Сўзи малҳам шифокор

Халқимиз шифокорларни “саломатлик посбонлари” дея қадрлайди. Уларга ўзгача ҳурмат кўрсатади. Бирор жойингиз оғриб қолса, ёрдам истаб ҳузурига шошиласиз. Ширин сўзидан дардингиз енгиллашганини ҳис этасиз.

Хасталикдан фориғ бўлгач эса қалбингиз таскин топади. Саломатлигингизни тиклашга ҳисса қўшган ўша оппоқ либосли инсонларни бир умр ёдда сақлайсиз. Ҳатто, улар сизнинг яқин инсонингизга айланади. Дунёда эл ардоғидаги шифокор бўлиш, беморнинг саломатлигини тиклаш, унинг дардига малҳам бўлишдан ортиқ савобли иш бормикан?!

Юқорида дарддан фориғ бўлишда ширин сўз муҳим аҳамиятга эга, дея таъкидладик. Аслида сўзнинг ҳам ўз қалби бор. Бемор кўнглига йўл топиб, уни касалликдан фориғ қилишда ширин сўзли шифокорларнинг ўрни бошқа. Ширинсуханлик борасида сўз кетар экан, ўз касбининг фидойиси, эл ардоғидаги шифокор Роза Шарипова ҳақида гапирмасдан илож йўқ.

Барчага маълумки, баҳор фасли бошланиши билан инсонларни турли касалликлар безовта қила бошлайди. Айниқса, нафас олиш йўллари яллиғланиши, аллергия, қон босимининг кўтарилиши каби хасталиклар билан оғриган беморлар шифо истаб, Роза опага мурожаат қилишади.

Мана бир неча йилдирки, 1-Республика килиник шифохонаси “Ички касалликларни тиклаш ва реаблитация” бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган Р. Шарипова ҳамкасблари ардоғида. Инсонга исм қўйилар экан, “исми жисмига мос бўлсин”, дея ният қилинади. Бу бежиз эмас, албатта. Роза опани атрофдагилар атиргулга қиёс қилишади. Беморлар опага қараб, “ана, ўзимизнинг оқ атиргул келяпти”, дея алқаб қўйишади.

– Устозларимиз “инсонларга фойданг тегиши олий бахт”, – деб ўргатишган. Бу ўгитнинг нечоғлик ҳақиқат эканига бир неча йиллик иш тажрибам мисолида гувоҳ бўлиб келмоқдаман. Беморлар дардидан фориғ бўлиб, миннатдорчилик билдирса, хурсанд бўламан. Шундай кезларда шарафли ва машаққатли касб соҳибаси – шифокор эканлигимдан қалбим қувончга тўлади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Ушбу ислоҳотларни ҳаётга кенг татбиқ этилишида шифокорлар муҳим ўринга эга. Шундай экан барча оқ халатлий фаришталарга асло қўлингиз дард кўрмасин, деймиз.

 

Васила ПЎЛАТОВА

Яна ўқинг:  Услуб қироличаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: