Ҳар зарбида ҳаёт жаранги

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир Давлат дастурларини амалга оширишда мурувват, таълим, спорт, тиббиёт йўналишларида кенг кўламли дастурларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарма Корея Республикаси, АҚШ, Россия, Малайзия, Финландия, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги каби хорижий давлатларнинг халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

2011 йилда “Соғлом авлод учун” жам­ғармаси томонидан “Save the Children” ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Таш­қи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик доирасида Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти клиник шифохонаси туғма юрак нуқсонли болаларни операция қилишда ишлатиладиган оксигенатор ва уларнинг зарурий воситалари билан таъминланди. Ушбу лойиҳа натижасида Тошкент Педиа­трия Тиббиёт институти клиник шифохонасида махсус замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган қўшимча операция хонаси ташкил этилди ва мамлакатимизда туғма юрак нуқсони билан туғилган бемор болаларни замонавий усулларда соғломлаштиришга имконият яратилди. 2011 йилда 50 дона оксигенатор (операция пайтида вақтинчалик юрак вазифасини бажариб турувчи ускуна) хайрия йўли билан келтирилди.

Фарзанд – оила қувончи. Ота-она фарзанднинг ҳар бир муваффақияти учун қувонса, мурғак жисми оғриганида қадди букилади. Фарзандидан ҳам ортиқроқ дард чекади.

Бекободлик Дилафрўз Алиқулова ва Зоҳиджон Алиқуловларнинг қизалоғи Олтинойга Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти шифокорлари юрак туғма нуқсони ташхисини қўйишди ва уни зудлик билан операция қилиш лозимлигини таъкидлашди.

Яхши инсонларнинг борига шукр, ҳар бир шифокор астойдил ёрдам қўлини чўзди.

– Тавсия этилган даво чораларини қўллаганимизда қизимиз Олтинойнинг аҳволи бир мунча яхшилангандек бўлди, – дейди қизалоқнинг отаси Зоҳиджон ака. – Аммо у буткул соғайиб кетмади.

Орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг ота-она “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг фаолияти хусусида эшитиб, унга мурожаат этишди.

Маълумки, жамғарма бевосита халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ишларини амалга оширади. 2011 йилдан буён жам­ғарма билан фаолият олиб бораётган Жанубий Кореянинг “Save the Children Korea” хайрия ташкилоти ҳам ана шундай ҳамкор ташкилотлардан биридир 2008 йилдан бошлаб кореялик мутахассислар (Сеул ва Пундан Ча, Ин Ха университетлари клиникалари) билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони билан оғриган бемор болаларни Корея ва республикамиз клиникаларида соғломлаштириш дастурини амалга ошириб келмоқда. Бундан хабардор бўлган Олтинойнинг ота-онаси фарзандини жамғарма томонидан ташкил этилган тиббий кўрикка олиб келди. Қизалоқни оз муддат ичида жарроҳлик амалиётини ўташ учун Кореяга жўнатишди. Натижада эса оиладагилар, қариндош- уруғлар шодлиги чексиз.

Яна ўқинг:  Ilm va hunar yo`li

Ҳозирда Олтиной 3 ёшда. Мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчи. Эндиликда у аввалгидек тез-тез толиқиб, ранглари синиққан қизалоқ эмас. Унинг ота-онаси фарзандининг омон-эсон бағрида ўсаётганини кўриб шукрона келтиради ва болалар саломатлиги йўлида қилинаётган ишлардан мутасадди ташкилотлардан миннатдордир.

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи Ҳусан ака Нерембетовнинг фарзанди Камронбек Омонов ҳам туғма юрак нуқсони билан туғилган эди. Жам­ғарманинг беғараз кўмаги туфайли унда ҳам жарроҳлик амалиётини ўташди. Ҳозирда Камронбек 4-синфнинг аълочи ва фаол ўқувчиларидан бири.

– Фарзандининг тенгдошлари билан бирдек ҳаракат қилолмаслиги, улардан ортта қолиши ота-она учун ниҳоятда оғирдир, – дейди Ҳусан ака. – Тасаввур қилинг­га, кўзларида ҳаётни ўрганиш иштиёқи жўш уриб туради-ю, аммо имконияти чекланган. Лекин, ҳозирда минг шукрлар бўлсинки ўғлим бемалол югуради ва тенг­дошлари қаторида ўйнаб-кулади. Бундан мен ҳам, ўзи ҳам жуда хурсанд.

Ана шундай инсонларга меҳр ва қувонч улашаётган “Соғлом авлод учун” жамғармаси ходимларига келгуси ишларида муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Майна ҲАСАНОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: