Мана буни совға деса бўлади

1000 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил оладиган мактаб капитал таъмирланди

Жамият тараққиёти, эл-юрт равнақи ҳамиша ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган.

Кекса авлод эришган ютуқларга, улар тўплаган тажрибага таяниб, мамлакатнинг илмий, иқтисодий, маданий-маърифий салоҳиятини янада кўтариш ёшлар зиммасига тушади. Мамлакатимизда янги замон авлодини тарбиялаш, улар дунёқарашини янгича қадриятлар асосида шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Капитал таъмирланган пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактаби мисолида буни яққол кўриш мумкин.

Жорий йил июнь ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида мазкур таълим муассасасига ташриф буюрган эди.

Президентимиз бу ерда амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари ва келгусида таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу мактаб капитал реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди.

Бугунги кунда мактабда 1 минг 139 нафар ўқувчига 63 нафар олий маълумотли ўқитувчи таълим бермоқда.

Бутунлай янгича кўринишда реконструкция қилинган мактаб биносида ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароит яратилди. Таълим маскани кутубхонаси фонди зарур дарслик ва адабиётлар билан бойитилди. Синфхоналар замон талаблари асосида жиҳозланди. Кимё, биология, физика хоналари лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, мактаб спорт зали ва спорт майдончаси тўлиқ таъмирланиб, зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан жиҳозланди.

Ўқувчиларнинг сифатли ва тўғри овқатланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида замонавий ошхона фойдаланишга топширилди.

Фарзандларимизнинг ўқишда, илмий ижодкорликда, маданият, санъат ва спорт соҳаларида эришаётган ютуқлари қалбларимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдиради. Улар замонавий технологиялар, компьютерда лойиҳалаштириш ва бошқариш илмини, бир неча тилларни мукаммал эгаллаган ёшлардир. Бу ютуқлар юртимизда таълим-тарбия соҳасига қаратилган юксак эътибор ҳосилидир.

Дилфуза АЗИМОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Яна ўқинг:  ИККИ ЮЗ НАФАР ПОЛВОН КУРАШАДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: