Болаларда кечувчи тутқаноқ хуружи ва эпилепсия: унинг сабаб ва оқибатлари хусусида

Болаларда рўй берувчи эпилепсияни (4-6 ойликдан то 2-3 ёшгача бўлган даврдаги дард) тутқаноқ хуружидан ажратиб олиш болалар невропатологи ва педиатрнинг муҳим вазифаларидан биридир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маъумотларига кўра тутқаноқ касаллиги ер шарининг турли ёшда бўлган 0,5 фоиз аҳолисида учрайди. Унга хос белгилар қаторига хуруж ҳолида кузатилувчи ҳушдан кетиш ва тана мушакларининг айрим гуруҳларида титраш рўй бериши хосдир. Баъзи ҳолларда тутқаноқ бемор танасининг ҳамма мушакларида ёки диффуз (тарқоқ) ҳолда рўй бериши мумкин. Бу касалликнинг келиб чиқиши баъзан ирсият билан ҳам боғлиқ бўлади. Илгари бу гуруҳга кирувчи тутқаноқ касаллигини гениун эпилепсия деб аташган.

Тутқаноқ касали билан хасталанган беморларнинг анамнезида (ҳаёт ва касаллик тарихида) бу дард бемор оиласининг бир неча аъзоларида ва аждодларида борлиги тўғрисида маълумотлар қайд этилади. Улар махсус диспансерлар ҳисобида туради. Бу каби инсонларнинг ишга яроқсизлиги ҳамда ногиронликка чиққанлиги ва эркаклар эса ҳарбий хизматдан озод қилинганини кузатиш мумкин.

Юқорида кўрсатилган сабабларга кўра тутқаноқ хуружи рўй берган болаларнинг ота-оналарида бу дарднинг бор ёки йўқлигини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Тутқаноқ касаллигининг кечишига қуйидаги босқичлар хосдир:

А) Касаллик хуружининг бошланғич белгилари – аура 60-70 фоиз беморларда кузатилади;

Б) тутқаноқ хуружининг авжи;

В) хуруждан чиқиш босқичи.

Тутқаноқ хуружининг асоратли белгилар билан кечувчи босқичи – беморнинг чуқур уйқуда бўлиши ва амнезия (карахтлик) ҳисобланади. Болаларда кузатиладиган тутқаноқ хуружининг эпилепсия касаллигидан фарқи шундаки, у 4-6 ойлик, 2-3 ёшдан то мактаб ёшигача бўлган болаларда учрайди ва унинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлади.

Мактаб ёшигача бўлган болаларда учрайдиган тутқаноқ хуружининг келиб чиқиши асосида қуйидаги физиологик ҳолатлар ётади:

– болалар бош мия пўстлоғининг функционал жиҳатдан тўлиқ ривожланмаганлиги;

– мия пўстлоғининг юқори даражада қўзғалувчанлиги ва тормозланиш жараёнларининг сустлиги;

– уларнинг марказий асаб тизимида компенсатор ва мосланиш жараёнларининг тўлиқ ривожланмаганлиги;

– гемато-энцефалитик барьернинг ҳимоя қилиш фаолиятининг сустлиги.

Юқорида кўрсатилган сабабларга кўра болаларнинг асаб тизими катталарникига нисбатан ташқи муҳитнинг ҳар хил зарарли таъсиротларига бошқача, яъни тутқаноқ хуружи шаклида жавоб беради.

Уларда кузатиладиган тутқаноқ хуружининг этиологияси (сабаби) жуда кўп ва ҳар турлидир. Улардан энг муҳимлари қаторига қуйидагилар киради:

  1. Ўпка, юрак, нафас йўлларининг туғма патологияси (нуқсони) ёки касалликнинг натижасида рўй берувчи асфиксия (бўғилиш). Бундай ҳолатда рўй берувчи тутқаноқ хуружи ўпка ва юрак фаолиятининг бузилиши билан бирга кечиб, бемор терисининг оқариб, кўкариб кетиши билан кузатилади. Асфиксиянинг узоқ давом этиши мия устунида қайтарилмас патоморфологик ўзгаришлар келтириб чиқариши натижасида ўлимга олиб келиши ҳам мумкин.
  2. Инфекцион омиллар ва заҳарланиш натижасида рўй берадиган тутқаноқ хуружлари асосан бир ёшгача бўлган болаларда учрайди. Шунингдек, у асосий касаллик билан бир вақтда кузатилади ва тутқаноқ тоник ҳолда ўтади. Масалан: грипп, пневмония (зотилжам), қизамиқ, эпидемик паротит (“тепки”), заҳарли диспепсия (ич кетиши) касалликнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу хасталиклар даволангандан сўнг тутқаноқ хуружи тўхтайди. Унинг асосий касаллик йўқолишидан кейин ҳам давом этиши марказий асаб тизимида патоморфологик ўзгаришлар рўй берганлигидан далолат беради.
  3. Ўткир нейро-инфекцион касалликлар натижасида келиб чиқадиган тутқаноқ хуружи эмадиган ва 1-2 ёшгача бўлган болаларда кузатилиб, хуруж бола тана ҳароратининг баландлиги асосий касалликнинг белгилари (менингит, энцефалит ва бошқалар) билан бир вақтда пайдо бўлади. Аксарият ҳолларда клоник, камдан-кам клоник ва тоник ҳолда ўтади.
  4. Бош миянинг органик зарарланиши натижасида кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг сабабларига бош мия ривожланишининг туғма аномалияси (янги туғилган болаларда учрайди), туғилиш пайтида бош мия ва унинг қутисининг зарарланиши (онанинг тос-чаноқ суякларининг торлиги сабабли ҳомиланинг мияси шикастланса, туғиш жараёнининг патологик кечиши(жадал туғруқ, унинг чўзилиб кетиши, ҳомилани ўраб турувчи ичи сувли қоғоноқ пардасининг ёрилиши оқибатида гўдакнинг сувсизланиб қолиши ва унинг қуруқ туғилиши, туғилиш пайтида қўл билан ёки акушер қисқичи билан онага ёрдам бериш ва бошқалар) кузатилади.
Яна ўқинг:  Соғлиғим яхшилангунча енгилроқ ишга ўтишим мумкинми?

Бош мия ўсмаси, унинг сили (туберкулома), паразитар касалликлари, абсцесси (йиринглаши) натижасида ҳам тутқаноқ хуружи рўй беради. Касалликнинг бошланғич даврида бу жараён маҳаллий (локал), кейинчалик диффуз таснифга эга бўлиши мумкин.

Давоми: Болаларда кечувчи тутқаноқ хуружи ва эпилепсия: унинг сабаб ва оқибатлари хусусида (давоми)

Латофат ЗИЯХОДЖАЕВА,

ТошПТИ Неврология, болалар неврологияси ва тиббий генетика кафедраси доценти,

Фарангиз ДОНИЁРОВА,

Дилфуза НОСИРОВА,

ассистентлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: