ТИЛ – ДИЛ КАЛИТИ
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришни, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишни таъминлайдиган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамият барпо этиш йўлида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида эса келажакнинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёш авлодни ҳар томонлама етук, она Ватанга муҳаббат, бой маънавий меросимизни қадрлаш, миллий ғурур, ахлоқ ва маънавият, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш каби долзарб вазифалар юклатилган.
Юртбошимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, деб алоҳида таъкидлаган.
Давлатимизнинг жаҳон мамлакатлари билан олиб бораётган иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий алоқалари кучайиб бораётган бир пайтда юртимиз ёшларининг хорижий мамлакатларнинг ҳаёти, маданияти, урф-одатларига, тилига бўлган қизиқишлари ортиб бормоқда. Бу алоқаларнинг ривожида хорижий тилларнинг, айниқса, инглиз тилининг ўрни беқиёсдир.
Давлатимиз Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 17 февраль куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида эътироф этилганидек, “Биз таълим тизимида ўқувчиларнинг нафақат кенг билим ва профессионал кўникмаларни эгаллаши, айни пайтда чет мамлакатлардаги тенгдошлари билан фаол мулоқот қилиш, бугунги дунёда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар, янгилик ва ўзгаришлардан атрофлича хабардор бўлиш, жаҳондаги улкан интеллектуал бойликни эгаллашнинг энг муҳим шарти ҳисобланган хорижий тилларни ҳам чуқур ўрганишлари учун катта аҳамият бермоқдамиз”.
Тил ўрганиш, унинг аҳамияти, мулоқот воситаси эканлиги ҳақида ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк бобомиз Алишер Навоий қуйидаги таърифни берган:
Сўз зоҳир этар замир иши
кўпрагидин,
Тил мухбир эрур кўнгил ниҳон
эмгагидин,
Фаҳм айла киши ҳолини сўз
демагидин,
Ким, берди хабар ҳадиси
кўнглидагидин.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш доирасида чет тиллар ўқитишнинг комплекс тизими, яъни уйғун камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга, республиканинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига йўналтирилган барқарор тизим яратилди.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мамлакатимизда чет тили таълимини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабларига мос етук мутахассис этиб тайёрлаш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган ишларнинг узвий давоми бўлиб, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз янги сифат босқичига кўтарилиши учун ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.
“Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида узлуксиз таълим тизимида чет тилларни, асосан, инглиз тилини фаол ўргатиш учун зарур шароит яратиш, замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлашни янада такомиллаштириш кўрасатилган. Шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари мақсад қилиб қўйилган.
Ҳар бир таълим босқичида чет тилларни билиш даражасининг аниқ мезонларини назарда тутувчи янги таълим стандартларини тасдиқлаш, умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан бошлаб чет тиллар таълимини узлуксиз жорий этиш, барча даражадаги таълим муассасалари учун ўқув дастурлари, режалари ва дарсликлар ишлаб чиқиш, таълим жараёнини ташкил этиш учун етакчи хорижий ўқув марказларини, чет тиллар бўйича халқаро эксперт ва мутахассисларни жалб этиш ҳақидаги Юртбошимизнинг қимматли таклифлари ёш авлоднинг таълим-тарбияси, уларнинг ёруғ истиқболи йўлидаги ғамхўрликнинг яна бир тасдиғидир.
Таълим муассасаларида хорижий тиллар хоналарини замонавий ахборот-коммуникация ҳамда ўқитишнинг техник воситалари ҳамда анжомлари билан жиҳозлашнинг жадаллаштирилиши, шунингдек, телевидение, маҳаллий телеканаллар орқали болалар ва ўсмирларни хорижий тилларга ўргатиш бўйича кўрсатувлар тайёрлаш, бошқа халқларнинг тарихи ва маданияти, жаҳон илм-фани ва техникаси янгиликларига бағишланган илмий-оммабоп хорижий бадиий ҳамда мультипликацион фильмларни ўзбек тилидаги субтитр ёрдамида мунтазам кўрсатиб боришни амалга ошириш каби ишларнинг йўлга қўйилиши мамлакатимиз ёшларига дунё халқлари тарихи, маданияти, илм-фани билан яқиндан танишиш имконини бериш билан бир қаторда, ўз тарихимизни, маданиятимизни ва ютуқларимизни ҳам намоён этиш имконини беради.
Бугунги ёшларимиз орасида чет тилини мукаммал биладиганлари, жаҳон адабиёти намуналарини аслиятдан таржима қиладиганлари, ўзлари ҳам инглиз, немис, француз ва бошқа хорижий тилларда ижод қилаётганлари кўп. Биз ўқитувчилар бундай ўқувчиларнинг чет тили фанига бўлган қизиқишларини янада қўллаб-қувватлаб боришимиз керак.
Ёш авлодга хорижий тилларни ўқитишда қўшимча манбалардан самарали фойдаланиш, кўргазмали воситалар кўмагида ўқувчиларнинг хорижий тилга қизиқиш ва муносабатини янада юксалтириш, ҳар бир дарсни интерфаол усулларда олиб бориш, дарслардан сўнг ўқувчиларга қўшимча дарслар бериш ва бу жараёнда ноанъанавий услублардан кенг фойдаланишни тақозо қилади.
Ушбу вазифалар барча таълим муассасалари ва чет тили ўқитувчилари зиммасига ёш авлодни мустақил давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада оширувчи юксак салоҳият ва билим эгалари қилиб тарбиялашдек улкан вазифалар юклайди.
Азиза НОДИРОВА,
ЎзДЖТУ қошидаги 3-сон академик лицейи инглиз тили фани ўқитувчиси