Яшнаётган “ниҳол”лар
Жорий йилнинг 25 август куни “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёш истеъдодлар учун таъсис этилган “Ниҳол” мукофоти совриндорларининг тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир учун таклиф этилган турли ижодий ташкилотларнинг вакиллари, санъат намояндалари, мусиқа санъати мухлислари тақдирлаш маросими бошланишини интиқлик билан кутишди.
Тадбир бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева сўзга чиқиб, жорий йилда “Ниҳол” мукофоти совриндорларини кутаётган янги имкониятлар билан таништирди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида имзоланган меморандумга асосан “Ниҳол”нинг янги совриндорлари бир йил мобайнида ўз қўшиқларини телерадиоканалларда бепул эфирга узатиш, аудиостудияларда имтиёзли мусиқа ёзиш имкониятига эга бўлди. Бу янгиликни санъаткорлар, мусиқа санъатининг мухлислари ва тадбирга йиғилган томошабинлар гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастурини байрамона тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирнинг юқори савияда ташкиллаштирилганидан ҳам буни билиш қийин эмас эди.
2016 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида “Ниҳол” мукофоти танловининг туман (шаҳар) саралаш босқичларида қатнашиб, ундан муваффақиятли ўтган 20 нафар энг муносиблар республика босқичида мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, эстрада, опера ижрочилиги, рақс санъати йўналишларида ўз маҳоратларини “Ниҳол” мукофоти республика кенгаши аъзолари, мутахассислар ва экспертлар, кенг жамоатчилик, санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этди. Улар йиғилганлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Танлов ғолиблари томонидан куйланган ва ижро этилган куй-қўшиқлар, рақсларни томоша қилиб, ёшларни эзгуликка, Ватан олдидаги масъулиятини теран англашга чорловчи, эл-юрт, жамият, санъат ихлосмандлари олдидаги ижтимоий бурчини теран англайдиган, чин маънодаги истеъдод соҳибларини аниқлашга жиддий ёндашилганига яна бир бор амин бўлдик. Шу билан бир қаторда иштирокчиларнинг инсонийлик ва ватанпарварлик фазилати, репертуари савияси, профессионал тайёргарлик даражаси, санъатга бўлган интилишига катта аҳамият қаратилгани тадбирнинг ўзгача руҳда ўтишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувда таъкидлаганидек, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар онгу шуурини турли зарарли ғоялар таъсиридан ишончли ҳимоялашда ижод аҳли, жумладан, санъатга энди қадам қўяётган ёш ижрочилардан ҳам катта масъулият талаб этилаётганини бугун замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.
– Берилган мукофотдан чексиз ғурурландим. Бу мукофот менга келажакда янада куч-ғайрат билан ўз ижодимни давом эттиришга туртки бўла олади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг маънавий камолотида ижодкорларнинг хизмати беқиёс, тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида барча соҳалар вакиллари қатори маданият ва санъат аҳлидан ҳам янада фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи талаб этилади, – дейди “Ниҳол” мукофоти совриндори Саламат Аяпов.
“Истиқлол” санъат саройида ёш санъаткорларнинг куй-қўшиқларини эшитиб, ажойиб рақсларини томоша қилиб, мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимизга бўлган эътиборнинг нақадар юксак эканлигига гувоҳ бўлдик. Шу билан бир қаторда “Ниҳол” мукофоти ҳам мусиқа санъатининг турли йўналишларида ғайрат билан ижод қилаётган ёш йигит-қизларни халқимизга танитиш, улар ижодини янги, янада юқори савияда йўлга қўйишда яқиндан кўмаклашишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ташаббуси билан 2000 йилда таъсис этилган “Ниҳол” мукофотини қўлга киритганлар сони бу йил 167 нафарга етди. Шу кунгача мазкур мукофот совриндорларидан 1 нафари Ўзбекистон халқ артисти, 22 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 6 нафари Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари билан тақдирланган.
Тадбир давомида, йигирма нафар ёш ижрочи “Ниҳол” мукофотининг 2017 йилги соҳиби сифатида эълон қилинди. Мазкур мукофот соҳиблари ўз йўналишлари бўйича олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, “Ниҳол”нинг махсус статуэткаси ва энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баробари миқдорида пул мукофотига сазовор бўлиш имкониятини қўлга киритишди.
Хуршида ҲУСЕНОВА