нашавандликка кенг йўл очади. Шахснинг ўз ҳис-туйғуларини англай олмаслиги сабабли ҳам гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга ружу қўйиш кузатилади. Гиёҳванд шахсларда инсонийлик фазилатлари йўқола боради. Унинг ўрнига гиёҳвандликка мубтало бўлган шахсларга хос худбинлик, ёлғончилик, манманлик, мақтанчоқлик, ўз келажагига қизиқмаслик, қўполлик, тутуруқсизлик ва ўзига ортиқ ишониш каби салбий феъл-атвор шаклланади. Нашавандларда ҳис-туйғуларни бош­қаришнинг пасайиши, жавобгарликдан қочиш, маъсулиятсизлик, ўз омадсизлигига атрофдагиларни айблаш, жанжалкашлик, дағаллик, яқинларини камситиш ва хўрлаш, баъзан тажовузкорлик кузатилади. Гиёҳванд кимсанинг наркотик модда истеъмол қилиши натижасида атрофдаги инсонлар билан ўзаро муносабатлари бузилади. У оиласи, ўртоқлари ва ишини йўқотади. Гиёҳванд модда истеъмол қилиш натижасида шахснинг озиб кетиши, эгилиброқ юриши, териси қуриб, тупроқ тусига кириши, тишлари тушиб кетиши кузатилади. Чунки, гиёҳванд шахснинг иммунитети пасайиб, кальций моддаси организмдан кўп миқдорда пешоб билан чиқиб кетади.

Яна ўқинг:  Биотехнологиядаги кашфиётлар амалиётга татбиқ этилмоқда, —

Беморнинг билакларида ва оёқларидаги игна излари киши эътиборини тортади. Хаста одам пала-партиш кийиниб, гиёҳванд модда истеъмол қилиши натижасида кўзлари ялтирайди. Унинг қорачиқлари нуқтасимон бўлиб, ёруғлик ва қоронғулик таъсирига бефарқ бўлиб қолади. Хумор пайтида кўз қорачиқлари кенгайиб, кўзи ёшланиб, унда тумов белгилари кузатилади. Гиёҳванд шахслар бундай пайтда жаҳлдор ва тажовузкор бўлиб қолишади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, гиёҳвандлардан ногирон ва майиб-мажруҳ фарзандлар туғилади. Заҳри қотилни истеъмол қилганнинг ҳоли хароб бўлади. Ўзбекистон жаҳонда энг кўп кўкнори етиштирадиган давлат – Афғонистон билан чегарадош бўлгани учун ҳам ҳамиша чегарачиларимиз ва божхоначиларимиз мамлакатимиздан транзит орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай наркотик воситаларнинг пайини қир­қишда сергак ва огоҳдирлар. Ҳар йили анъанавий тарзда 26 июнь – Халқаро гиёҳванд­ликка қарши кураш куни юртимизда кенг нишонланади. Шу мақсадда оммавий ахборот воситаларида омма ўртасида оғу ва оғуфурушликнинг зарари хусусида кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Соғлом турмуш тарзи ва спортга эътибор мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимз Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилаётган баркамол авлод тарбияси – келажаги буюк Ўзбекистоннинг эртаси ишончли қўлларда эканлигидан далолат беради.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: