Олтмишдаги ола ақл

Одамзотнинг табиати қизиқ. Ўзи бошдан-оёқ лойга беланганлар нимагадир бошқаларни ҳам булғашни исташади. Ёки қадамида қин­ғирлиги бор киши ҳаммани ўзидек билади.

Хизмат тақозоси билан Фуқаролик ишлари бўйича судда бўлишга тўғри келди. Олтмиш ёшни қоралаётган амаки суд котибасига тинимсиз ўшқирар, “Нега менинг ишимни битирмадинг? Тегишли жойга ёзаман!” деб дўқ урарди. Яқиндагина юридик коллежни тамомлаб келган қизгина нима қиларини билмай, “Судьямиз қабулдалар. Ҳозир фуқаролар мурожаати билан ишлаяптилар, чиққанлари ҳамон…”, дея юпатиш билан овора. Амакининг овози тобора кўтарилиб, шу даражага етдики, суд биноси у кишининг “ижро”сидан жаранглай бошлади. Шу пайт ёши каттароқ бошқа ходим келиб, “Ака, тушунинг суд идораси давлат қонунларининг амалдаги ижросини таъминлашга ҳисса қўшиб, сиёсатнинг кучини оширадиган ташкилот. Яхшилаб ўйлаб, кейин ҳар қанча норозилигингиз бўлса, хотиржамлик билан менга айтинг, кечагина иш бошлаган неварангиз тенги қизга дағдаға қилмай…”.

Ходимнинг сиполик билан қилган тушунтиришидан амаки баттар тутоқди. “Алимент олаётган бўлсам, ўз қизим билан ўғлимдан оляпман. Ажрашаётган бўлсам, тўкилиб қолай деётган кампирдан қутуляпман. Сизга нима?..”. Маълум бўлишича, ёзувчи амаки шу ёшида қизи қатори жувонга уйланиб, хотини билан ажарашаётган, камига вояга етган фарзандларидан алимент талаб қилаётган экан… Эҳ одамзод-а?!

* * *

Ёздаги роҳатижон ­— музқаймоқхўрлик кўпчиликнинг севимли машғулоти. Болаларим билан боғчадан қайтар пайтда биз ҳам музқаймоқхонага бирров кириб ўтиш одатимиз бор. Одам кўп, жой кам. Ёлғиз ўтирган аёлдан рухсат сўраб, унинг столидан жой олдик. Ёнимиздаги столда 30-40 ёшлардаги уч-тўрт эркак ўтирарди. Қаерда эканликларини унутиб қўйишган чоғи, бир пайт ўтган-кетганга гап ташлаб, бемаъни ҳазил-ҳузуллари билан атрофдагиларнинг ғашини келтира бошлашди. “Шуларни ҳам одам тарбия қилганмикин?”, деди ҳалиги аёл. “Буларнинг ўзлари-чи? Одам тарбиялаша олишармикан?” деган ўй ўтди менинг кўнглимдан. Эркакларнинг қийшанглашига одатланмаган болажонимнинг кўзлари уларга ҳайвонот боғидаги жонли экспонатни томоша қилгани сингари қадалиб қолди. “Ёмонга яқин юрсанг…” деган ҳикмат ёдимга келди-ю, зудлик билан ­музқаймоқхонани тарк этдик.

* * *

Биз бугун фарзандлар тарбиясини тўлиғича оналарнинг юмуши деган тушунчага кўникиб қолдик. Бироқ ижтимоий ҳаётдаги айрим саҳналар миллат болаларига (у хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин) ота тарбияси, эътибори етишмаётганини кўрсатмоқда.

Яна ўқинг:  Кулгу-шифо (2014/27)

Фарзандини чин маънодаги инсон, руҳияти бутун, қалби меҳру саховатга лиммо-лим бўлишини истаган азиз ота-оналар! Болангиздан эътиборингизни аяманг, меҳрингизни дариғ тутманг! Зеро, туннинг куни бўлгани каби, бу рағбатларга жавоб ҳам шунга яраша бўлади. Халқимиз бежиз Яратгандан қариликдаги машаққатдан омон сақлашни сўрамайди.

Дилдора РАҲМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: