Маъмурий судлар фаолият бошлади

Суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилиши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида жорий йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судлари бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, жойларда маъмурий судлар фаолият бошлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунларига мувофиқ, 2017 йил 1 июндан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига ўтказилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар судловига тааллуқли бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган барча ишлар, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар тоифасига кирадиган ишлар киради.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлар, нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органлари ҳаракатларини бажаришни рад этгани ёхуд уларни нотўғри бажаргани устидан берилган шикоятлар, прокурорнинг ҳуқуқий хужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси, ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахслар манфаатини кўзлаб берилган аризалари, давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар ҳам маъмурий судлар томонидан кўрилади.

Яна ўқинг:  Ахборот технологиялари янада ривожлантирилади

Хўжалик процессуал кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунга қадар ушбу Кодекс 24-моддасининг 9-бандида кўрсатилган, яъни давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш идораларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахсларнинг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик судлари (ҳозирда иқтисодий судлар) томонидан кўриб чиқилар эди.

Бугунги кунда вилоятимизда ҳам бир нафар раис ва 3 нафар судьядан иборат Самарқанд вилоят, бир нафар раис ва бир нафар судьядан таркиб топган Самарқанд шаҳар ҳамда ҳар бирида бир нафардан раис фаолият кўрсатадиган 15 туман, шаҳар маъмурий судлари иш бошлади. Шунингдек, ҳар бир судья учун бир нафардан, жами 21 суд ёрдамчиси штати жорий этилди.

Розиқ Имомов,

Самарқанд вилояти маъмурий суди судьяси.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: