Асосий ғалабалар ҳали олдинда

Ўғлининг эркин кураш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлганини эшитган Зафар Бердиёровнинг кайфияти кўтарилди. Ишдаги чарчоқлар унутилиб, болалик хотиралари кўз олдидан бир-бир ўта бошлади…

Мактабда ўқиб юрган кезларида ёш Зафарнинг истеъдодини пайқаган жисмоний тарбия ўқитувчиси унга спорт билан мунтазам шуғулланишни ва ўз устида тинимсиз ишлашни маслаҳат беради:

– Сенда туғма истеъдод бор, агар мунтазам машқ қилсанг, албатта, чемпион бўласан.

Эътирофдан кўнгли тоғ бўлган йигитча спорт билан жиддий шуғулланишга аҳд қилди. Аммо, у пайтларда Бекобод шаҳрида бунинг учун имконият етарли эмасди. Бошқа шаҳарга қатнашга эса ота-онаси рухсат бермади. Шу сабаб бўлди-ю, унинг спортчи бўлиш орзулари армонга айланди. Ҳар сафар телевизорда юртимиз спортчиларининг эришган ютуқларини кўрганда, энтикиб қўяр, юрагида янги орзу куртак ёза бошлаганини ҳис этарди. “Ўғил фарзанд кўрсам, албатта, уни спортчи қиламан. Чемпион бўлиб, мен етолмаган марраларга эришади”, деган фикр хаёлида чарх урарди… Шундай бўлди ҳам…

Мамлакатимизда истиқлол йилларида фарзандларимизни ҳар жиҳатдан соғлом ва етук инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Баркамол авлодни вояга етказишнинг энг самарали усули бўлган болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, юртимизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Жойларда замонавий спорт иншоотлари, муҳташам сузиш ҳавзалари, стадионлар, ёшлар марказлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада бугун нафақат шаҳар, балки энг чекка туман ва қишлоқларда туғилган ўғил-қизлар ҳам ўз иқтидори ва салоҳияти билан дунё аҳлини лол қолдириб, нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

2003–2016 йиллар давомида Тошкент вилоятида 14 та сузиш ҳавзаси, 112 та спорт зали, 31 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 26 та намунавий лойиҳалар асосидаги спорт мажмуалари, жами 200 дан ортиқ иншоотлар қуриб, фойдаланишга топширилди.

 

– Ўтган йили вилоятимизда бунёд этилган 24 та спорт объекти бугун ёшлар билан гавжум, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали бош мутахассиси Умида Юсупова. – Спорт, мусиқа ва санъат мактабларининг янги бинолари, 20 та умумтаълим мактабида замонавий спорт залларини қуриш ҳамда мавжуд спорт масканларини капитал таъмирлаш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 18 миллиард 500 миллион сўм йўналтирилди.

Яна ўқинг:  Депутат сўрови – таъсирчан усул

Ёшлар орасида спортни янада оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган саъйҳаракатлар натижасида, бугун вилоятда 98 мингга яқин эртамиз эгалари спортнинг 44 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 18 мингдан зиёдини қизлар ташкил этади.

– Авваллари қиз боланинг спорт билан шуғулланиши имконсиздек туюларди. Бунга биринчидан, етарли шароитнинг йўқлиги бўлса, иккинчидан, ота-оналарнинг қаттиқ қаршилиги эди, – дейди қибрайлик Ҳалима ая Алимова. – Шукурки, истиқлол туфайли одамларимизнинг дунёқараши ўзгарди. Спорт соғлом авлоднинг дунёга келишида муҳим омил эканлигини теранроқ англадик. Спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилди. Набирам ҳам бадиий гимнастика бўйича республикамизда ўтказилган кўплаб мусобақаларда чемпион бўлди.

 

Бугун Тошкент вилоятидаги мактабларнинг барчаси замонавий спорт заллари ва маҳоратли мураббийларга эга. Бунинг самараси ўлароқ, вилоятнинг 300 нафардан ортиқ ёш спортчилари жаҳон, Осиё ва мамлакат биринчиликларида зафар қучишди.

 Ўтган йилнинг ўзида турли даражадаги мусобақаларда 38 та олтин, 13 та кумуш ва 29 та бронза медали қўлга киритилди. Айниқса, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медални қўлга киритган Фазлиддин Ғойибназаров бугун нафақат вилоят, балки, бутун мамлакат фахрига айланди.

Шу ўринда мураббийларнинг малакаси ҳам йилдан йилга ошиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, жамғарманинг мураббийларни қайта тайёрлашга оид қатор лойиҳалари эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлаётир. Бугунги кунда вилоят миқёсида 2 минг 400 нафардан зиёд мураббий ёшларга спорт сирларини ўргатиб келмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан таълим масканларида билим олаётган ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, болалар ва ўсмирларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни мусобақаларга оммавий жалб қилиш йўлидаги ишлар салмоғи ортмоқда.

– Филиалимиз томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом фарзанд – юрт келажаги”, “Гимнастика – барча учун”, “Соғлом аёл – соғлом жамият”, “Болалар лигаси”, “Баҳор маликалари”, “Қувноқ стартлар” каби спорт мусобақалари мунтазам ўтказилади, – дейди Умида Юсупова. – Оилавий спортни оммалаштириш мақсадида “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Она соғлом бўлса, фарзанд соғлом бўлади”, “Куч – бирликда” ва “Соғлом юрт, соғлом келажак” каби спорт тадбирлари ва мусобақалари мунтазамлик касб этиб бораяпти. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан барча умумтаълим мактабларида мавжуд спорт секцияларидан ташқари қў-шимча 1-, 4-синф ўқувчилари учун шахмат-шашка, 5-, 9-синф ўқувчилари учун стол тенниси ва бадминтон тўгараклари ташкил қилиниб, уларга кўплаб болалар жалб этилган.

Яна ўқинг:  NURLI LAHZALAR

…Телевизор орқали ўғли Бобур Бердиёров ҳақидаги лавҳани томоша қилган Зафар ака фарзандининг машғулотларини бевосита кузатиш мақсадида у шуғулланаётган спорт залга борди. Тинимсиз машқлар туфайли ўғлининг устидаги кийимлари тердан “жиққа” ҳўл бўлганини кўриб, унга бироз раҳми ҳам келди. Аммо, ота машқда қийин бўлса, жангда осон бўлишини яхши билади. Зеро, Бобурни олдинда яна бир катта синов – ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати кутиб турибди.

 

 

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: