Пианино

(ҳикоя)

САЛИМ АШУР

Пианино эски эди. Уни шаҳарнинг бир чеккасидаги хонадондан сотиб олишди. Хонадон эгалари – чол-кампир бир-бирига меҳрибон, бир-бирига кулиб қарайди. Уларнинг қизи ўқувчилик йилларида мусиқа мактабига ҳам қатнаган, пианино чалишни ўрганган.

Қиз мусиқачи бўлмади. Мактабни тугатиб, бошқа шаҳарга ўқишга кетди. Ўша ерда ишга ҳам қолди.

Шундан сўнг пианинонинг оғир кунлари бошланди. У балоғатга етган қиз хонасидан аввал даҳлизга, сўнг ҳовлига чиқарилди. Ёз бўйи иссиқда турди. Кузда ёмғирда қолди. Чол мардикор бозоридан ҳаммол ёллади. Тўрт кишининг кучи етмади. Олти эркак уни омборхонага олиб ўтди. Девор қирраси ва эшик кесакисига тегиб, четлари қирилди. Ранги ўчди. Ўргимчак тўрлари қоплади. Ке­йин сичқонлар ичига ин қўйди.

Сичқонлар чийиллаб, оқ-қора бўлаклар устида бир-бири билан тортишиб-юлқишаркан, клавишлар беўхшов биғиллар, бу худди беозор йиғига ўхшарди. Тўғрисини айтганда, сичқонлардан ҳеч қачон моҳир пианиночи чиқмаслиги сезилиб қолди. Шунда пианино клавишлари қизнинг нозик бармоқларини, мусиқаси ўхшаганда хурсанд бўлишлари-ю, ўхшамаганда изтиробларини соғинарди.

Кунларнинг бирида кўк темир дарвозанинг икки қопқаси икки ёнига очилди. Ўртача юк машинаси орқа билан юриб ҳовлига кирди.

Шарақлатиб кузов тўсинини туширдилар. Пианинони машинага олиб ўтмоқчи бўлишди. Уддалашолмади. Терга ботган тўрт барзанги шилинган кафтларига ачиниб шунақа пианино ишлаб чиққанни ҳам, сотиб олганни ҳам бўралатиб сўкди. Жигарранг пианино уятдан қорайиб кетди.

Пианинонинг эгаси – чол-кампирнинг чеҳраси тунд, бир-биридан кўзини олиб қочади.

Кўчада давра қуриб турган кишилардан яна тўрт кишини чақиришди.

Чолу кампир қадрдон бўлиб қолган пианинони қари кафтлари билан сўнгги бор силаб-сийпалади. Кўнгиллари бузилиб дарвозани ёпишди. Энди пианинони машинага олиб ўтишди. У урилди-сурилди. Янаям абгор бўлди. Пианино кўп қаватли уйларнинг олдига олиб келинди. Уни энди авайлаб туширишди. Шу ернинг ўзида чангларини роса артишди. Орқасида ёпишган йиртилган элакка ўхшаш ўргимчак уясини синдириб олишди. Сичқонлар изидан асар ҳам қолмади. Топ-тоза пианинога ҳаваси келдими, уйларнинг ортида беркиниб ётган шабада шу ерда пайдо бўлди, пианинонинг ўтириб қолган ёмон ҳидларини олиб, унга гул-гиёҳлару баҳорнинг ҳидини қолдириб кетди. Пианинони саккизинчи қаватга олиб чиқишди. Бу сафар у қийналмадиям, озор ҳам чекмади. Унга меҳр кўрсатишди. Ёруғлик ва қуёш нури мўл тушадиган кенг хонага, чиройли шкафнинг ёнига қўйишди, пианино ярақлаб, очилиб кетди, худди янгига ўхшаб қолди.

Пианинонинг янги эгаси – баланд бўйли, кўзойнак таққан зиёли киши малла сочлари ўсиб елкасидан пастга тушган озғин устани бошлаб келади. Уста ярим кун уннаб, пианинонинг созларини уйғунлаштиради.

Янги хонадонда сочлари ҳам, оппоқ бармоқлари ҳам узун қиз яшайди, дарсдан кейин пианино чалади. Унинг исми Шаҳноза. У ҳафтасига уч марта мусиқа мактабига боради. Мусиқага қизиққани шунчалик-ки, эрталаб туриб ҳам, уйқудан олдин ҳам клавишларни тинч қўймайди. Пианинога ҳам, пианиночига ҳам илҳом керак. Дарвоқе, илҳом нималигини биласизми? Илҳом кўнгилга беғубор туйғулар, янги фикрларнинг омухта ҳолда қуйилиб келиши, уни шавқ деса ҳам бўлади. Сиз ҳам қизиққан машғулотингизга, масалан расм чизиш, куй чалиш, рақс тушиш, шеър ёки ҳикоя ёзишни ўрганаётганингиз ёки машқ қилаётганинингизда қизиқиб, берилиб кетиб, атрофдагиларни унутиб қўясиз-ку, ҳа-ҳа, баъзан унутиб қўясиз, ана ўша ҳолат – илҳом. Кун давомида ўрганолмаган нарсангизни баъзида бир неча дақиқада ўрганиб оласиз, катталар ишим битмай ётган эди, юришиб кетди, дейишади-ку, ана ўша илҳом-да.

Шаҳноза пианино устига бежирим вазада чиройли гуллар қўяди. Гулларни ҳар икки-уч кунда янгилайди. Гуллар сони еттита. Топинг-чи, нега? Чунки, ноталар сони ҳам еттита: до-ре-ми-фа-соль-ля-си…

Шаҳноза тез орада мусиқа танловларида қатнашадиган бўлди. Йирик бир танловдан ғолиб бўлиб қайтди. Уйга бир қучоқ гуллар билан келди.

Гулларни пианино устига қўйди. Гуллар кўрки гуркираб кетди. Гўё Шаҳноза эмас, пианино танлов ғолиби бўлган эди.

Шаҳноза пианино олдига мослашиб ўтирди. Бармоқлари силлиқ клавишлар узра бир зум тўхтаб қолди – қаёқдандир ил­ҳом келаётган эди…

Яна ўқинг:  “САЛОМАТЛИК ПОЕЗДИ” НАВОИЙДА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: