Укамнинг соғлиғи яна тикланди

Инсон учун саломатликдан кўра буюк неъмат йўқ. Танинг соғ бўлса, ҳаётдан завқ олиб яшайсан, элга астойдил хизмат қиласан. Борди-ю бетоб бўлиб қолсанг, дунё кўзингга қоронғу бўлиб кетади. Кўнгилдаги нотинчлик оилангга ҳам ўз таьсирини кўрсатади.

Укам Исмоил Йўлдошев одамлар ғамини ейдиган, меҳнаткаш йигит эди. Унинг самимийлиги, ташкилотчилиги ҳамманинг ҳавасини келтирарди. Кейинги йилларда ҳаётнинг югур-югурлари билан бўлиб, соғлиғига эътибор бермади. Бирдан хасталаниб қолди. Бундан оиламиздагиларнинг ҳам тинчи йўқолди. Укам даво излаб, кўп жойларга борди, тажрибали шифокорлар кўригидан ўтди, уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутди. Лекин фойдаси бўлмади.

Охир-оқибат Республика Вирусология илмий-тадқиқот институти қошидаги клиникада даволанди. Мунтазам даво чоралари, шифокорларнинг эътибори туфайли укамнинг соғлиғи яна тикланди. У ўзини аввалгидек, бардам сеза бошлади. “Тўғри ташхис – ярим даво” деганларидек, Исмоил аниқ ташхис туфайли дардидан бутунлай халос бўлди.

Шу фурсатдан фойдаланиб, укамнинг жонига оро кириб, дардига малҳам бўлган клиника бош врачи Муҳайё Асилова, бўлим мудири Хайрулла Файзуллаев, даволовчи шифокорлар – Зафар Мелиев, Улуғбек Мирзаев, Ойбек Уралов, катта ҳамшира Матлуба Одилова ва ҳамшира Шаҳноза Эшмуҳамедоваларга оиламиз номидан чексиз миннатдорлик билдираман.

Меҳрихон АБДУРАҲМОНОВА,

меҳнат фахрийси

Яна ўқинг:  Хорижлик шифокорлар юртимизда

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: