“Наврўз садолари” III халқаро мусиқа фестивали
янги истеъдодларни кашф этди
Ўзбекистон давлат консерваториясида “Наврўз садолари” III халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтди. “Sog‘lom avlod uchun” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ЁИҲ ва яна бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда юртимиздан ташқари Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларидан келган ёш мусиқачилар ўз истеъдодини намойиш этди.
Мамлакатимизда янгидан-янги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият масканларининг барпо этилиши, санъатнинг турли йўналиши бўйича мунтазам ўтказилаётган кўрик-танловлар, ижодий лойиҳалар, фестиваллар миллий мусиқа санъатининг кўп асрлик анъаналарини бойитиш ва уни жаҳон тажрибаси асосида янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга таълим жараёнининг ислоҳ қилиниши, ўқитиш методикаси такомиллаштирилиши ўз самарасини бераётир. Инновацион ишланмалар, илғор педагогик технологияларни соҳага жорий этиш энг долзарб ва истиқболли йўналишлар қаторидан ўрин олмоқда. Бу ўз навбатида фарзандларимиз орасидан янги-янги номларнинг кашф этилишига хизмат қилмоқда.
Айтиш керакки, бу галги фестиваль кўп овозли ижро шаклини ривожлантириш ва янада оммалаштиришга қаратилди.
Тадбирда катта оркестр жамоалари билан бир қаторда кичик ансамбль гуруҳларининг иштирок этишига алоҳида эътибор берилди. Бу орқали республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларида ижод қилиб келаётган турли ёшдаги ижодкорлар қамраб олинди.
– Биз Тожикистон Республикаси Хўжанд вилоятидан келдик. Тадбирга мусиқа ўқитувчиси Дилшод Ҳамроқулов раҳбарлигида ўзбек ва тожик композиторлари асарларини тайёрлаган эдик. Қувонарлиси, шогирдларим “Кўп овозли ансамбль” йўналиши бўйича 3-ўринни қўлга киритишди, – дейди Замира Жўраева.
– Бу йилги фестиваль аввалгиларига қараганда ўзгача руҳда ўтди. Иштирокчилар сонининг кўплиги боис, чинакам истеъдод эгаларини саралаб олиш осон бўлмади. Якунда ўқувчиларим биринчи ўрин ва I даражали диплом билан тақдирланди, – дейди Андижон вилоятидаги 7-сонли мусиқага ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг “Шодлик” ансамбли раҳбари Гулноза Тўхтасинова. – Бу ютуқларимизнинг бари ёшларимизга яратилиб берилаётган имкониятлар натижаси деб биламан. Тилагим юртимизга ҳеч қачон кўз тегмасин.
Фестиваль якунида ғолиб иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.