Теннис маликалари юртимизда
Пойтахтимизда Халқаро хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) таснифига кирувчи “Тошкент опен – 2017” халқаро турнири бошланди.
Ўн тўққизинчи маротаба ўтказилаётган халқаро турнирда 20 дан зиёд давлатдан 100 дан ортиқ ракетка устаси қатнашмоқда.
Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида ўтказилаётган турнирнинг яккалик баҳслари биринчи даврасида ҳамюртларимиздан Нигина Абдураимова япониялик Нара Куруми билан беллашди. Сабина Шарипова эса швейцариялик Штефани Фёгелега қарши кортга чиқди. Тажрибали теннисчимиз Оқгул Омонмуродова украиналик Катарина Козловани синовдан ўтказди.
Қизларимиз ушбу турнирда жуфтлик баҳсларида ҳам иштирок этмоқдалар. Нигина Абдураимова ва Оқгул Омонмуродовадан ташкил топган жуфтлик бугун Богдан/Фёгеле жуфтлигига қарши кортга чиқди. 1 соат 29 дақиқа давом этган ўйинда теннисчиларимиз 6: 3,5: 7,6: 10 ҳисобларида мағлубиятга учрадилар.
Т. ОРТИҚОВА