Термизда янги олий таълим йўналишлари йўлга қўйилди

Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этмоқда.

Ушбу ҳужжатга кўра, 2017/2018 ўқув йилида Термиз давлат университети бакалавриат босқичига 36 таълим йўналиши бўйича 1 минг 800 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Сурхондарё вилоятида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиаллари ташкил этилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали бакалавриат босқичига 8 таълим йўналиши бўйича 350, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали бакалавриат босқичига 9 таълим йўналиши бўйича 300 талаба қабул қилинади.

Вилоятдаги уч олий таълим муассасасида ҳам таълим йўналишлари ва мутахассисликлар, қабул қилинган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ойнаси ўрнатилиб, кунлик қабул жараёнини янгилаб бориш йўлга қўйилган. Суратга олиш, тиббий хизмат кўрсатиш, ота-оналар учун махсус жиҳозланган хоналар ташкил этилган. Абитуриентлар, ота-оналар қабул комиссияси таркибига жалб этилган тажрибали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ жавоб олмоқда.

Термиз давлат университетида қабул жараёни тартибли ва сифатли амалга оширилиши учун ота-оналар ва болалар кутиш хоналари ташкил этилган.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк аждодларимиз меросини ёшларга кенг ўргатиш, айниқса, муқаддас динимиз бўлмиш ислом тарихидан пухта сабоқ беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Термиз давлат университети ректори, қабул комиссияси раиси, сенатор Мамат Ҳайдаров. – Жорий йилдан таълим муассасамизда ташкил этилаётган ислом тарихи ва манбашунослиги йўналиши ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади. Жорий ўқув йилида вилоятдаги соҳаларга бўлган талаб таҳлили меҳнат таълими, туризм, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, архитектура йўналишларига эҳтиёж борлигини кўрсатди. Янги ўқув йилидан ушбу йўналишларга ҳам абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Университетимизда бу соҳаларда ёшларга сифатли таълим бериш, уларни малакали мутахассис этиб тарбиялаш учун замонавий шароит ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалида ҳам абитуриентлардан ҳужжатларни тез ва сифатли қабул қилиш учун барча қулайлик яратилган.

Яна ўқинг:  Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилди

– Вилоятда маҳаллий хомашёдан сифатли ва арзон саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда, – дейди ушбу филиал қабул комиссияси масъул котиби Нуриддин Амирқулов. –Айниқса, енгил ва озиқ-овқат саноати ривожланаётир. Замонавий транспорт хизматига эҳтиёж ўсмоқда. Халқаро, маҳаллий аҳамиятга эга ва ички йўлларда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда вилоят ҳудудидаги 535 километр йўлда реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани бунинг ёрқин исботидир. Ҳудудда юз бераётган бундай ўзгаришлар вилоятда ана шу соҳалар учун малакали мутахассислар тайёрлашни тақозо этмоқда. Абитуриентлардан ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси, технологик машина ва жиҳозлар, кимёвий технология, енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси, озиқ-овқат технологияси, транспорт иншоотлари эксплуатацияси, автомобиль йўллари ва аэродромлар, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишлари бўйича ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Қабул жараёнидаги шароит ва имкониятлардан абитуриентлар ҳам, ота-оналар ҳам мамнун.

Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида вилоят аграр тармоқлари эҳтиёжлари асосида мева-сабзавотчилик, узумчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, қишлоқ хўжалиги менежменти, қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрланади. Филиал қабул комиссиясидан маълум қилишларича, ота-оналар мурожаати эътиборга олиниб, шу йил Тошкент давлат аграр университетининг ана шу йўналишлар бўйича биринчи босқичини тамомлаган сурхондарёлик ва қашқадарёлик талабалар ҳам иккинчи курсдан ўқишни Термиз филиалида давом эттириш имкониятига эга бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги янги ўқув даргоҳига яқин ҳудуддан профессор-ўқитувчилар ва талабалар илмий-тажриба олиб боришлари учун 50 гектар унумдор ер майдони ажратди.

– Вилоятда фермерлик ҳаракати етакчи кучга айланиб бораётгани соҳа учун малакали мутахассисларга талаб ва эҳтиёжни оширмоқда, –дейди Сурхондарё вилояти фермерлар кенгаши раиси Абдусалом Нуриддинов. – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун қулай иқлим шароитига эга вилоятнинг кенг майдонларида интенсив боғлар, тоғли ҳудудларда ёнғоқзор ва пистазорлар барпо этилмоқда. Доривор ўсимликларни парваришлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилаётир. Замонавий иссиқхоналарда турли зироатлар етиштирилиб, сархил мева, узум, сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлаш ҳамда қайта ишлашга эътибор кучаймоқда. Қишлоқ ёшлари аграр соҳага қизиқса-да, кўпчилиги Термиз давлат университетига ҳужжат топширар эди. Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали очилгани аграр тармоқни малакали мутахассислар билан таъминлашга кенг имконият яратади.

Яна ўқинг:  Хайрия тадбири давом этмоқда

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: