Қўшхотинлининг қўноғи бўлма

чунки бу уйда унинг ўзига жой бўлмайди

Рисолат ёлғизлик гирдобидан қутулиш мақсадида гарчи, биринчи аёли билан ажрашмаган бўлса-да, “кўнглига қўл солган”, у билан ҳаётини боғламоқчи бўлган бошлиғининг раъйини қайтаролмади. Шаърий никоҳ билан унга турмушга чиқди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, аёл қўчқордек ўғил туғиб, хўжайинининг меҳрини янада қозонди.

Эндиликда умр йўлдоши биринчи оиласи ҳолидан онда-сонда хабар оладиган бўлди. Рисолат эса бахти кулганидан ўзида йўқ шодланарди. Орадан бир неча йил ўтиб, турмуш ўртоғининг ишини бошқа бир шаҳарга ўтказишди. Рисолат бу ерга кўниккани учун ишини ташламади. Тўғрироғи, бунга турмуш ўртоғи йўл қўймади. Масофа унча узоқ бўлмагани учун қатнаб, ишлай бошлади. Бироқ, умр йўлдошининг иш баҳона келиб-кетиши камайди. Рисолат эса буни бошида тўғри қабул қилди. Энди турмуш ўртоғи билан ҳафтада, ойда бир кўришадиган бўлди.

Турли гап-сўзлар сабаб у бир куни эри ишлайдиган шаҳарга борди. Турмуш ўртоғининг иш жойига келди-ю, чин ҳақиқат ойдинлашди. Афсуски, ишониб оила қурган умр йўлдоши бу ерда аллақачон бошқа бир аёлга уйланиб олган эди. Рисолат тилини тишлади. Чунки бир вақтлар ўзга бир аёл бошига солган мусибат энди ўзининг ҳам бошига тушган эди…

Минг афсуски, юқоридаги ҳолат бугунги ҳаётимизда оилаларнинг барбод бўлишига сабабчи бўлаётган жиддий муаммолар сирасига киради. Буни қарангки, эркакларнинг хотин устига уйланишига, қолаверса, аёлларимиз ҳам била туриб, иккинчи хотин бўлиб турмуш қуришига кўпгина омиллар сабабчи экан. Эркакларимиз учун сабаб биринчи аёлидан кўнгли тўлмаслик бўлса, аёллар учун кўпроқ моддий томонлама тўкин-сочинликка эришиш экан. Бундай никоҳ биринчи аёлининг розилигисиз, устига устак, яширин тарзда амалга оширилиши шаъриатимизга, қонунларимизга зид эканлигини билса-да, эркаклар барибир ана шу ишга қўл урадилар.

Сир эмаски, ҳозирги кунда жамиятимизда қўша-қўша уйланишга имконияти етадиган шахслар кўп. Бироқ, бундай оилаларда камол топаётган ўғил-қизлар бахтли яшайдиларми, деган саволга ижобий жавоб топиш амримаҳолдир. Негаки, бу каби ҳолатда энг аввало, биринчи хотиннинг розилигини олиш шарти қондирилмайди. Ахир, “Эр бермоқ – жон бермоқ” ибораси минг йиллар оша исботини топган ҳақиқат эмасми?! Шунингдек, “Икки сигир соққаннинг айрони бор, икки хотин олганнинг вайрони бор” дейилганда қўшхотин билан ҳар қандайин эркак ҳам тинч-тотув яшай олмаслиги, унинг ҳолига “маймунлар-да йиғлаши” мумкинлиги таъкидланади. “Қўшхотинлининг қулоғи тинмас” нақлида эса бундай кимсанинг боши ғалвадан чиқмаслиги уқтирилади. Ваҳоланки, бу мақолларнинг қай даражада ҳақиқат эканлигига аксариятимиз ўз ҳаётимизда гувоҳ бўлмоқдамиз.

Яна ўқинг:  Тош ва минераллар

Яқинда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам айни мавзунинг кўтарилиши бу каби салбий иллатлар ҳукумат даражасидаги долзарб муаммо эканлиги англашилади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди”, дея таъкидлади. Шунингдек, ушбу анжуманда имом-хатибларга қарата қилган мурожаатида ноқонуний шаърий никоҳ ўқиш орқали оилаларга бахтсизлик, жамиятга эса катта муаммо олиб келиш мумкинлигини англаб етишлари кераклигини таъкидлаб ўтди. Яқин кунларда эса ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, унга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаърий никоҳ ўқиган имомларга нисбатан жиноий жазо бериш кўзда тутилади.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу бемаъни орзу-ҳавас нафақат миллатни, балки ривожланиб бораётган мамлакатни ҳам пароканда қилади. Зеро, халқнинг турмуш даражаси ҳар томонлама юксалгандагина эзгу ишларни амалга ошириш мумкин.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: