ПЎЛАТДАРХОНДАГИ ЗАМОНАВИЙ УЙЛАР

Самарқанд шаҳридан чиқиб, Оқдарё туманига кириб борар экансиз, Зарафшон дарёси ёқасида бунёд этилган кўркам уй-жойлар эътиборингизни тортади. Негаки, бу уйлар бошқа қишлоқлардаги каби паст-баланд, турли ўлчам ва кўринишда эмас, барчаси мукаммал лойиҳа асосида, ҳар томонлама замонавий қилиб қурилган. Кенг ва равон кўчалар, улар атрофидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, болалар спорт майдончалари, ҳатто йўл четидаги яшил майсазору янги экилган дарахт кўчатлари ҳам бир-бирига уйғун, бир-бирини тўлдиради.

Бу маскан – кейинги йилларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилган Пўлатдархон маҳалласи.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида юртимизнинг барча ҳудудида бўлгани сингари Самарқанд вилояти қишлоқларида ҳам намунавий лойиҳа асосида уй-жойлар барпо этишга киришилди. Халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган турмуш шароити яратиш, қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли фаровонлигини ошириш каби эзгу мақсадлар билан бошланган ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли дастлаб 2009 йилда Жомбой, Пастдарғом ва Пахтачи туманларининг ҳар бирида йигирматадан уй-жойлар бунёд этилди. Кейинчалик вилоятнинг барча туманидаги қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида турар-жойлар қурилиши бошланди ва ўтган тўрт йил давомида барча шарт-шароит ва имкониятларга эга 2300 дан зиёд ана шундай замонавий уй ­бунёд этилиб, аҳолига узоқ муддатли, имтиёзли банк кредитлари асосида берилди.

Оқдарё туманидаги Пўлатдархон маҳалласида 2010 йилда йигирмата янги уй-жой қурилиб, бу уйларда қишлоқ аҳли шаҳардагидек шароитда турмуш кечира бошлагач, ҳудудда қуриладиган уйларга талабгорлар кўпайди.

Натижада 2011 йилда 69, ўтган йилда эса 169 янги уй барпо этилиб, ўз эгаларига топширилди.

– Маҳалламизнинг ушбу ҳудудида замонавий уй-жойлар билан бирга таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, болалар спорт майдончалари бунёд этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Пўлатдархон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Содиқ Абдиев. – Жумладан, янги қурилган 140 ўринли 25-умумтаълим мактабида бугунги кунда маҳалладошларимизнинг фарзандлари таълим-тарбия олмоқда. Компьютер синфи, фан лабораториялари, очиқ спорт майдонлари мавжуд муассаса келгусида кенгайиб, қўшимча ўқув биноси ва спорт зали қурилиши режалаштирилган. Мактаб яқинида жойлашган “Қирқдархон” қишлоқ врачлик пункти эса маҳалламизнинг уч мингдан зиёд аҳолисига намунали тиббий хизмат кўрсатаётир. Муассаса зарур тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминлангани боис барча ёшдаги кишиларга шу ернинг ўзида бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд. Ўтган йили маҳалла фуқаролар йиғини ва милиция таянч пункти учун янги бино қурилди. Профилактика инспектори Абдусобир Ботиров билан бир бинода фаолият кўрсатишимиз маҳаллада осойишталикни таъминлаш ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, вояга етмаганлар билан ишлаш борасида яқин ҳамкорлик қилишимизда муҳим омил бўлмоқда. Бу саъй-ҳаракатларимиз туфайли ўтган йили маҳалламизда бирорта жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилмади. Милиция таянч пунктимиз яқинда ўтказилган “Намунали милиция таянч пункти” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлди ва “Матиз” автомашинаси билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  Олимлар сериал томошасининг ҳам фойдаси борлигини исботлади

Ҳудудда бир неча савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари фаолият кўрсатмоқда. Улар қаторига яқинда яна бир йирик мажмуа — аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази қўшилади. Гўзаллик салони ва сартарошхона, уй-рўзғор буюмлари тузатиш устахонаси каби шоҳобчаларни ўз ичига оладиган ушбу комплексда йигирмага яқин янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари, жорий йилда маҳаллада яна олтмишта янги уй-жой ва болалар боғчаси қуриш ишлари жадал давом этмоқда.

Маҳалла аҳли шу кунларда Наврўз байрами олдидан юртимиз бўйлаб кенг кўламда амалга оширилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этиб, янги ҳовлилар ва уларнинг атрофида эзгу ниятлар билан дарахт кўчатлари ўтқазмоқда. Ҳар бир хонадон бекаси ўз уйи олдида гулзорлар ташкил этаётир. Янги қўшнилар биргаликда сумалак тайёрлаб, байрам тадбирларига тайёргарлик кўрмоқда.

– 2010 йилда қурилган уйлардан бирини харид қилган эдик, – дейди янги уй соҳибаси, 25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Азиза Нурмуродова. – Ўшанда бу ерда 15-20 нафар қўни-қўшни яшаган бўлсак, бугун маҳалламиз анча кенгайди. Кишлоғимизда шаҳардагидек шароит яратилди. Болаларимиз дарсдан бўш вақтларида фан ва спорт тўгараклари машғулотларида қатнашади. Маҳалламиз марказидаги спорт майдончаси ҳам доимо болажонлар билан гавжум. Умуман, янги уйлар қурилиши билан қишлоғимизда янгича турмуш маданияти қарор топди. Айниқса, биз, аёлларнинг оғиримиз енгил бўлди. Бунинг учун Прези­дентимиздан беҳад миннатдормиз.

Қишлоқларимизда бунёдкорлик ишлари кўлами йил сайин кенгайиб, халқимиз турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилгани ва давлатимизнинг халқпарвар сиёсатининг амалий ифодасидир.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: