Қуёшим энам
Энам…
Энам уйда мол-ҳол сўйилгудай бўлса юрагини авайлаб олдириб қўяди:
– Акаларинг жейди, жўраклари товдай бўлсин, илойим.
Жигарию бўйрагини олиб қўяди волидам:
– Келин, чалароқ қилиб қовур, болаларимнинг бўйрак, жигари сов бўлсин. Отанг айтувди Ибн Сино ёзганакан, одам қайси аъзоси сов бўлишини хоҳласа мол, қўйнинг ана шу аъзосини тез-тез жеб туриши керагакан, – дейди меҳрибоним.
Бу меҳрли гапларни эшитиб акаларимнинг кўзларида яна чақмоқ чақнайди:
– Ота, эна, била жеймиз, – дейишади улар.
Дастурхон ёзилиб, овқат сузилиб, товоқ келтирилса, энам ҳовлининг тўрига овоз беради:
– Бобо-ёв, келағанг, овқат совиди…
Отам қотма, бўйи ўртадан баланд, юзи заҳилтоб, малла-яшил аралаш кўзлари ўткир, қошлари ўсиқ, ҳар бир сўзидан ақл ва мантиқ акс этиб турадиган одам. У қарашлари маънили, маърифатли, билимли, гапи кескир, адолатсизликни ёмон кўрадиган, етим-есирни, ожизларни қўллагувчи, ана шу масалада қаршилик кўрсатганларга нисбатан шафқатсиз одам. Отам ўзининг обрўсини билади. Ўйламай, мулоҳаза қилмай гапирмайди. Гапи ўткир ва аччиқ, тошни кесади. Ўн тўрт ёшида ҳашар йўли билан мактаб қурдирган, қишлоқнинг биринчи зиёлиси. Ўн саккиз ёшидан мактаб раҳбари лавозимида иш бошлаган. Элнинг олди отам. Отам туфайли бизнинг уй маслаҳатхонага ўхшайди. Биз билган, билмаган одамлар бошига яхши ёки ёмон кун тушса, отамни дараклаб келаверади. Ва улар ҳеч маҳал бизнинг уйдан нон-насибасиз чиқиб кетмайди. Яхшию ёмонга, танишу нотанишга дастурхонимиз ҳамиша очиқ.
Ана шу элнинг олди отам овқат сузилганини эшитса ҳам шошилмай, хотиржамлик билан уй томон юради. Хотиржамлик билан уст-бошини қоқади. Янада хотиржамлик билан қўл-бетини ювади, шошилмай артинади. Ўзига ишонч билан дастурхоннинг тўридан жой олади. Ана шундай. Бизнинг уйда отам дастурхон бошига келмагунча товоққа қўл чўзилмаган ҳеч маҳал. Буларнинг бари бизнинг онгу шууримизга сабоқ бўлиб сингиган. Бу энамнинг сабоғи.
***
Энам…
Раҳмдил, кишининг ҳақидан ҳамиша қўрқадиган энам. Ҳар куни оқшом чўкиб, пода қайтиб, мол-ҳоллар эга-эгасига топширилгач, Бадахшоннинг гурпиллаган тупроқли кўчаларида Норқобил подачи – Далов буванинг товуши янграйди:
– Ош, ҳалол-ҳов, ош-ҳалол…
Бадахшонлик аёллар одат бўйича кечки овқат учун нима пиширган бўлсалар бир косадан подачи ҳақи учун олиб қўядилар. Эртадан кечгача элнинг мол-ҳолини боққан Далов подачига аёллар қуюқ-суюқ овқатларни илинадилар. Кимдир шўрва, кимдир палов, кимдир ширгуруч, кимдир мошкичири, яна кимдир ғилминди…
– Болам, подачи бувангга ошни гўштлироқ қилиб опқўйинглар, – дейди энам.
Биз болалигимизга бориб ижирғангандай бўламиз. Энам бу қилиғимизга норози қарайди:
– Шунча молди туёғига хиёнат қимай боқиш осонма? Келин, гўштини уюб сол, – дейди энам чечамга. – Нариги дунёда қорз бўмайиқ. Бечора Далов бува Бадахшоннинг молини бу ёғи Тўртоғайин, бу ёғи Нагаҳан, бу ёғи “Маданият” қилиб айлантириб боғади. Ичаятган сут-қотиғинг, қаймоғингнинг маззаси ана шундан. Бетингди тош олма жегандай буриштирма, болам. Ўзларинг шуйтиб боғаласиларма? Ўқишдан кечиб…
Биз жим бўламиз. Хурсанд, Бўстон деган қизларию Фотима отлиғ кампири билан яшайдиган Далов бува энамни жуда узоқ дуо қилади.
– Болам, болаларинг роҳатини кўр, кам бўмагин, Омонқул билан қўшша қаригин, илоҳи омин. Элдинг молини боғаётганимга мингдан-минг розиман. Ўлсам шулар кўмади-да, болам, – деб уйига жўнайди.
Энам подачи кетгач хомуш бўлиб қолади:
– Худо ҳар бир одамни бандам, десин. Қариган чоғида мол боқиш бу кишига осонма? Худо Потма чечамга биттагана ул берганда-ку, буйтиб қийналиб жўрмайиди, – энам кўйлагининг енги билан кўзларини артиб қўяди.
***
Энам…
Авлодининг соғлом бўлишини ҳамма нарсадан устун билгувчи энам. Эркин акамнинг аёли Анорхол янгам тўнғичига юк кўтарди. Энам янгамга парвона бўлади. Тилаганини етказдиради.
– Бундай пайт аёл киши нима хоҳласа ейиши керак. Бўлмаса боланинг соғлиғига таъсир қилади, – дейди энам. Сўнг бизга юзланади: – Янганг бирор нарса жеяётганда тирғилманглар. Ўз эркида, тўйиб жесин.
Шунча асраб-авайланса ҳам бола туғилиш муддатидан ўтиб кетди. Энди отам, энамнинг хотиржамлиги бузилди. Янгамни катта-катта дўхтирларга кўрсатишди. Хуллас, она қорнида ўн бир ойлик бўлган бола сунъий йўл билан туғдириб олинди. Полвон болага Ҳусниддинжон деб исм қўйилди.
– Холажон, туғилаётганда мияси озроқ сиқилган. Энди она-болага алоҳида эътибор, кўпроқ тоза ҳаво керак, – деди Ҳаво опа деган дўхтир аёл.
Дўхтирдан қайтган янгам билан чақалоқни уйда хонни кутгандай кутиб олдик. Энди янгамнинг ҳар бир куни, соати хурсандчилик билан ўтишига эътибор қаратди энам. Қўлини совуқ сувга урдирмади. Эркин акам иши туфайли уйга кеч қайтар, овқатланиб, беш-ўн дақиқа дам оларди. Кейин янгам, чақалоқ уччалови кечки сайрга чиқиб кетишарди.
Қиш ўтди, баҳор ўтди, ёз келди. Қамашида ёзнинг иссиғига унча-мунча одам дош беролмайди. Отам билан энам маслаҳатни бир жойга қўйишди. То ёз ўтиб кунлар салқинлагунча янгам билан чақалоқ Ғуржобда, қуда бувамникида яшайдиган бўлишди.
– Бола бир ёшга етгунча хатар бор, деган дўхтир. Унга тоза ҳаво керак. – деди энам.
– Ота, эна одамлар нима дейди? – истиҳола билан деди Эркин акам.
– Одамлар билан ишинг бўмасин. Боланинг соғлиғи бизга керак. Қудамнинг қишлоғи салқин, ҳовли тўла мевали дарахт, ёнларидан катта канал оқади. Болага шундай ҳаво керак. Тез-тез бориб хабар олиб турамиз. Уларга малол келмаслиги учун яхшилаб харажат қилинглар. Болам, силардинг болаларинг бизнинг авлодимиз. Фалончининг невараси касалманд экан, деган иснод нимага керак? – гапини қатъий қилди энам.
– Эна, рўзғординг иши нима бўлади? – яна хижолатомуз деди акам.
– Ай, болам рўзғорда нима ташвиш бор? Шу тўртта одамнинг овқати, кир, супир-сидирма? Ана Момогул янганг эплаб туради. Рўзғор ташвиши деб бола нимжон бўп қолса, бу ташвиш бир умр тугамайди.
Эртаси бир машина бўлиб янгам ва жиянчамни қуда бувамникига ташлаб келдик.
– Болам, неварам билан келинимдан тез-тез хабар олиб турамиз. Ҳамсоялари гап кўпайтирса, Анорхол хафа бўлади. Эмизикли аёл хафа бўлса, сути болага зарар қилади, – таъкидлайди энам.
Ҳар якшанба куни бозор-ўчар қилиб энам бошчилигида Ғуржобга жўнаймиз. Эрталабдан кечгача меҳнаткаш, жаннатий қуда холам, меҳрибон, меҳмондўст қуда бувамнинг боғида яйраймиз.
Ана шундай қилиб бола бир ёшга тўлди. Аммо жияним то беш ёшга етгунча ҳар йили ёзда янгам билан Ғуржобга жўнайдиган бўлдилар.
– Худога шукур, Ҳусниддинжон отдай йигит бўлади. Отанг билан менинг аждодларимиз бақувват бўлган, ана шу нарса силардинг болаларингда давом этиши керак. Худо шарманда қилмасин, – дейди энам.
Келинларини арзимаган камчилик учун ўтдан олиб ўтга соладиган қайноналарни кўриб бағрикенг энамдан фахрланиб кетаман.
Гулжаҳон МАРДОНОВА