Уйғунлик: меҳр ва тарбия

Оилада фарзанд туғилиши – бахт. Бу оиланинг янада мустаҳкам бўлишига замин дегани. Аммо, боланинг ақлий ривожланишида нуқсон кузатилса, ота-оналар ўз фарзандларининг хулқи ҳамда ақлий камолотидаги камчиликлар сабаб тенгдошларидан орқада қолаётганини кўриб бундан ниҳоятда қайғурадилар.

Давлатимиз томонидан имконияти чекланган болаларга тиббий ҳамда ижтимоий ёрдам кафолатланган бўлиб, республикамизда алоҳида ёрдамга муҳтож болалар улардаги нуқсон турига кўра, тоифаларга бўлган ҳолда таълимга жалб этилади. Шундай тоифа болаларнинг бир гуруҳини ақли заиф болалар ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг йўналишларига кўра, республикамизда 86 та махсус мактаб ва мактаб-интернатлар фаолият юритади. Ушбу муассасаларнинг бир тармоғини ақли заиф ўқувчилар учун мўлжалланган ёрдамчи мактаблар, мактаб-интернатлар ташкил этади. Ақли заиф болалар ёрдамчи мактаб-интернатларда таълим-тарбия олиш билан бир қаторда, махсус дастур асосида касбий меҳнат малакаларини ҳам эгаллаб борадилар.

Афсуски, бу яратилган шароитлардан қандайдир сабабларга кўра ҳамма ҳам бирдек фойдалана олмаётганини айтиб ўтиш жоиз. Болаларни махсус таълимга кеч, катта ёшда жалб этилиши ёки умуман таълим билан қамраб олинмаслиги ҳолатларининг учраб туриши бугунги куннинг муҳим муаммоларидандир. Имконияти чекланган фарзандларини таълимга жалб этиш, уларни нуқсонларига кўра махсус муассасаларга йўналтириш ота-оналар олдидаги масъулиятли вазифа ҳисобланади. Таассуфки, алоҳида ёрдамга муҳтож фарзандлари бор ота-оналарнинг ҳаммасида ҳам нуқсонли болани тарбиялаш учун зарурий саводхонлик етарли эмас. Зеро, оилада ақлий жиҳатдан нуқсони бўлган болани тарбиялаётган ота-оналарнинг коррекцион-педагогик саводхонлигини ошириш механизмини ишлаб чиқиш ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган масалалардан саналади.

Ёрдамчи мактаб тажрибасидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, ота-оналарнинг аксарияти оилада ақли заиф фарзандларига тарбия беришнинг самарали усулларини яхши билмаганликлари сабабли, улар болага ниҳоятда эътиборлилик билан қараб, ғамхўрлик қиладилар. Болани оиласи ва ўзи учун зарур бўлган ва қўлидан келадиган вазифалардан ҳам озод этишади. Бундай ота-оналарни айблаш мумкин эмас, аммо уларнинг раҳмдилликлари бола учун фойда келтирмайди. Аксинча, ҳаддан ташқари эзгулик мустақилликка, мураккаб ҳаёт шароитига етарли даражада мослашиш қобилиятидан маҳрум қилади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ақли заиф болани оилада тўғри, коррекцион йўналишда тарбиялашни ота-оналарга ўргатиш ёрдамчи мактаблар зиммасидаги вазифалардан бири ҳисобланади. Ақли заиф бола ёрдамчи мактабда таҳсил олар экан, ўз-ўзидан оила ва мактаб ҳамкорлиги йўлга қўйилади. Бу ҳамкорлик ақлий жиҳатдан нуқсонли болани тарбиялаётган ота-оналарнинг тиббий, педагогик, психологик саводхонлигини оширишда қулай имкониятдир.

Яна ўқинг:  Ҳикмат ойнаси

Масалан, Тошкент шаҳридаги 52-ёрдамчи мактабда “Ота-оналар университети”, “Оналар мактаби” сингари клубларнинг ишлари кенг йўлга қўйилган бўлиб, унда мутахассислар иштирокида турли-туман мавзуларда давра суҳбатлари олиб борилиши ота-оналарнинг нуқсонли бола тарбиясидаги саводхонлигини янада ошишига хизмат қилмоқда. Масаланинг яна бир оғриқли нуқтаси шундаки, ақли заиф болаларнинг ота-оналарини аксарият қисмида ҳам ақлий нуқсон кузатилади. Бу тоифа ота-оналарга индивидуал ёндошилиб, соддалаштирилган дастур асосида бола тарбиясига доир билимларни бериб борилиши ҳам ота-оналар педагогик саводхонлигини оширишнинг бир кўринишидир.  

“Ота-оналар университети”да оилада ақли заиф болани тарбиялаётган ота-оналарга қуйидаги маслаҳатларни тавсия қиламиз:

– Оилада ақли заиф болага нисбатан тўғри муносабатни ўрнатинг, жуда ғамхўрлик ёки ўта қаттиққўллик қилманг;

– оилада ақли заиф болага меҳнат, ўз-ўзига хизмат қилиш малакаларини ўргатинг;

– имконияти чекланган боланинг соғлом тенгдошлари билан тез-тез мулоқотда бўлиб туришини ташкил этинг;

– оиладаги, атроф-муҳитдаги нарса ва ҳодисалар ҳақидаги тасаввурларини ривожлантиринг;

– оилада ақли заиф бола билан иложи борича кўпроқ мулоқотда бўлинг;

– ногирон боланинг соғлом тенгдошлари билан тез-тез мулоқотда бўлиб туришини ташкил этинг;

– юқумли ва бошқа касалликларга чалинишидан сақланг;

– ақли заиф болалар учун махсус таълим-тарбия ва коррекцион тадбирлар қанча эрта бошланса, боланинг амалий малакаларни эгаллаши осон кечишини унутманг;

– оилада тарбия тўғри ташкил этилсагина, ақли заиф боланинг ривожланишида ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Республикамизда ақли заиф боласи бор ота-оналарнинг саводхонлигини ошириш механизмини ишлаб чиқиш ҳозирги кунда ўз ечимини кутаётган муаммолардан экан, жамоатчилик ташкилотлари, маҳаллалар, имконияти чекланган, алоҳида ёрдамга муҳтож болалар таълим-тарбияси билан шуғулланувчи махсус муассасалар ўз ташаббусларини кўрсатишлари лозим деб ҳисоблаймиз. Маҳаллаларда, оилавий шифохоналарда ота-оналарга бирламчи коррекцион-педагогик кўникмани беришда шифокор, дефектолог, психолог ёрдамини ташкил этиш алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ота-оналарининг саводхонлигини оширишда зарурий ва муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Д. ҲАСАНОВА,

 Республика “Оила” ИАМ тадқиқотчиси

Р. ҲАМРАЛИЕВА,

Тошкент шаҳар 52-ёрдамчи мактаб директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: