Хотин иккита, ташвиши мингта
Меҳр-муҳаббат, садоқат ва ҳурмат барқарор бўлган оила инсонга бахт, жамиятга наф келтиради. Аксинча, ёлғон ва хиёнат аралашган оила азоб-уқубат маконига айланади…
Бир инсонни билардим. Ўзига тўқ, рўзғорида ками йўқ. Ўғил деса ўғли, қиз деса қизи бор. Фарзандлари вояга етиб қолганда, нима жин урдию, хотин устига хотин олди. Аввалига яширинча яшаб, кейинчалик ҳовлисининг четидаги бир том, бир даҳлизга кўчириб келди.
Бунгача улар тартибли, маҳалладаги намунали оилалардан бири эди. Уйдаги гап кўчага чиқмасди. Эркак қўшхотинли бўлдию, бу уйдан жанжал аримай қолди. Кундошлар душман, эр уларнинг ўртасида сарсон. Хотинлар бир-бирининг айбини очиб, эл ичра гапга қолди. Бундай шармандали ҳол, айниқса, бўй етган фарзандларга ёмон таъсир қилди. Тўнғич ўғил шулардан қутулай деб хорижга ишга кетди. Қизи ўзига номуносиб жойга келин бўлди.
Шўрлик эркакнинг кўргулиги ҳали олдинда экан. Иккинчи хотин фарзандли бўлиб, бир том, бир даҳлизга қаноатланмай қолди. “Менга катта уйни берасиз ёки бошқа уй олиб берасиз”, деб туриб олди. Катта уйни берай деса, катта хотин кўнмайди, уй олиб берай деса, пул йўқ. Нима қилишини билмасдан яна бир хатога қўл урди – ўғлига деб олиб қўйган томорқасини иккинчи хотиннинг номига ўтказиб берди.
Бу ўғилнинг юрагига ханжар бўлиб қадалмайдими, бориб бор аламини ўша хотин ва унинг болаларидан олди. Бир неча кун қамалиб чиқди. Отаси билан юз кўрмас бўлиб кетди.
Бундай ташвишлар, асабий зўриқишлар йиғилиб-йиғилиб охири портлади. Эркак инсульт олиб, ётиб қолди. Бир пайтлар ҳою ҳавасга берилиб, икки хотин олганида нимани орзу қилган – худо билади. Аммо касал бўлганида деярли қаровсиз қолди. Икки хотин ҳам йиллар давомида қандай ноҳақликка учраган бўлса, барини тўкиб солди. Яхши кунини эсламади, фақат ёмон кунларини ёдга олди. Эр шўрлик баттар оғирлашди. Олти ойга ҳам бормади…
Бу воқеа барчага ибрат. Ҳозир ҳам маҳаллада бирон йигит қадамини сал ножоиз босса, кексалар “фалончига ўхшаб хору зор бўлгинг келяптими?!” дея танбеҳ беради.
Қўшхотинликнинг аянчли оқибати ҳақида минглаб мисол келтириш мумкин. Тарих давомида бу бало туфайли қанча фожеалар юз берган, ака-укалар бир-бирига қарши курашган, неча оилалар дарз кетган, болалар тирик етим қолган. Ҳаётнинг аччиқ сабоқларига қарамай, хотин устига хотин олиш ҳолатлари бугун ҳам учраб турибди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги анжуманда бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Бундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш зарурлигини қатъий таъкидлади.
Оилаларнинг ҳар томонлама мустаҳкам, бахтли бўлиши учун давлатимиз томонидан барча асослар яратилган. Мамлакатимиз Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларнинг барча жиҳатлари эътиборга олинган.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оилаларни ижтимоий ҳимоялаш, ёш авлодни бекаму кўст этиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Инсон манфаатлари йили, Оила йили, Аёллар йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Мустаҳкам оила йили муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари самарасида оилаларнинг иқтисодий ва маънавий асослари мустаҳкамланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Оилалар учун кўп миллиард сўмлик маблағлар ажратилиб, уларнинг ижтимоий муҳим манфаатлари таъминланмоқда. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар одамлар турмуш шароитини замонавий талаблар асосида ўзгартирмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлашга оид дастурларга мувофиқ, ёш оилаларга топширилаётган “Камолот” уйлари уларнинг оёққа туриб олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун катта мадад бўлмоқда.
Мамлакатимизда меҳнат, тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратилган. Ишлаган, изланган одам кам бўлмаяпти. Қўли узун, саховатли инсонлар бошқаларга ҳам беғараз кўмак бермоқда. Моддий бойликдан мақсад ҳам аслида шундай – ўз оиласини таъминлаш, фарзандларини яхши ўқитиш, имкон даражасида юртдошларига ёрдам бериш бўлиши керак.
Аммо баъзи бойваччалар тўқликка шўхлик қилиб, яширинча шаръий никоҳ ўқитиб, хотин устига хотин олаётгани ачинарли ҳол. Бунга айрим чала муллалар, қонунчиликдан бехабар кимсалар йўл қўйиб бермоқда. Қўшхотинлилар фақат шаръий никоҳ ўқитиб, яна бир оила қурмоқда. Хотин ва бўлғуси фарзандларни моддий жиҳатдан таъминлаш кифоя, деб ўйламоқда. Лекин бу калтабинлик. Бундайларга энг яхши жавобни Президентимизнинг нутқидан топамиз:
“Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди”.
Энди тушунгандирсиз бу муаммонинг оқибатини? Ҳис қилгандирсиз ноқонуний туғилган боланинг мусибатини? Қандай қилиб инсон ўз ҳою ҳаваси деб бегуноҳ гўдакни ўкситиб қўйиши мумкин? Бошқа томонларини қўя турайлик, бунинг гуноҳини қандай кўтариш мумкин?
Яна бир мулоҳаза. Ота фарзанд учун ҳамиша ибрат, қаҳрамон бўлган. Халқимизнинг миллий менталитетига кўра, оналар болаларини отага чексиз ҳурмат, итоат руҳида тарбиялаган. Фарзандлар отасига ҳамма гапни ҳам айтолмаган, ҳайиқиб турган. Ота ўтирган уйнинг томига чиқилмаган. Оталар ҳам шунга яраша оқил, ҳалол, мўътабар зот бўлган.
Энди тасаввур қилинг, шундай руҳда тарбияланган бола отасининг бошқа оиласи, фарзандлари борлигини билса, қай аҳволга тушади? Кейин кимдан ўрнак олади? Қай йўлларга киради?
Борига шукр қилмай, эртасини, болалари келажагини ўйламай, хотин устига хотин олишни истаганлар шуларни виждонан тарозуга солиб кўрмоғи керак. Ўткинчи ҳавасни деб ўзига, оиласига, жамиятга бахтсизлик келтирмаслиги зарур.
Оила муқаддас қўрғон, дейди халқимиз. Муқаддаслиги шундаки, икки инсон тақдири илоҳий ришта билан боғланади, унда фариштадек фарзандлар туғилади, тарбия олади. Қўрғонга қиёсланишининг боиси, оила ўзаро розилик ва ишонч асосига қурилади, эру хотин бир-бирига либос бўлади, ор-номусини асраб-авайлайди.
Ниятимиз – ана шу қўрғонга дарз кетмасин. Барча оилалар ҳар доимгидек муқаддас ва мустаҳкам бўлиб қолсин.
Анвар САМАДОВ,
ЎзА шарҳловчиси