Оиладаги отанинг ўрни фарзанд тарбиясида кўринади

Ҳозир шундай бир замонда яшаяпмизки, ҳар томондан тўхтовсиз янгиликлар оқими ҳаётимизга кириб келмоқда. Ҳатто, унча-мунча янгилик билан одамларни ҳайрон қолдиролмайсиз.

Фарзандларимиз доимо ана шу янгиликлар оғушида. Биз катталар эса бола қандай янгиликларни қабул қилаётганлигини назорат қилиш нари турсин, аксар ҳолларда вақтимиз йўқлиги, беҳафсалалик, лоқайдлигимиз сабаб қизиқиб ҳам кўрмаймиз. Айнан шу кабилар фарзандларимизнинг йўлдан оғишига, нобакорларнинг мақсадларини амалга оширишларига йўл очиб бермоқда.

Ўзбек оилаларида қадимдан эркак кишининг ўрни муҳим муҳим бўлиб келган. Чунки эркак оила бошлиғи ва халоскори сифатида оғир ишларни бажариш, муаммоларни ҳал этиши лозим. Оилани моддий томондан таъминлаш, турмуш ўртоғи ва фарзандларининг юриш-туриши, одоби ва бошқа тарбиявий жиҳатларига масъуллик ҳам уларнинг вазифаси саналади.

Шарқона муомала маданиятига кўра, кишининг мавқеи унинг ўтирган ўрни билан белгиланади. Шунинг учун ҳам оила бошлиғи бўлган отага уйнинг ва дастурхоннинг тўридан жой ажратилади. Ундан олдин ҳеч ким таомга қўл узатмаслиги, у дуо қилмасдан ҳеч ким туриб кетмаслиги керак.

Оналар бола тарбиясида ҳам турмуш ўртоғининг обрўсидан фойдаланишган. Агар ота фарзандини, асосан ўғлини бирор ножўя иши учун жазоласа, онанинг аралашиши мумкин бўлмаган. Психологларнинг аниқлашларича, бу хатти-ҳаракат педагогик аҳамиятга эга. Чунки агар ота фарзандини жазолаганда она уни ҳимоя қилса, болада ўз хулқ-атвори, хатоларига танқидий қараш шаклланмайди. Ўзини асоссиз жазоланган ҳисоблайди ва бора-бора ота-онасини писанд қилмай қўяди.

Оилада эрнинг обрўси аввало, уни аёли қанчалик ҳурмат қилишига боғлиқ. Чунки ўзи турмуш ўртоғини эъзозламаган аёл болаларини отасига ҳурмат руҳида тарбиялай олмайди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра оилада ота ролининг кучсизланиши бу катта ижтимоий фожеадир. Боиси, бу ҳолатда оиланинг барча ички ва ташқи тизими, ўзини идора қила билиш ва мукаммал интизомга бўлган интилиш ҳам йўқолади.

Фарзандларимиз тинч ва файзли умр кечиришлари учун уларга отани ҳурмат қилиш, унинг ризолигига эришиш йўлларидан сабоқ берайлик. Зеро, ҳаётнинг азалий фалсафаси шуни тақозо этади.

Ота-она доимо фарзандларига ахлоқ-одобнинг муҳим меъёрлари – сўзлаш, овқатланиш, бошқалар билан муомала қилиш, меҳмон кутиш, тозалик, озодалик каби фазилатларни секин-асталик билан ўргатиб боришлари шарт. Албатта, ўғил ва қиз болаларни тарбияси ўзига хос ва бир-биридан фарқ қилувчи хусусиятга эга.

Яна ўқинг:  Hunardan baraka unar

Хуллас, юқорида таъкидлаб ўтилган турмуш гўзаллиги мезонлари, оила учунгина эмас, балки жамият учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Агар оила мустаҳкам бўлса, жамият ҳам тараққий этади.

Ўткир ИСЛОМОВ,

Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: