Тиббиёт соҳасидаги ютуқ ва муаммолар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этиш: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда жорий этилган депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ва унинг натижалари танқидий таҳлил этилди. Амалга оширилаётган ишларнинг самаралари билан бирга ечимини кутаётган камчилик ва муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини врачлар билан таъминлаш кўрсаткичи пастлигича қолаётгани қайд этилди. Бир неча оилавий поликлиникаларда ижтимоий дорихоналар ташкил этилмаган. Тез тиббий ёрдам бригадалари зарур тиббий асбоб-ускуналари билан тўлиқ таъминланмагани ҳамда баъзи тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги, ўз ишига нисбатан бефарқлиги, патронаж ва тез ёрдам хизмати тўлақонли олиб борилмаётганига эътибор қаратилди.
Тадбирда бу каби долзарб масалаларни ҳал этишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.