НАҚШИНКОР ДЎППИЛАР СЕҲРИ

Кўҳна ва навқирон Самар­қанд шаҳрининг “Чорсу” галереясида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ҳунармандлар томонидан яратилган ноёб 250 та дўппи нусхаларининг кўргазмаси иш бошлади. Ушбу кўргазма Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси ва “Чорсу” тасвирий санъат галереяси томонидан ташкил этилди.

Ўзбек халқида дўппи бошни турли салбий таъсир ва ёмонликлардан асровчи восита сифатида қадрланади. Шу сабабли ҳам аҳоли бу бош кийимларини ардоқлаб, баландроқ жойга қўйиб, асраб-авайлашган.

Дўппи нафақат ўзбек халқининг, балки Ўрта Осиёда яшовчи бошқа халқларнинг ҳам севимли бош кийими саналади. Аждодлардан авлодларга дўппиларнинг турли нусхаларини тикиш мерос бўлиб, ўтиб келмоқда. Шунингдек, дўппилар қадрият ва анъаналарнинг ажралмас бир қисмидир, десак муболаға бўлмайди.

Дўппи сўзининг асл ўзаги ҳам туркий тилда – тепа, дўнглик деган маънони англатади. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида дўппи қалпоқ деб аталса, лоқай уруғидагилар уни “такя”, “такия”, Хоразм аҳолиси “тахя” номи билан юритади.

Дўппининг яратилиш тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Бу бош кийимга ўхшаш нусхаларни қадимги ҳайкалчалар, тангалар, деворларга солинган расмларнинг парчаларида ва ўрта асарларда чизилган миниатюраларда учратиш мумкин.

Асосан хотин-қизлар дўппи тикиш билан шуғулланишган. Ҳар бир ҳунарманд дўппининг бетакрор, янги нусхаларини яратишга ҳаракат қилган. Шу сабабли ўзбек дўппилари ўзига хослиги билан ажралиб турган. Халқ амалий санъатининг ноёб дурдонаси бўлмиш дўппи тикиш санъатида бир-бирини такрорламайдиган, атиргул, чиннигул, гулсафсар, лола, хўроз тожи, бодом, қалампир, бодом гуллари, товус, хўроз, булбул тасвирлари ўз аксини топган.

Айниқса, дўппиларда тасвирланган бодом шакли бахт ва тўкин-сочинлик рамзи, тириклик, ҳаёт тимсоли ҳисобланади. Бу бош кийими тўртбурчак, думалоқ, конуссимон кўринишда тикилади. Дўппи асосига оқ, қора, яшил, қизил, тўқ кўк мато ишлатилади. “Ироқи”, “босма”, “пилтадўзи”, Бухоро дўппилари эса зар иплар билан “зар­дўзи” усулида яратилади.

“Нақшинкор дўппилар сеҳри” кўргазмаси март ойининг охиригача давом этади.

Ф.БАҲРИДДИНОВА,

музей-қўриқхона катта илмий ходими

Яна ўқинг:  Юқори холестеринга қарши биринчи вакцина одамда синаб кўришга тайёр

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: