Гўштсиз парҳезларнинг баъзилари юрак учун зарар
Гўшт маҳсулотларидан тийилиш фойда ёки зарар эканлиги тўғрисидаги музокаралар давом этмоқда. Мисол учун, Америка кардиология коллежида ўтказилган сўнгги тадқиқотларга кўра, гўштсиз парҳезларнинг баъзилари хавфли деб топилди. Сабаби, вегетарианлар кўпинча шакарга бой маҳсулотлардан тайёрланган овқатларни истеъмол қилади. Бу эса, юрак қон-томир касалликлари ривожланиши хавфини оширади, деб ёзади «Lenta.RU».
Олимлар 200000 дан ортиқ одамлар мисолида парҳезнинг учта турини таҳлил қилишди. Биринчи парҳез таркибига ўсимлик ва гўшт маҳсулотлари, иккинчи парҳезга донли маҳсулотлар, мева ва сабзавотлар кирди. Учинчи парҳез эса гўштсиз, лекин қовурилган картошка ҳамда ширин ичимликлардан таркиб топди. Парҳез таъсири 20 йил мобайнида баҳолаб борилди. Тадқиқот бошланган пайтда иштирокчиларнинг ҳеч бирида инсулт, саратон ёки юрак касалликлари йўқ эди.
Тадқиқот даврида 9000 дан зиёд қатнашчида юрак касалликлари пайдо бўлди. Иккинчи турдаги пархезга амал қилганлар муаммоларга жуда кам дуч келишди. Биринчи ва учинчи турдаги парҳезлар эса юрак-қон томир касалликларининг юзага келиш хавфини сезиларли даражада оширгани маълум бўлди. Олимлар гўштсиз парҳезларнинг ҳаммаси ҳам фойдали эмаслигини таъкидламоқда.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.