Атлетларимиз ўсмирлар олимпиадасида қатнашади
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мамлакатимиз ёш атлетлари ҳам муносиб иштирок этди.
Нуфузли мусобақада дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан 400 дан ортиқ спортчи совринли ўринлар билан бирга 2018 йили Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпиадасига лицензияларни қўлга киритиш учун баҳслашди.
Жаҳон чемпионатининг қизлар ўртасидаги баҳсларида ўз вазн тоифасида Кумушхон Файзуллаева кумуш ва бронза, Гулноза Аҳмадова битта бронза ва иккита кумуш медалга сазовор бўлгани ҳақида аввал хабар бергандик.
Чемпионатда қатнашган қизларимизнинг қайд этган натижалари терма жамоамизнинг муҳим очколарни қўлга киритишини таъминлади. Натижада учинчи ўринни эгаллаган атлетларимиз ўсмирлар Олимпиадасининг иккита лицензиясига эга бўлди.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги вазни 94 килограммгача бўлган атлетлар баҳсида иштирок этган Саидмухтор Саидаҳроров ва Александр Ли совриндорлар қаторидан ўрин олди. Ўсмирларимиз умумжамоа ҳисобида саккизинчи ўринни эгаллаб, Олимпия ўйинларининг битта лицензиясини қўлга киритди.
Т.ОРТИҚОВА