Тестостероннинг кўплиги эркак кишининг хатти-ҳаракатида қандай акс этади?
Америкалик олимлар тестостерон гормони кўп бўлган эркаклар савқи табиий асосида ўз-ўзидан қарор қабул қилишга мойиллиги ва ноҳақлигини тан олишга тайёр бўлмаслигини аниқлади.
Тадқиқот натижаси Калифорния технология институтининг сайтида чоп этилди. Тадқиқотнинг тўлиқ версияси Psychological Science илмий журналининг янги сонида босилади.
Тажрибада 243 нафар эркак иштирок этди. Уларга гормон дозаси ёки плацебо (дорилик хусусияти бўлмаган, бироқ мижознинг ишончи асосида даволаш мақсадида фойдаланиладиган модда) қабул қилиш таклиф этилди. Сўнг улар синчиклаб текширув ва пухта тафаккурни талаб қиладиган турли математик топшириқларни бажаришди.
Тестостерон дозаси қабул қилганлар энг биринчи миясига келган фикрга асосланиб нотўғри жавоб берди. Улар жавобининг тўғри-нотўғрилиги билан қизиқмади ҳам.
Олимлар бу қонуниятни қуйидагича изоҳлади: эркакнинг организмида тестостерон ошиши билан ўзига ишонч ҳисси ортиб боради. Агар эркакнинг ўзига ишончи зиёда бўлса ва ҳақлигига ишонса, хатосини тузатишга мойил бўлмайди, деб ёзади тадқиқотчилар.
Манба: sof.uz