Мастопатия
Бу касалликни ўз вақтида даволатмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
Кўкрак бези касалликлари орасида энг кўп учрайдигани мастопатия хасталигидир. Статистик маълумотларга қараганда, бу касаллик 50-80 фоиз аёлларда учрайди ва 20-25 ёшдан 45-50 ёшгача бўлган аёлларда кузатилади.
Мастопатия ёки бошқача қилиб айтганда, кўкрак безининг фиброз-кистоз касаллиги натижасида кўкрак бези тўқимасида бир қатор ўзгаришлар юзага келади. Мастопатия касаллигини тиббий тилда кўкрак бези тўқимасининг дисгормонал гиперплазияси деб айтиш мумкин. Яъни, аёл кишининг организмида рўй берган гормонал номутаносибликлар натижасида кўкрак безида фиброз тўқиманинг ўсиши кузатилади.
Мастопатия касаллигининг келиб чиқишида асосий роль ўйнайдиган омилларга қуйидагилар киради: хасталикка наслий мойиллик, аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар, асаб тизимининг ҳолати, атроф-муҳит, экология ва албатта овқатланиш тарзи.
Кўкрак бези тўқимасидаги ўзгаришлар аёл кишидаги мавжуд бўлган гинекологик касалликлар билан узвий боғлиқдир. Булардан узоқ вақт давом этган тухумдон ва бачадондаги яллиғланиш жараёнлари, кўп марта амалга оширилган сунъий абортлар мастопатия касаллигининг келиб чиқишига асосий сабаб бўлиши мумкин. Жинсий ҳаётнинг мунтазам тарзда бўлмаслиги ҳам баъзи ҳолларда мастопатия касаллигининг юзага келишига сабаб бўлади.
Мастопатия касаллигининг биринчи белгиси – оғриқдир. Оғриқ одатда ҳайз кўришдан бир ҳафта-ўн кун олдин бошланади. Баъзи ҳолларда қўлтиқ остига ва елка соҳасига тарқалади. Кўкрак безлари шишади, оғирлашиб, қаттиқлашиб қолади. Ҳайз келиши билан бу ҳолат ўтиб кетади. Кўкрак безидаги бу ўзгаришлар мастопатия касаллигининг бошланғич белгиларидир.
Мастопатия касаллиги кўп йиллар давомида секин-асталик билан ривожланиб боради. Авваламбор, кўкрак бези тўқимасида қаттиқлик, сўнгра эса майда-майда тугунчалар пайдо бўлади, бориб-бориб сўрғичдан шилимшиқ суюқлик ажралиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Касалликни эрта аниқлаш ва уни олдини олиш учун аёл киши доимо ўзининг кўкрак безларини текшириб туриши лозим. Бунинг учун энг қулай вақт ҳайз даврининг 5-10 кунлари ҳисобланади. Аёл киши чўмилаётган вақтида қўлларини юқорига кўтарган ҳолда, кўкрак безларини ва қўлтиқ ости соҳасини навбатма-навбат пайпаслаб кўриши лозим. Сўнгра текширувни ойна олдида тик турган ҳолатда давом эттириш керак. Бунда яна қайтадан қўлларни галма-галдан юқорига кўтариб, кўкракни ва қўлтиқ ости соҳасида қаттиқлик, шиш, қизариш ёки бирор бошқа ўзгариш бўладиган бўлса, аёл дарҳол мутахассисга мурожаат этиши шарт.
Агарда аёл кишига мастопатия ташхиси қўйилса, у доимо шифокор назоратида бўлиб туриши керак. Мастопатия касаллигини даволаш беморнинг умумий ҳолати, ёши ва касалликнинг ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади. Даволаш воситалари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: витаминлар, фитотерапия, ферментли препаратлар, биологик фаол қўшилмалар, гомеопатик воситалар ва парҳез. Бунда қаҳва, аччиқ чой, какао, шоколад, кола ичимлигини истеъмол қилишни чегаралаш керак. Ўсимлик клетчаткасига бой таомларни истеъмол қилиш ва бир кунда 1,5-2 литрдан ортиқ суюқлик ичмаслик керак.
Баъзи ҳолларда индивидуал равишда, тўғри танланган кам дозали «орал контрацептивлар» (ҳомиладорлик ривожланишини олдини олувчи препаратлар) ҳам мастопатия касаллигига нисбатан ҳам даволаш, ҳам профилактика воситаси бўлиши мумкин. Лекин шифокор билан маслаҳатлашмасдан туриб, даволаш воситаларини қабул қилишлари мақсадга мувофиқ бўлмайди. Мутахассис беморни мукаммал равишда текширувдан ўтказгандан кейингина даво муолажаларини буюради.
КЎКРАК БЕЗИ САРАТОНИ
Ҳозирги кунда кўкрак бези раки аёлларимиз орасида учрайдиган онкологик касалликлар орасида биринчи ўринни эгаллаб, касалланганлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра дунё бўйича ҳар бир ўнинчи аёл кўкрак бези саратони билан хасталанар экан.
Бир йилда кўкрак бези раки касаллиги туфайли 1,5 миллиондан ортиқ аёл дунёдан кўз юмади. Уларнинг 20 фоизини эса 35 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар ташкил қилади. Кўкрак бези саратони эрта босқичда атиги 10-15 фоиз ҳолларда аниқланади. Маълумки, кўкрак бези ўсмаси қанчалик эрта босқичда аниқланса ва даволаш муолажалари қанчалик эрта бошланса, беморнинг ҳаёти шунча узоқ давом этиши мумкин. Агар кўкрак бези раки касаллиги биринчи босқичда аниқланадиган бўлса, 92-98 фоиз ҳолларда бемор касаллик аниқланган санадан бошлаб 20 йилгача яшаши мумкин.
Афсуски, ҳозирги кунда кўкрак бези раки билан касалланган беморларнинг 50-70 фоизи касаллик аниқланган сананинг биринчи 5 йиллиги давомида оламдан кўз юмади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, аксари ҳолларда касаллик ривожланиб кетишига аёлларимизнинг ўзлари сабабчи бўлишади. Аёл кишининг касаллик ҳақида, унинг асоратлари ва оқибати ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслиги, ўз соғлиғига бефарқ бўлиши, вақтида мутахассисга мурожаат этмаслиги туфайли қайтариб бўлмайдиган асоратлар ривожланиб боради ва бемор ўз ҳаётига зомин бўлади.
Кўкрак бези раки касаллигини диагностика қилишнинг асосий усули маммография ҳисобланади. Маммография – кўкрак бези касалликларини рентген нурлари ёрдамида аниқлаш усулидир. Маммография усули асосан 35-40 ёшдан ошган аёлларга тавсия этилади. Бу усул билан беморга 92-96 фоизгача тўғри ташхис қўйиш мумкин. Айниқса, бу борада рақамли маммографларнинг имкониятлари жуда катта. Чунки, айнан рақамли маммограф ёрдамида кўкракда пайдо бўлган микрокальцинатлар жуда яхши аниқланади. Микрокальцинатлар эса кўкрак саратони касаллигининг дастлабки белгилари ҳисобланади.
Кўкрак бези саратонига ташхис қўйишда самарали усуллардан яна бири ультратовуш диагностикаси ҳисобланади. Бу усул ёш аёлларга асосий диагностик усул сифатида тавсия этилади. Лекин ультратовуш кўкрак бези тўқимасидаги микрокальцинатларни аниқлаш имкониятига эга эмас. Шу сабабли ҳам кўп ҳолларда ультратовуш усулини маммография усули билан тўлдиришга тўғри келади.
Кўкрак бези касалликларини диагностика қилишда замонавий тиббий техника асбобларини, хусусан замонавий маммографларни тажрибага тадбиқ қилиш, кўкрак бези раки касаллигини 70 фоизгача биринчи босқичда аниқлашга имкон беради ва ўлим кўрсатгичларини 30 фоизгача камайтиришга олиб келади.
Бахтга қарши ҳозирги кунда аёллар орасида кўкрак бези саратони касаллигининг кенг тарқалишини чеклови ва бу касалликнинг олдини олувчи реал имкониятлар йўқ. Лекин ушбу касаллик эрта босқичда аниқланса, уни даволаш мумкин. Кўкрак бези касалликларини эрта босқичда аниқлаш учун эса аёл киши мунтазам тарзда бир ойда бир марта ўзи кўкракларини мустақил равишда текширувдан ўтказиб туриши керак. Бунинг учун энг қулай вақт ҳайз даврининг 5-10 кунлари ҳисобланади. Климакс даври бошланган аёллар эса ойнинг бирор кунини танлаб, бир ойда бир марта мустақил тарзда ўзларининг кўкракларини текширувдан ўтказишлари керак. Кўкракни мустақил тарзда текширув жараёнида қуйидаги белгиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарур:
– Кўкрак безининг шакли ва ўлчамлари ўзгарганлиги;
– сут бези терисининг ёки сўрғичнинг тортилиб қолганлиги;
– унинг териси ёки сўрғич терисининг дағаллашиб қолганлиги;
– кўкрак бези тўқимасида тугун ёки қаттиқлик пайдо бўлганлиги;
– аёл эмизикли бўлмасада кўкракдан суюқлик ажралиши;
– сут бези соҳасида қизариш ва яллиғланиш белгилари пайдо бўлиши;
– қўлтиқ ости соҳасида тугун пайдо бўлиши.
Борди-ю, аёл киши юқорида санаб ўтилган белгиларнинг бирортасини ўзида сезса, дарҳол мутахассисга мурожаат этиши зарур. Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, кўкрак бези касалликларини эрта аниқлашда ва уларни олдини олишда профилактик тиббий кўриклар жуда катта аҳамиятга эгадир. Ҳар бир аёл сийнаси оғримаса ҳам 30 ёшдан кейин бир йилда бир марта, 40 ёшдан кейин эса бир йилда икки марта мутахассис-маммолог кўригидан ўтиб туриши керак.
Дилобар МИРРАҲИМОВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор