“Ёрқин”даги бир кун

ёки ҚВП таассуротлари

Юртимиздаги кўплаб қишлоқ врачлик пунктлари бирлаштирилиб, фаолияти янгидан йўлга қўйилди, оилавий поликлиникаларга айлантирилди. Мазкур кичик тиббиёт муассасаларида “тез ёрдам” бўлими ташкил этилиб, “амбуланс” автомашиналари билан таъминланмоқда.

Бу жуда қувонарли ҳол, туман марказидан олис қишлоқлар аҳолисининг ҳам дарди енгиллашди, хавотири барҳам топди, дегани эмасми?!

Хўш, Зафаробод туманининг “Ёрқин” шаҳарчаси аҳолиси ҳам шундай фикрдамикан?

“Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида 7 минг 652 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман марказидан 10 км масофада жойлашган мазкур шаҳарчадаги мавжуд қишлоқ врачлик пункти фаолияти ҳақида кўп ҳам ижобий фикр билдириб бўлмайди.

Қишлоқ врачлик пункти ҳудуддаги фермерлар уюшмасининг икки қаватли биносида жойлашган (ёки аксинча). Тиббиёт муассасасининг санитария-гигиена нуқтаи назаридан озода сақлаш талабидан келиб чиқсак бу ҳолат қанчалик тўғри? Ахир, кичик тиббий муассасада лаборатория текширувлари ўтказилиб, қон таҳлили ташхиси олинади.

Бино таъмирталаб. Собиқ тузумдан “эсдалик” бўлиб қолган, аллақачон “иззати битган” мебеллар, бўёқ тегмаган деворлар, кўпчиб ётган пол илинжни синдиролмасада, “таъбингизни тирриқ” қилади. Бинода жойлашган “Дори-дармон” АЖга қарашли дорихонанинг ҳолатини кўриб, беихтиёр “уҳ” тортиб юборасиз(аҳоли бунга кўникиб қолган).

ҚВПда бир нафар умумий амалиёт шифокори, бир нафар болалар шифокори, 20 нафар ҳамшира (шулардан 8 нафари патронаж ҳамшираси) фаолият юритади. Тиббиёт ходимларининг ишидан, касбига бўлган муносабатидан аҳоли мамнун: патронаж ҳамширалари ўзига бириктирилган оилалар ва уларнинг аъзоларини “беш қўлдек” билади. Аммо уларнинг тиббий анжомлари ҳам тўкис эмас. Кичик тиббий муассасада кадрлар муаммоси мавжуд, 5 нафар врач штат бирлигида бир нафар умумамалиёт шифокори ишлаётир.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича бизнинг қишлоқ врачлик пунктда ҳам тунги навбатчилик ташкил этилганди, – дейди ҚВП мудири Ўрол Файзуллаев, – Туман тиббиёт бирлашмасидан ҳар куни бир нафар шифокор ҳудудимизга бириктирилган эди. Аҳоли бундан чексиз мамнун бўлди, соғлик борасида хавотири ариди, беҳаловатлиги барҳам топди. Хасталик кўпинча тунда безовта қилади, мурожаат қилувчилар учун бу улкан қулайлик эди. Жорий йилнинг 1 июнидан навбатчилик бекор қилинар экан. Тиббиёт бирлашмаси бунга навбатчи шифокорларга ҳақ тўлаш муаммосини рўкач қилишди.

Яна ўқинг:  Gul faslini gulzor aylang

Ўзини Сафар ота Мавлонов деб таништирган нуронийдан ҚВПга тиббий текширувдан ўтгани келдингизми, деб сўрайман. Маҳалла фаоли “ёрқин”ликларнинг муддаоси билан келганини айтади:

– Тунги навбатчиликда “тез ёрдам” машинаси бириктирилса, – дейди отахон, – шаҳарчада аҳоли кўп, иссиқ жоннинг иситмаси бор, беморлар ҳам талайгина. Юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кўриб қувоняпмиз. Шу ислоҳотларнинг “шамоли”дан биз ҳам баҳраманд бўлайлик, деймизда.

Албатта, ўз соғлиги, маҳалладошларининг омонлиги борасида қайғуриш чинакам инсоний фазилат. Бу каби нуроний отахонлар панду насиҳати, эзгу амали билан ҳудудда улғаяётган ёш авлодга ибрат бўлади.

Аммо қишлоқ врачлик пунктининг орқа биқинида чиқиндиларнинг ёйилиб ётиши, хунук манзара касб этаётгани шу кўчада, маҳаллада истиқомат қилаётган аҳолининг яшашига халал бермасмикан, деган ўй кечади кўнгилдан… Қўли қадоқ халқимиз, меҳнат қилишдан ҳоримайди. Маҳалладошлар бошини бириктирувчи нуронийларимизнинг эзгу сўзи билан бир ҳашар ташкил этилса, ён-атроф обод, диллар ҳам чароғон бўлиб кетади аслида.

“Ёрқин”ликларнинг истакларини туман ва вилоят мутасаддилари инобатга олади, деган умид учқунлайди дилимизда. Зеро, қабул қилинаётган ҳар бир қарор халқ манфаатини таъминлашнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилиши зарур.

Фахриддин ҲАЙИТОВ,

“Соғлом авлод” мухбири,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: