Эл эъзози – азиз

Хотира ва қадр… Нақадар залворли, муқаддас сўзлар. Унинг замирида ўтганлар ёди, атрофдагиларнинг бир-бирига эътибори мужассам. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлиш, инсонларни тириклигида эъзозлаш каби хислатлар одамийликнинг белгисидир.

Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган 110-умумтаълим мактаби педагог жамоаси ана шундай эзгу хислатларни келгуси авлод онгига сингдириш, уларни чуқур билимли, жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етишлари йўлида кўламдор ишларни амалга оширмоқдалар.

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган тадбир ҳам ана шундай эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлди. Тумандаги Шароф Рашидов, Афросиёб маҳаллаларида истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийлари тадбир меҳмони бўлишди.

Мактаб директори Гулнора Юсупова хотира ва қадрлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири эканини таъкидлаб, йиғилганларни ўқувчилар томонидан тайёрланган байрам дастурига таклиф этди.

Ўқувчилар томонидан намойиш этилган саҳна кўриниши, Ватанни, ота-онани қадрлаш, дўстликни улуғлаш каби мавзуларга бағишланган шеър ва қўшиқлар меҳмонларга хуш кайфият бағишлади.

Шунингдек, ўқувчилар Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси Анна Кузьмина ва меҳнат фаҳрийси Ҳафиза Абдуллаева каби 11 нафар кексаларнинг хонадонларига бориб байрам билан қутлаб, уларнинг кўнглини шод этиб қайтишди.

Иккинчи Жаҳон уруши фаҳрийси Талгат Абсалямов, ҳозир 89 ёшда. 18 ёшида жангга кирган ушбу отахон урушдан кейин газ қувурларни ўрнатиш йўналишида узоқ йиллар фаолият олиб борган. Давлатимиз томонидан унинг меҳнатлари эътиборга олиниб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи» унвони билан тақдирланган. У ёшларга қарата бугунги бахтли, тинч замоннинг қадрига етишлари ва фақат аъло баҳоларга ўқиб, келажакда шу юрт, шу эл равнақи учун керакли мутахассислар бўлиб етишишларини тилади. Зеро, келажак ёшлар қўлида, мамлакатимиз ривожи учун эса кенг мушоҳадали, соғлом фикрли, мастаҳкам эътиқодли йигит-қизлар керак, – дея таъкидлади.

Анна Кузьмина бугунги кунда кексалик гаштини сурмоқда. У ҳам «Фарзандларимиз ҳеч қачон уруш нималигини билмасинлар! Юрт осойишталиги, фаровонлиги бардавом бўлсин»,– дея тилак билдирди.

Меҳнат фаҳрийси Кира Муҳаммеджанова 110-мактабда узоқ йиллар ўқувчиларга физика фанидан таълим берган. “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” унвонига сазовор бўлган муаллим шундай дейди:

– Мактаб мен учун ниҳоятда азиз даргоҳ. Бугун қайга бормай, шогирдларимни учратаман. Улар орасида педагоглик касбини улуғлаётганлари ҳам бор. Мен улар билан фахрланаман. Бугунги эъзоз учун мактабимиз жамоасига самимий ташаккуримни билдираман. Зеро, биз каби кексалар учун эл эъзозидан кучли эътибор йўқ.

Яна ўқинг:  Чўққиларнинг мангу чорлови

Тадбир сўнггида ўқувчилар меҳмонларга ўз қўллари билан тайёрлаган эсдалик совғалари ва гуллар тақдим этдилар.

Саида Жабборова

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: