Қатралар
СЎЗ
Ужуда қудратли, инсонни инсон, гоҳида мисоли ҳайвон қилади.
Илонни инидан, мусулмонни динидан чиқаришга, юракни чилпарчин, дунёни остин-устин этишга қодир. Чиқса қайтмайди, жароҳатласа, тузалмайди – чандиқ қолади. У ҳам нажоткор, ҳам шафқатсиз. Ундан кимдир гул ясайди, кимдир тикан. У – одамнинг кўзгуси.
ҲОСИЛ
У келинининг икки оёғини бир этикка тиқиб, юрар йўлини чизиб берди. Сиқувга олди. Бу ён бурилсаям гап қилди, у ён бурилсаям гап қилди. Жиловни ушлаб олиб, қўйиб юбормади. Чўчиб, қўрқиб туришини иззатга йўйди, ҳаддини билмади.
Оқибат қадаган уруғи ҳосил берди: келиннинг қалбида меҳр ўрнини қаҳр, ҳурмат ўрнини нафрат эгаллади. Оилада мувозанат бузилди.
У экканини ўрди.
ШЎРВА
Келин шўрвани шўр қилди. Қайнота бир ҳўплади-ю, афтини жийирди. Кейин қайнона, кейин эр, қайноға, қайинсингил… Ҳамманинг қўлида қошиқ қотиб қолди. Ҳали синашта бўлмаган ёш келиннинг кўзларида ёш қалқиди. Уятдан юзлари қизариб кетди.
– Эсим қурсин, шўрвага туз солганимни келинга айтмабман. Ёш ўтгандан кейин шу-да, хотираям сусаяркан. Овқатни қилаётган келин бўлса, туз солиб бало бормиди менга? Мен нодон, мен эсар… Бўлгани бўлди. Ҳозир йўлини қиламан. Фақат бир пас кутиб турасизлар…
Қайнона ўзини койий-койий “йўлини қилишга” тушди.
Аслида шўрвага туз солмаган эди у.
Лола ЎРОҚОВА