ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТИББИЁТ ТАЪЛИМИ САМАРАЛАРИНИНГ ЯНА БИР ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФИ

Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасида 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғирисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ таълим тизимини, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар инфратузилмасини ислоҳ қилишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, қайд этилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йилда имзоланган Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури бос­қичларини белгилаб берган 2107-сонли фармонига биноан олий тиббий маълумот халқаро стандарт – икки босқичли олий тиббий маълумотга ўтказилди.

Масалан, таълимнинг биринчи босқичи – бакалавриатда ўқитишда барча тиббиёт олий ўқув юртлари қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда ишлаши мумкин бўлган умумий амалиёт шифокорларини (умумий педиатр, умумий гигиеначи-эпидемиолог, умумий стоматолог) тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу мамлакатимиз аҳолисига, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Тиббий таълимнинг иккинчи босқичи – магистратура 46 тор мутахассислик (жарроҳлар, кардиологлар, офтальмологлар, юқумли касалликлар шифокорлари ва бошқалар) бўйича шифокорлар тайёрлашни назарда тутади. Бундай мутахассислар соғлиқни сақлаш тизимининг иккинчи ва ихтисослаштирилган бўғинлари, тиббий таълим ва илмий муассасаларда ишлаши учун тайёрланмоқда.

Бунда шифокорлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш масаласи тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, ҳукуматимизнинг қатор қарорлари асосида олий ўқув юртларида таълим жараёнининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, талабаларнинг яшаш ва маиший шароитини яхшилаш, янги спорт иншоотларини фойдаланишга топшириш, мавжудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилаётир.

Шу билан бирга, янги педагогик технологиялар ва инновацияларни жорий этиш давом эттирилмоқда, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда замонавий техник ўқитиш воситалари кенг қўлланилмоқда.

Мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари клиник муаммоларни ҳал этишга асосланган модуль таълимини жорий этмоқда. Мазкур технология жаҳон тиббий таълим амалиётида истиқболли ҳисобланади ва мантиқан мустақил фикрлашни ривожлантиришга хизмат қилади. Бу бўлажак шифокорни тайёрлаш жараёнида муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан ўқитиш жараёнида барча жойларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий тилларни билиш даражасини оширишга оид қарорлар қабул қилинди. Бу ишлар ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Негаки, тиббиёт жадал ривожланиб бораётган соҳалардан бири бўлиб, кўп ҳолларда бугун умумқабул қилинган услуб ва йўналишлар эртага ўзининг долзарблигини йўқотиши мумкин.

Шу сабабли тиббий таълимнинг барча босқичларидаги ўқув дастурлари таълим жараёнига инсон касалликлари сабаблари ва механизмларини тушуниш, уларга ташхис қўйиш ва даволашда янгича ёндашувларни жорий этиш орқали мунтазам такомиллаштирилмоқда. Республика, вилоят ва туман даражасидаги даволаш-профилактика муассасаларида даволаш-ташхис қўйиш жараёнининг стандартлари ҳамда протоколларини жорий этиш бугунги куннинг муҳим талабларидан ҳисобланади. Мазкур стандарт ва протоколлар далилли тиббиёт асосида мамлакатимизнинг етакчи тиббий таълим ва илмий муассасаларининг саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқилмоқда. Далилли тиббиёт интернет-ресурсларда жойлаштирилаётган аниқ илмий маълумотлар таҳлили асосида тавсиялар ишлаб чиқишни кўзда тутади.

Яна ўқинг:  Ҳунар наф келтирар – ИЛМ ШАРАФ-ШОН

Таъкидлаш жоизки, илмий тиббиёт соҳасидаги интернет-ресурсларнинг 80 фоиздан ортиғи инглиз тилидаги манбалардан иборат. Далилли тиббиётдан фойдаланиш, даволаш стандартлари ва протоколларини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янгилаш ва натижада профессионал дунёқарашни кенгайтиришга пухта ёндашиш инглиз тилини, илмий интернет-маълумотлардан фойдаланишни билишни тақозо этмоқда.

Шунингдек, беморни “ётган жойида” амалий (клиник) текшириш (беморни кўздан кечириш, беморларни килиник кўриб чиқишда, операциялар, манипуляциялар ва бошқа жараёнларда иштирок этиш) кўникмаларини мажбурий ўзлаштириш тиббий таълимнинг ўзига хос хусусият­ларидандир. Шу муносабат билан таълим ва ишлаб чиқариш, жумладан, тиббий олий ўқув юртлари ҳамда етакчи килиник марказларнинг интеграциялашуви шифокорларни сифатли тайёрлашнинг муҳим шарт­ларидандир. Яъни, тиббий олий ўқув юртлари етакчи тиббиёт муассасаларидан клиник база сифатида фойдаланади. Талабаларга билим беришда нафақат олий ўқув юртлари педагоглари, балки илмий ходимлар ва тажрибали шифокорлар ҳам жалб этилади.

Бундай ишлар натижасида юқорида қайд этилганлар – мамлакатимиз тиббий олий ўқув юртларининг профессор ва ўқитувчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Шунинг учун педагоглар она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва бошқа касалликларга қарши кураш, мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш соҳасида халқаро ташкилотлар (ЖССТ, ЮНИСЕФ, Глобал фонд ва бошқалар) тавсиялари ҳамда етакчи хорижий давлатларнинг юқори самарали тажрибасини фаол ўрганиб, ўқув дастурларига жорий қилмоқда.

Тошкентда 2011 йил ноябрь ойида “Соғ­лом она – соғлом бола” мавзуида бўлиб ўтган халқаро симпозиумда ЖССТ ва бош­қа халқаро тузилмалар Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг ноёб модели шаклланганини якдиллик билан таъкидлади. Масалан, Сеул Миллий университетининг педиатрия маркази (Корея Республикаси) раҳбарининг маърузасида педиатрия соҳаси ва тиббий кадрларни тайёрлаш масалаларида халқаро ҳамкорлик бўйича эришилган натижаларга юксак баҳо берилди.

Мамлакатимиз тиббий олий ўқув юртларида таълимнинг модернизация қилиниши уларда, жумладан хорижлик талабаларнинг билим олишга қизиқишини оширди. Корея Республикасининг етакчи университетлари билан кенг кўламли икки томонлама муносабатларни йўлга қўйган мамлакатимиздаги етакчи таълим марказларидан бири Тошкент педиатрия тиббиёт институти бунга ёрқин мисол бўла олади. Мазкур институтнинг 100 нафардан ортиқ мутахассиси ҳамкорлик дастури доирасида Самсунг, Енсейск университети ва Сеул Миллий университетининг тиббиёт марказларида малака оширди ва тренингларда қатнашди.

Яна ўқинг:  Тафаккур сандиғидан (2013-39)

Осиё тиббиёт институти раҳбари, профессор Ким Бон Су (Корея Республикаси) 2013 йил 21 январда Кореянинг “World Daily” газетасида эълон қилинган мақоласида “Ўзбекистонда тиббий таълим даражасининг юқорилиги Корея тиббий университетлари талабаларининг Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ўқишни давом эттириши учун катта қизиқиш уйғотди” дейи­лади. Шунингдек, унда “Тошкент педиатрия тиббиёт институтида таълим олиш Ўзбекистон тиббий таълимининг талабаларни кам сонли гуруҳларда юқори малакали мутахассислар томонидан ўқитиш ва амалий дарсларни беморлар “ётган жой”да ўташга имкон қадар яқинлаштиришга асосланган ноёб тажрибасининг амалий ифодасидир” дейилган.

Корея томони Тошкент педиатрия тиббиёт институти салоҳиятини инобатга олиб, Корея Республикаси университетларида бакалавр дипломини олган Корея фуқароларини мазкур институтда шифокорликка тайёрлашдан манфаатдор эканини билдирди. 2007 йилдан буён кореялик талабаларни интеграциялашган тиббий таълимнинг модуль тури асосида ўқитиш дастури бўйича Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институтига Корея Республикасининг ўттиз нафар фуқароси ўқишга қабул қилинди. Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг профессор ва ўқитувчилари томонидан кореялик талабаларни ўқитиш учун ишлаб чиқилган ҳамда халқаро стандартларга мос тўрт йиллик интеграциялашган ўқув дастури педиатрия соҳасида зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишига хизмат қилди. Шунингдек, Осиё тиббиёт институтининг ўқув жараёнини модернизация қилишга қўшган ҳиссаси ушбу дастурни амалга оширишда ижобий натижаларга эришиш имконини берди.

2012 йилда кореялик уч нафар талаба Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ўқишни муваффақиятли тамомлаб, мамлакатимизда олган дипломларини Корея Республикасида нострификация босқичидан ўтказди ва шифокорлик лицензиясини олиш ҳамда Кореянинг етакчи тиббиёт марказларидаги клиника ординатурасида тор мутахассислик бўйича ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлиш учун давлат тест имтиҳонларини муваффақиятли топширди. Мазкур натижа Корея томонидан улкан ютуқ сифатида баҳоланди. Негаки, Корея Республикаси университетларини тамомлаган талабаларнинг 20-30 фоизигина биринчи йилда давлат тест имтиҳонларини топшира олади.

“World Daily” газетасида чоп этилган ушбу мақолада муаллиф Тошкент педиатрия тиббиёт институти битирувчиси Жанг Со Рянгнинг миннатдорлик сўзларини келтирган. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Ўзбекистон менга шифокор бўлиш имкониятини яратиб берди ва мен бу мамлакатни энди ўзимнинг иккинчи Ватаним, деб биламан. Келажакда тиббиёт соҳасида тажрибага эга бўлганимдан сўнг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида замонавий ва самарали тиббиёт технологияларини жорий этишга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман”.

Яна ўқинг:  Соғлом авлод – келажак асоси

Тошкент педиатрия тиббиёт институти модуль таълимининг охирги босқич талабаси Со А Ёнгнинг АҚШда лицензияли тиббий имтиҳонларнинг (USMLE) уч босқичидан муваффақиятли ўтгани ҳам ушбу дастурнинг муҳим ютуғи ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, унга АҚШдаги етакчи тиббиёт университетларидан бирида килиника ординатураси курси бўйича ўқишни давом эттириш ҳуқуқини берди. Шу муносабат билан Со А Ёнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга Ўзбекистонда олий тиббий маълумотга эга бўлиш имконини бергани учун қуйидаги миннатдорлик мактубини йўллади:

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Авваламбор, Сизга Ўзбекистон Республикасида менга таълим олиш имконияти яратиб берилгани учун ўзимнинг самимий миннатдорлигимни изҳор этиш, Сизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва масъулиятли фаолиятингизда янада улкан муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз.

Айни пайтда мен Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг еттинчи босқичи модуль гуруҳида таҳсил олаётирман. Бу ерда ўқитиш жараёни Сиз маъқуллаган ўқув дастури ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда Осиё тиббиёт институти (Корея Республикаси) ўртасидаги ҳамкорликка оид шартномага мувофиқ амалга оширилмоқда.

Мен болалигимдан тиббий маълумот олишни орзу қилардим ва бу имкониятга Ўзбекистон Республикасида эга бўлдим. Шунингдек, Ўзбекистонда эгаллаган билимларимга таянган ҳолда, АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида ишлаш учун уч босқичли синовдан ҳам муваффақиятли ўтдим. Бу билан Ўзбекистон Республикасида бериладиган олий тиббий таълим даражаси халқаро стандартлардан қолишмаслигини алоҳида таъкидлашни истардим. Ишончим комилки, бу Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз ва ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътиборингиз самарасидир.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизни мамлакатларимиз ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик йўлга қўйилганининг 20 йиллиги билан табриклаш ҳамда Сизга сиҳат-саломатлик ва шахсий ҳаётингизда омадлар тилашга ижозат бергайсиз!

Чуқур эҳтиром ила Со А Ёнг.

Кореялик талабаларнинг Ўзбекистонда олган билими ва орттирган тажрибаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти дипломининг Корея Республикаси ва АҚШда эътироф этилиши мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш самарасида яратилган таълим даражасининг юқорилигидан далолат беради. Корея томони шуларни эътиборга олиб, Корея Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси тиббий олий ўқув юртларида тиббий таълим олиш амалиётини кенгайтиришдан манфаатдорлигини маълум қилди. Шу муносабат билан кореялик талабаларнинг Самарқанд давлат тиббиёт институтида ҳам модуль асосида таълим олиши режалаштирилмоқда.

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: