19-20 август – умумхалқ хайрия ҳашари кунлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 19-20 август – умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.
Тўй ёки тантана бошлашдан аввал хонадонларни, ҳовли ва уй-жойларни тартибга келтириш, атроф-муҳитни саришталаш — халқимизга хос азалий анъана. Бу анъана истиқлол йилларида чинакам қадриятга, ҳар бир юртдошимизнинг эзгу аъмолига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Бизга ҳурлик, озодлик эпкинини туҳфа этган, ўзимизни, ўзлигимизни англаб етишимизга имкон туғдирган, миллий қадрият ва анъаналаримиз асосида яшашга ўргатган Истиқлол байрами – том маънода катта тўй, катта тантана. Шундай экан, улуғ шодиёна арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари – уйлар, кўчалар, маҳаллалар, қишлоқлар, хиёбонларни тартибга келтириш, кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш байрамга ўзгача файз, ўзгача шукуҳ бахш этади.
Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик тантаналарини “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида муносиб кутиб олиш ва нишонлашга қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида байрамолди тайёргарлик авжида. Замонавий маҳалла гузарлари, қулай ва шинам болалар майдончалари, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилаётгани юртимизнинг янада кўркамлигини таъминлаётир.
Мана шундай шукуҳли дамларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ободонлаштириш ва тозалик тадбирларини янада кучайтириш, хайрия ҳашари ўтказиш ҳақидаги фармойиши қабул қилинди. Зеро, тўй-тантаналар обод ва покиза, одамлари аҳил ва ҳамжиҳат юртга ярашади.
Миллий қадриятларимизга хос ўзаро меҳр-оқибат ва саховатни янада кучайтириш, ижтимоий ҳамкорлик, беғараз ёрдам ва мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик шодиёналарини муносиб кутиб олиш ҳамда нишонлашдек эзгу мақсадларни мужассам этган бу муҳим ҳужжатда ойлик доирасида ҳамда ҳашар кунлари амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланган.
Дарҳақиқат, бу галги умумхалқ ҳашари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларни қамраб олгани, шунингдек, хайр-саховат ишларининг янада кўпроқ режалаштирилаётгани билан аввалгиларидан фарқланади.
Муҳтарам юртдошлар, азиз маҳалладошлар!
Мустақиллик байрами арафасида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида барчамиз фаол иштирок этиб, шу муқаддас Ватанга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимизни, шу азиз юртга бўлган дахлдорлик ҳиссимизни амалда исботлайлик!
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши
Ахборот хизмати