Ҳаёт ритми ҳаракатда
Америкалик олимлар сурункали уйқусизлик касаллигига йўлиққан беморлар билан тадқиқот ўтказишди.
Уларнинг фикрича ўн дақиқа давомида зинадан кўтарилиш мия фаолиятига ижобий таъсир этар экан. Яъни, қон ҳаракат туфайли кислород билан яхши тўйиниб, одамнинг хотираси яхшиланади ҳамда диққат-эътибор кучаяди.
Кўпчилик уйқуни “қочириш учун” қаҳва ичишади. Аммо, қаҳва таркибидаги кофеин диққатни жамлаш ва ишчанликка таъсир этмайди. Агар кимдир уйқусизликдан азият чекаётган бўлса, ётиш олдидан бир стакан илиқ сутга бир чой қошиқ табиий асал солиб ичиши мумкин. Яна зерикарли китоб ўқиш ҳам уйқу келтиради. Шунингдек, соат 18: 00 дан кейин кечки овқатни тановул этмаслик керак. Чунки, ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш ҳам меъдага оғирлик қилади ва одам ухлашга қийналади. Сабаби қуюқ овқат камида 3 соат давомида ҳазм бўлади. Уйқуга ётишдан олдин тоза ҳавода узоқ вақт сайр этиш ижобий самара беради. Яна сурункали қабзият ҳам уйқусизликка ва бош оғриғига сабаб бўлади. Чунки, инсоннинг ўз вақтида ичи юришмаса нажасдаги индол ва скатол каби заҳарли моддалар йўғон ичак ворсинка (ичак деворидаги махсус сўрғич)лари орқали қонга қайта сўрилади. Натижада организм ортиқча зарарли хилтлар чиқиб кетмаганлиги сабабли заҳарланади. Шу сабабли беморнинг боши оғрийди, кўнгли айнийди ва уйқуси қочади. У эса касалликнинг асл сабабини билмасдан туриб сунъий дори воситаларини истеъмол қилади. Организмни хилтлардан тозалаш эса инсоннинг тиниқиб ухлашига замин яратади.
ГУЛШИРИН