Баланд учмоқчи бўлдим

Дарсда кўпинча уйқусираб ўтираман. Муаллим ёнимга келиб, мазах қилиб сўрайди:

– Мен ҳикоя қилаётган урушнинг давомини кўрдингми? Ким ғолиб чиқар экан?

Мен ҳеч қандай туш кўрмаганим учун тилимни тишлайман.

Эртасига ўқитувчи қўл кўтариб жавоб бермоқчи бўлганлар қолиб, нуқул дарсни мендан сўрайди. Албатта, мен билмаганим учун қониқарсиз баҳо оламан.

“Мен жавоб бераман”, “Мен айтаман” деганларнинг, бирортасидан муаллим сўрамайди. Яна мени турғизади.

Ахийри “қўл кўтаргандан” сўрамайдиган муаллимга ҳийла ишлатмоқчи бўлдим. Мен билан ёнма-ён ўтирган Ҳотам ҳеч қачон жавоб бермасдан доимо “беш” олиши менга алам қиларди.

Эртасига ўқитувчи “Ким ўтган дарсимизни айтиб беради?” деб сўради. Ўқувчиларнинг деярли ҳаммаси қўл кўтарди. Мен ҳам қўлимни кўтариб шеригим Ҳотамдан ҳам кўра баландроқ “мен, мен” деб бақира бошладим.

– Ия, Шуҳратжон ҳам қўл кўтардиларми? Қуёш қайси ёнбоши билан ўрнидан турди? Марҳамат, сўз сизга, бўлғуси аълочи!

Дам оқариб, дам қизариб, гоҳ гезариб ўрнимдан турдим. Ҳамма синфдошларим ёқа тишлаб менга тикилиб туришарди. Мен ҳаттоки, ўтган дарснинг номини ҳам айтиб беролмадим.

– Айтавер, уялма, – деди ўқитувчи.

Синфдошларим ҳийламни тушуниб кўзларини яшириб қиқирлашни бошлашди. Муаллим ҳам англаб пичинг қилди:

– Қанотинг бўлмаса гар, баланд учмоқ хатодир, – дейишган боболар. Ўтир,-деди муаллим. Хижолатпазликдан қип-қизариб ўтирмоқчи бўлганимда пиқиллашаётган синфдошларим баланд овозда хохолаб кулиб юборишди.

 

Туронбека Шарофутдинова

Яна ўқинг:  Баҳор келди сени сўроқлаб

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: