ҲАММАСИ ҒАЛАБА УЧУН, ҲАММАСИ ВАТАН УЧУН

Куни кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси миллионлаб ўзбек футболи ишқибозларига олам-олам завқ улашди. Муҳташам “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган футбол бўйича 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш мусобақасининг тўртинчи босқич олтинчи тур учрашувида вакилларимиз Ливан терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, муҳим уч очкони қўлга киритди.

Ҳаммаси ғалаба учун, Ватан учун

“А” гуруҳида охирги ўринни эгаллаб турган Ливан терма жамоаси учун Тошкентдаги ўйин ҳал қилувчи аҳамият касб этарди. Чунки улар бу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасидан мағлубиятга учраса, жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари кескин камайиб кетарди. Шу боис, ливанлик футболчилар муҳим учрашувда футболчиларимизга жиддий қаршилик кўрсатишди. Якунда эса ҳаммаси биз учун ижобий якун топди. 35 минг мухлис қўллаб-қувватлаши остида ҳужумкор ўйин намойиш этган футболчиларимиз Сервер Жепаровнинг ягона голи эвазига муҳим ғалабани қўлга киритди.

Ушбу ғалабадан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11 очко жамғариб, пеш­қадамлик мав­қеини мустаҳкамлади.

Гуруҳдаги иккинчи учрашувда Жанубий Корея футболчилари ўз майдонида сўнгги дақиқаларда урган голи эвазига Қатар миллий терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўн очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Мағлубиятга учраганига қарамай, қатарликлар ва бу турда дам олган Эрон миллий терма жамоаси ҳам ҳисобларидаги етти очко билан мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичининг нав­батдаги учрашувини 11 июнь куни сафарда Жанубий Корея футболчиларига қарши ўтказишади.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  Аслида қандай?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: