Таниш манзара

Дераза тарафдаги ўриндиқда ўтирган бола кўчага бир аланглаб, сўнг қўлидаги телефонига тикилди. Экранни пайпаслаганича, қандайдир ўйинни ўйнашга киришди. У тепасига келиб тўхтаган катта ёшли йўловчини пайқамади ҳам.

Шу пайт боланинг ёнида ўтирган ўрта ёшлардаги қиз ўрнидан туриб, амакига жой берди. Отахон ўриндиққа ўтириб, болани диққат билан кузата бошлади. Йигитча эса ҳали ҳам телефонида берилиб ўйин ўйнарди.

Амаки ундан қизиқсиниб сўради:

– Қанақа ўйин ўйнаяпсан, ўғлим?

– Зомби, – бошини кўтармай жавоб берди болакай.

Отахон яна сўради:

– Зомби нима эканини биласанми, ўзи?

Йигит жавоб ўрнига лабини йўқ маъносида учирди.

Бу орада автобус бекатга келиб тўхтади. Бола бошини кўтариб, деразага қаради ва ўрнидан энди қўзғалаётган амакини туртиб, шошганча олдинга интилди. Нуроний бошини чайқай-чайқай, у билан изма-из автобусдан тушди.

“Ўйинчи” бекат ёнидаги мактаб томон югурди. Амаки ҳам унга эргашди. Дарвозага яқинлашган болакай телефонини сумкасига яшириб, қадамини тезлатди. Сал юрмай олдидан чиққан кишини кўриб, “таққа” тўхтаб қолди.

– Нега дарсга кечикиб келаяпсан? Аянгга телефон қилганимда чиқиб кетди, деганига бир соат бўлди-ку!

– Келаётувдим, дада, автобус секин юрди-да…

– Нима? Бу сафар автобус баҳонами? Ростини айт, қаерда эдинг?

–…

Шу пайтда автобусдаги амаки уларга яқинлашди. Боланинг отаси юзи ёришганича, отахонга пешвоз чиқди:

– Ассалому алайкум, келинг, устоз! Биз шогирдларни бир йўқлай дебсиз-да!

Кекса ўқитувчи унинг саломига алик олди. Сўнг автобусдаги “таниш”ига жилмайиб қаради:

– Ўғлингизми?

– Ҳа, ўғлим, – деди ота.

– Дарсга кечикиб келаётганлигининг сабабини сизга айтдими?

Бола секин бошини кўтариб, амакига қаради. Нигоҳида аллақандай ҳадик.

– Зомби нималигини ўғлингизга тушунтиринг, Ўктамжон! Биз автобусда бирга келдик, чинданам автобус секин юрди…

Шундай дея кекса устоз мактаб биноси томон юриб кетди. Бир муддат унинг ортидан қараб турган ота ўғлини қийин-қистовга олди:

– Яна аянгни телефонини олдингми? Шундайми? Сен чиндан ҳам зомбига айланиб бораяпсан!

Бола сумкасидан телефонни олиб, индамай дадасига узатди…

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Яна ўқинг:  Olam ostonasi

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: